Жамият | 12:00 / 18.09.2017
42031
6 дақиқада ўқилади

Баҳриддин Чустий рекорд палов, тахаллус ва ошпазлик ҳақида

Фото: Facebook / Баҳриддин Чустий

Ўзбек миллий таомлари дунёдаги энг ҳайратланарли ва мазали ошхона сифатида кўп бора тилга олинган. Албатта, бунда ошпазларимизнинг ҳам ўрни беқиёс. Зеро, айнан улар туфайли миллий таомларимизни бир бора татиб кўриш учун Ўзбекистонга ташриф буюрадиган сайёҳлар сони кўп. 

Бугунги кунда миллий таомларимизнинг энг моҳир ошпазларидан бири сифатида эътироф этилувчи Баҳриддин Чустий ҳақида эшитмаган инсоннинг ўзи йўқ. «Oshxona.uz» бренди остидаги умумий овқатланиш тармоғи: «Oshxona.uz» (Тошкент, Наманган), Chustiy’s Cuisine, Tez Food кафеларига эгалик қилувчи машҳур ошпаз кўплаб таниқли давлат арбоблари, сиёсатчилар учун ўзбек миллий таомларини тайёрлаб берган, турли халқаро танловларда бир неча марта ғолиб чиққан.

KUN.UZ таҳририяти Баҳриддин Чустий билан интервью уюштириш мақсадида учрашди. Мулоқот давомида турли долзарб масалалар бўйича ажойиб суҳбат бўлиб ўтди.

Рекорд палов ҳақида

Ўзбек паловини Гиннесснинг рекордлар китобига киритиш фикри 2010 йил хаёлга келган эди. Ҳаракатларни 2011 йилда Хушнудбек Худайбердиев билан бирга бошлагандик. У пайтда мен Туркияда, у Тошкентда эди ва инглиз тилига таржима қилиб, Гиннесс рекордлар китобининг ташкилотчилари билан алоқага чиққан эди. Орадан 4-5 ой ўтиб, биринчи жавоб хатини олдик. Унда шундай шартлар бор эдики, тайёрланадиган таом гуручли бўлиши шарт, палов деган номинация йўқ, у бир идишда қилиниши шарт ва таомнинг 80 фоизи гуручдан иборат бўлиши керак эди. Бироқ, ўшанда бу нарса бироз тўхтаб қолди. 2014 ёки 2015 йилда Гиннессда шартлар бироз ўзгарди: гуручли таом номинацияси қолди, лекин хоҳлаганча маҳсулот солишга рухсат берилди. Сўнг яна мактуб ёздик. Жавобни олганимиздан сўнг, Ўзбекистондаги ошпазлар, тадбиркорлар, сармоядорлар билан кўришдик ҳамда бу нарсани амалга ошириш устида маслаҳатлашиб олдик. Улар унча эътибор қилишмади. Июль ойларида Milliy телеканал билан «Ўзбегим» номли лойиҳа қилган эдик. Сўнг ўша лойиҳа асосида миллий фестивални ташкил этишга ҳозирликни бошлаб юбордик.

Рекорд билан боғлиқ турли миш-мишлар

Бундай ҳар хил гап-сўзлардан бошида бироз ранжидим, тушкунликка тушган ҳолатларим ҳам бўлди. Сабаби Олмалиқда илк маротаба репетиция қилганимизда шундай муносабатлар бошланган эди. Шундай бўлиши тахмин қилинганди ва шунинг учун репетиция пайтида бунга эътибор қилмадим. Бу нарса исроф бўлган, деган фикрдан тамомила йироқман. Чунки тадбир куни Сайилгоҳ кўчасига норасмий маълумотларга кўра, 150 минг одам келган. Ошимиз эса бирма-бир тарқатганда 20 минг кишига етарди, холос. Шундай ўлчамдаги яна 7та қозонда ош қилинганда ҳам исроф бўлмасди. Ундан ташқари, палов мурувват ва саховат уйлари, нуронийлар уйларига тарқатилди. Бу дегани – шундай қозондан яна 10та бўлса ҳам кетарди. Одамлар жуда кўп келди, ҳамма ош билан таъминланган бўларди. Исрофга умуман йўл қўйилмади. Қозон балки ўзбек ошхонасига оид музейдан жой олар. Аминманки, келаси сафар яна шундай тадбирни мукаммалроқ қилиб уюштириб, балки пуллик қилиб, олдиндан дастурларни эълон қилинса, турли давлатлардан кўплаб сайёҳлар ташриф буюради. Кўпинча «Халққа бундан нима фойда?» дейишади. Тўғри, халққа қандайдир моддий ёки маънавий фойда бўлмаслиги мумкин, лекин бундан биринчи навбатда давлат, юрт манфаатдор бўлади. Қачонки давлат манфаатдор бўлса, шундан кейингина халққа манфаат бўлади. Кўчат ўтқазилгандан сўнг, у эртасигаёқ мева бермайди. Бу экилган ниҳол, қадалган уруғ, у мева беради.

Чустий тахаллуси ҳақида

Бундан 12-13 йил муқаддам турли ижтимоий тармоқлар бўлмасди, у пайтларда форумлар бор эди. Ўша ерларда рўйхатдан ўтмоқчи бўлганимда, барча танлаган никнеймлар банд эди. Сўнг шундай тахаллусни олиш ҳақида фикр пайдо бўлди. Орадан маълум бир вақт ўтгач, шу тахаллус билан қолдим. Аслида, бунга Чустдан бўлганим сабаб. Одамларга Баҳриддин дейилса, кўпчилик танимайди. Чустий дейишса дарҳол билиб олишади. Интернет ҳам бунга туртки бўлган.

Ошпазлик

Мен ҳеч қачон ва ҳеч ерда ошпазлик соҳасида идеаллик, етакчиликка даъвогарлик қилмаган ва қилмайман ҳам. Фақат, бошқа ошпазлардан озгина ютуқли томоним – интернетда ўзбек ошхонаси ҳақида гапириш, ёзишни сал олдинроқ бошлаганим. Гоҳида ошпазлик фақат аёллар хос, деган гапларни эшитиб қоламиз. Шуни қўшимча қилиб айтган бўлардимки, ошпазлик билан пазандаликнинг фарқи бор. Пазандалик бекалар ва кундалик юмуш учун, ошпазлик эса бу – касб.

Баҳриддин Чустий билан суҳбат яна анча узоқ давом этди. Мижозлар энг кўп ташриф буюрадиган вақтда KUN.UZ мухбири билан мулоқот ўтказган машҳур ошпазимиз билан турли қизиқарли мавзулар устида дилдан суҳбат қурилди. Ошпазга ўзбек миллий ошхонаси обрўсини янада ошириш бўйича ишларида омад тилаб қоламиз.

Мавзуга оид