Жаҳон | 08:27 / 19.09.2017
12317
2 дақиқада ўқилади

Трамп: БМТни буюк қиламиз!

Фото: Reuters

БМТ ўзининг ислоҳ қилиниши бўйича анжуман ўтказди. Анжуманда АҚШ президенти Дональд Трамп БМТ номига танқидий фикрлар билдирди.

Унинг айтишича, халқаро ташкилот ўз салоҳиятини тўлиқ намоён қилмаган. АҚШ президенти ташкилотнинг ислоҳ қилинишини тўлиқ қўллаб-қувватлашини айтган.

Трамп БМТ бош котиби Антониу Гутерришни ислоҳотлар ўтказиш истаги йўлидаги саъй-ҳаракатлари учун мақтаган. 

Трамп, шунингдек, ўзининг сайловолди шиори бўлган “Американи яна буюк қиламиз” иборасини БМТга қўллаб, уни “буюк қилишга” ваъда берган.

Оқ уй матбуот хизмати маълумотларига кўра, саммит вақтида Трампга унинг БМТга билдирадиган тилаги қандайлиги ҳақида савол беришган. “Ўйлайманки, тилак шундай: “БМТни буюк қиламиз! “Яна” эмас, шунчаки буюк қиламиз. Шундай катта салоҳият мавжуд. Ўйлайманки, биз буни қила оламиз”, деб жавоб қилган Трамп.

Ўз навбатида, БМТ бош котиби ислоҳотлар ташкилот ўз вазифаларини самарали бажариши учун зарурлигини таъкидлаб ўтган.

“Одамлар ночорлик ва ўз ҳолига ташлаб қўйилган ҳолда яшамоқдалар, низолар қурбонларига айланмоқдалар, уларнинг ҳуқуқлари инобатга олинмаяпти ва қадр-қимматлари поймол қилинмоқда. Ўз орзу ва ғояларини рўёбга чиқармоқчи бўлганлар ҳам ёрдамимизга муҳтожлар. Айнан улар ҳамда ўз меҳнати билан ташкилотнинг фаолиятини молиялаштираётган солиқ тўловчилар учун ислоҳотлар ўтказишимиз зарур. Ислоҳотлар БМТ байроғи остида ҳаётий муҳим ишни бажараётган барча учун зарур”, деб айтган Гутерриш. 

Охирги маълумотларга кўра, АҚШнинг БМТни ислоҳ қилиш бўйича таклиф қилган декларациясини 142 та давлат қўллаб-қувватлади.

Мавзуга оид