«Хитойга бошқа қайтиб келма!». Тевесни Хитойда қанчалик ёмон кўришлари ҳақида
Ўтган йилнинг охирида Карлос Тевес тўсатдан «Бока Хуниорс»ни тарк этиб, «Шангҳай Шенхуа» жамоасига ўтганди. Саргузаштлар бунга арзирди – Хитой клуби футболчига 40 миллион евро йиллик маош ваъда қилганди. Бу сумма Карлосни дунёдаги энг кўп маош оладиган футболчига айлантирди. Аргентина клуби мухлислари Тевесдан хафа бўлишди ва унга Европадан келганда Тевеснинг ўзи айтган бир иборани эслатишди – «бахтни ҳеч қандай пулга сотиб олиб бўлмайди».
Goal.com нашрининг таъкидлашича, трансфер хитойликлар учун 71 миллион фунтга тушган. Шартномада Тевес муддатидан олдин «Бока»га қайтиши мумкинлиги, у ҳолда аргентиналиклар «Шангҳай Шенхуа»га трансфер қийматининг 60 фоизини қайтариши кераклиги кўзда тутилганди. Тевеснинг ўзи бу трансфернинг сабаби сифатида, «Бока» футболчиларига ҳаддан ташқари босим борлигини айтган, аммо албатта қайтишга ваъда берганди.
Daily Mail нашрига берган интервьюсида Карлос маош масаласида имкон қадар гап очмасликка уринган – «Менимча, бундай масалаларни ҳар ерда айтиб юриш тўғри эмас. Бу жамоадаги шерикларимга нисбатан ҳурматсизлик бўлади. Аниқ суммани айтмайман, лекин айтишим мумкинки, матбуотда ёритилаётган суммалардан кўра, камроқ оламан», – деганди аргентиналик ҳужумчи.
Хитой жамоаси Тевес билан илк ўйинни Австралиянинг «Брисбен Роар» клубига қарши ўтказди ва 0:2 ҳисобида бой бериб, Осиё Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичига ўта олмади. Ўшанда ҳаммасини адаптация жараёни билан боғлашди ва Тевесга ишонишда давом этишди.
Аммо ҳадеганда мўъжиза содир бўлавермасди. Тевес доим нимадандир шикоят қилар, унга гоҳ ноодатий ўйин темпи, гоҳ ноқулай машғулотлар, гоҳида маҳаллий овқатлар ёки турмуш тарзи ёқмай қоларди. Айниқса, овқат масаласи, Тевес ҳатто Манчестерда яшаганида ҳам шаҳарда атиги иккита қониқарли ресторан борлигини айтган, Хитойда ундан бадтар бўлиб чиқди. Жамоа бош мураббийи Густаво Пойет ҳам илк кунларда Тевеснинг умуман овқат емаганини айтганди.
Хитойда твиттер ўрнини босадиган ижтимоий тармоқ бўлмиш Weibo да мухлислар Тевесни шунақа кўп танқид қилишадики, Сергеев ҳеч нарса эмас. Тевеснинг мавсум ярмини ўйнамай ўтказиб юборгани, майдонга тушган 12 ўйинида атиги 2 гол ургани, ҳафтасига 634 минг фунт маоши уёқда турсин, айниқса, футболчининг ҳар доим Аргентинага қайтиб кетмоқчи бўлавериши ҳам барчанинг жонига тегиб улгурган. Ҳар қандай футболчининг майдонда муаммолари бўлишини тушунишса ҳам, бу маошга ҳеч бўлмаса Тевесдан бор имкониятини ишга солишини талаб қиладилар.
Апрелда Тевес жароҳатланди, «Шангҳай Шенхуа» эса, усиз «Чанчун Ятай»ни енгиб, уч ўйиндан иборат ғалабасиз сериясига якун ясади. Ўйин пайтида Тевес стадионда эди, у жамоасини қўллаб-қувватлар, эҳтирос билан киритилган голларни нишонлар, жуда хурсанд эди. Аммо уни кўрган мухлислар хурсанд эмасдилар – биринчидан, улар жамоа Тевессиз яхшироқ ўйнашини тушуниб қолишди, иккинчидан, ўйиндан олдин Тевес оиласи билан бемалол Диснейлендда юрганини кўриб қолишган, матбуотда футболчининг ҳеч қандай жароҳати йўқлиги ҳақида хабарлар чиқиб бўлганди.
«Шангҳай Шенхуа» қайсидир жиҳатидан «Ливерпуль»ни эслатади, жамоа 90-йиллар бошида жуда кўп совринларни ютган, аммо 1995 йилдан бери омадсизлик гирдобига ботиб қолган. Айнан шунинг учун Тевесни бўлажак қутқарувчи қаҳрамондек кутишганди. Жамоа Тевес билан 12-ўринга тушиб кетгач, мухлисларга баттар алам қила бошлади, уларни тушунса бўлади.
Бунинг устида Тевес интервьюларда оғзига келганини гапириб юбораверарди:
«Менимча, Хитой клублари ҳеч қачон Европа клублари билан рақобат қила олишмайди. Ҳатто барча юлдузларни сотиб олган тақдирда ҳам, бу ерда футбол бошқача, мухлислар бошқача. Яқин 50 йилда ҳам Хитой футболи у ердаги даражага яқинлаша олмайди. Хитойлик футболчиларнинг техникаси у қадар кучли эмас, ана энди, легионер футболчилар билан ўйнаб, бироз кучайишса керак. Аммо улар жуда бесунақай, атайлаб бўлмасаям, жароҳат етказишлари мумкин” – деганди у South China Morning Post га берган интервьюсида.
Августда Тевес яна мушаклардан жароҳат олди ва даволангани Буэнос Айресга кетиб қолди. Хитойлик мухлислар унга яна ишонишмади ва Тевесга «уйини жуда соғинган болакай» деб лақаб қўйишди. Тевесга, у кетаётганда, албатта Хитойга қайтиб келиши борасида қоғозга имзо қўйдириб олишганди, ҳатто.
Ижтимоий тармоқлар гумбурлади.
«Қайтиб келма, ўзим сенинг юкларингни жўнатиб юборишни зиммамга оламан»
«Уятсиз Тевес барибир Аргентинага кетиб қолди. Қайтиб келма!»
«Шенхуа»нинг энг қимматбаҳо ва энг ёмон легионери»
Кузга келиб, норозилик янаям кучайди. Омадсиз трансферлар бўйича барча рейтингларни Карлос Тевес бошқарарди.
«Бока»га қайтишим осон эмас, шартнома жуда мураккаб тузилган», – деди футболчи яқинда берган интервьюсида.
Ҳақиқатан ҳам, 33 ёшга кирган ва футбол ўйнашга қизиқмай қўйган Тевес учун трансфернинг 60 фоизини – 42.5 миллион фунтни тўлаш учун «Бока» ақлдан озган бўлиши керак.
Бош мураббий Пойет охиригача Тевесни ҳимоя қилишга ҳаракат қилди.
«Барча қийинчиликларга қарамасдан, Тевес – жамоамиздаги энг муҳим футболчи. Унинг клубга келиши хато эмасди, айнан Тевеснинг трансфери бутун дунёда Хитой футболига бўлган қизиқишни ошириб юборди. Мен Тевеснинг Аргентинада берган интервьюсини ўқидим, у аниқ қилиб, мавсумни юқори савияда якунлашни ўйлаётганини айтди. Тевеснинг бутун фикри жамоа билан боғлиқ айни дамда», – деганди уругвайлик мураббий.
11 сентябрда эса клуб раҳбарларининг сабр косалари тўлди. Густаво Пойетни истеъфога чиқариб юборишди. Жамоага маҳаллий мураббий Ву Цзин Су тайинланди. Унинг жамоадаги биринчи иши Тевес ва Гуаринни таркибдан чиқариб юбориш бўлди.
«Тевес жисмонан тайёр эмас ва уни майдонга туширмайман. Унда ортиқча вазн бор. Гуаринда ҳам шундай. Жамоага мен жавоб берар эканман, барча масъулият менинг бўйнимда. Ўйнай олмайдиган футболчиларни заявкага киритишдан мантиқ йўқ», – деди янги мураббий.
Ҳеч кимга хурсандчилик олиб келмаётган лаънати шартнома 2018 йилнинг охиригача тузилган.
Мавзуга оид
23:59 / 29.07.2023
Кавани – «Бока Хуниорс» футболчиси
16:20 / 24.10.2022
«Бока Хуниорс» — 29 карра Аргентина чемпиони
10:20 / 25.11.2018
Либертадорес кубоги финали учрашуви тартибсизликлар сабабли бир кун кейинга кўчирилди
08:55 / 12.09.2018