МДҲ кинологлари Тошкентда йиғилди
2017 йил 14 сентябрь куни Давлат божхона қўмитасининг Миллий кинология маркази томонидан оммавий ахборот воситалари учун мазкур марказнинг кинология соҳасида халқаро ҳамкорлик борасида амалга ошириётган чора-тадбирлари ва уларнинг самарасига бағишланган матбуот анжумани ташкил қилинди.
Тадбирнинг айни шу кунларда ўтказилгани бежиз эмас. Боиси, жорий йилнинг 10-16 сентябрь кунлари Миллий кинология маркази Мустақил давлат ҳамдўстлигига аъзо давлатлар ўртасида кинология соҳасидаги ҳамкорликни янада кучайтиришга қаратилган бир қатор нуфузли тадбирларга мезбонлик қилмоқда.
Муҳим ҳафталик доирасидаги тадбирларга МДҲ давлатлари божхона хизматлари раҳбарларининг кинология фаолияти бўйича Ҳуқуқни муҳофаза қилиш бўлинмалари бошлиқлари қўмитаси Ишчи гуруҳининг ўн еттинчи мажлиси, МДҲ давлатлари божхона маъмуриятлари кинология хизматларининг кўпкураш бўйича VII мусобақаси, Наркотик воситаларни излаш учун хизмат итларини тайёрлашга янги замонавий услубларни татбиқ этиш масалалалари бўйича амалий семинар ҳамда Ўзбекистон ва Беларусь божхонаси кинология хизматлари вакилларининг икки томонлама ишчи учрашувлари киритилган.
Мазкур тадбирларда иштирок этиш учун пойтахтга Беларусь, Озарбойжон, Россия, Қозоғистон ва Қирғизистондан вакиллар ташриф буюришди.
Ҳафталикнинг ёрқин тадбирларидан бири МДҲ давлатлари божхона маъмуриятлари кинология хизматларининг кўпкураш бўйича VII мусобақаси бўлиб, 14 сентябрь куни ушбу беллашувнинг тантанали ёпилиши ва ғолибларни тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди.
Миллий кинология маркази ва Олий ҳарбий божхона институтининг амалий машғулотлар майдонида 3 кун давомида бўлиб ўтган мазкур мусобақада 13 нафар кинологлар ўз хизмат итлари билан багаж ва қўл юкида, енгил ва юк автотранспорт воситаларида, хоналарда гиёҳванд воситаларни қидириш, буйруқларга бўйсуниш каби бир нечта йўналишларда ўз маҳоратларини синовдан ўтказишди.
Кинологларнинг профессионал тайёргарлигига баҳо берилган мазкур мусобақалар шунчаки беллашув эмас, балки хизмат итларини тайёрлашда янги билим ва кўникмаларни намойиш қилишнинг ўзига хос майдончаси вазифасини ҳам бажарди дейиш мумкин.
Наркотик воситаларни багажларда излаб топишда Қирғизистон, енгил автомашиналардан излаб топишда Ўзбекистон, юк авттомашиналари, бино ва иншоотларда излаб топишда эса Россия кинологлари тенгсиз эканлиги исботлашди.
Якуний натижаларга кўра, “Қора”, “Майкл” ва “Квикс” лақабли хизмат итлари билан мусобқада иштирок этган 3 нафар кинологдан иборат Ўзбекистон жамоаси 1 ўринни қўлга киритди.
Айниқса, Садриддин Ибрагимов ўзининг “Қора” лақабли хизмат ити билан шахсий кўрсаткичларига кўра энг юқори баллни жамлади. Шунингдек, ушбу ит эгасига итоаткорлиги ва буйруқларни аниқ бажариши билан ҳам меҳмонлар эътиборини қозонди.
Мусобақа жадвалининг кейинги ўринларини эса Россия ва Беларусдан келган кинологлар забт этишди. Ғолибларни тақдирлашга бағишланган тантанали маросим давлатимиз мадҳияси садолари остида бошланди ва фахрий қоровул саф тортди.
Тадбирда сўзга чиққан Давлат божхона қўмитаси Раиси ўринбосари М.Салиев кинологларнинг мусобақадаги фаол иштироки учун миннатдорчилик билдирди ва эришган ютуқлари билан қизғин муборакбод этди. Маросим давомида ғолибларга мусобақа Кубоги, диплом ва медаллар ҳамда эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.
Таъкидлаш жоизки, ҳафталик давомида Беларусь, Озарбойжон, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон кинология хизматлари раҳбарларининг иштирокида “Гиёҳванд моддаларни қидиришда хизмат итларини янги замонавий услубда тайёрлаш ва божхона органларининг кинология хизматига тадбиқ этиш” мавзусида бўлиб ўтган амалий семинар ҳам ҳафталикнинг энг муҳим тадбирларидан бири сифатида эътироф этилди. Мазкур мулоқот кинология соҳасида янги замонавий билимларни ўзаро ўртоқлашиш ва тажриба алмашишда муҳим роль ўйнаши, шубҳасиз.
Ҳафта якунида эса МДҲ давлатлари божхона хизматлари раҳбарларининг кинология фаолияти бўйича Ҳуқуқни муҳофаза қилиш бўлинмалари бошлиқлари қўмитаси Ишчи гуруҳининг ўн еттинчи мажлиси бўлиб ўтди. Унда ўзаро ҳамкорликка оид муҳим ташкилий масалалар кўриб чиқилди.
Миллий кинология марказининг халқаро ҳамкорлик бўйича фаолиятида икки томонлама мулоқотлар тобора мунтазамлик касб этиб бормоқда. Шу жиҳатдан олиб қаралганда, тадбирлар мундарижасига киритилган Ўзбекистон ва Беларусь божхонаси кинология хизматларининг икки томонлама учрашуви ҳам самарали кечиши кутилмоқда.
Ҳафталик маданий тадбирларни ҳам ўз ичига олган бўлиб, меҳмонлар Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий мемориал мажмуа ҳамда Алишер Навоий номидаги давлат опера ва балет катта академик театрига ҳам ташриф буюришади. Шунингдек, пойтахтнинг диққатга созвор гўшалари бўйлаб экскурсиялар ҳам уюштирилади.
Матбуот анжуманида ҳафталикнинг бориши ва якунлари бўйича, шунингдек халқаро ҳамкорлик борасида келгусида режалаштирилган чора-тадбирлар ҳақида Миллий кинология маркази директори А.Турсунов журналистларга батафсил ахборотлар берди.
Мавзуга оид
18:52 / 23.11.2024
Президент Тошкентда «Хушнуд» маҳалласи аҳолиси билан учрашди
16:37 / 23.11.2024
Шавкат Мирзиёев: Тадбиркор — иқтисодиёт пойдевори, давлат таянчи
10:51 / 23.11.2024
Тошкент аэропортида эшитиш қобилияти чекланган шахслар иш бошлади
17:02 / 22.11.2024