Фан-техника | 22:44 / 26.08.2017
10617
2 дақиқада ўқилади

Янги Porsche Cayenne кроссоверининг илк суратлари пайдо бўлди

Porsche автомобилсозлик компанияси янги авлоддаги Porsche Cayenne машинасини 29 августда тақдим қилинишини расман эълон қилди. Ҳозирча эса машинанинг ташқи ва ички кўриниши билан танишиш имконияти пайдо бўлди. Машинанинг суратлари AutoExpress сайтида жойлаштирилган, бироқ айни вақтда суратлар жойлаштирилган саҳифа ўчириб ташланган.

Суратлардан Cayenne’нинг янги авлоди аввалгисига нисбатан туб ўзгаришларга учрамаганини кўриш мумкин. Бироқ машинанинг орқа қисми деярли тўлиқ янгиланган. Мисол учун, чироқлар дизайни янги Porsche Panamera моделиники каби бажарилган, орқа спойлер эса кўпроқ кўзга ташланувчи қилиб ишланган. Иккита тўғри тўртбурчак шаклидаги газларни чиқариш қувурига кўра суратда машинанинг илк версияларидан бири тасвирланганини тахмин қилиш мумкин, унинг қимматбаҳо вариантларида қувурлар 4 та бўлади.

“Кайен”нинг ички дизайнини яратишда ҳам “Панамера”дан андоза олинган: куч қўллаган ҳолда бошқариладиган органлар миқдори анча камайган, улар ўрнига сенсор панеллар ва экранлар, жумладан ахборот-кўнгилочар дисплейи келган.

Янги Porsche Cayenne Volkswagen Group концернининг MLB Evo платформасида яратилган. Бу платформа янги Audi Q7’да ҳам қўлланган. Дастлаб “Кайен”нинг 6 ва 8 цилиндрли бензин двигателга эга версиялари сотувга чиқарилади. Унинг дизель двигателли версиялари чиқарилиши “дизелгейт” можароси сабабли ҳозирча ушланмоқда.

Суратлар манбаси: kolesa.ru

Мавзуга оид