Спорт | 17:20 / 20.09.2017
11603
5 дақиқада ўқилади

Рио Фердинанд: Футболдан боксгача синовли йўл

 

«Манчестер Юнайтед»нинг собиқ сардори Рио Фердинанд профессионал бокс билан шуғулланмоқчи эканини маълум қилди. Бутун футбол фаолиятида Тьерри Анри, Дидье Дрогба каби ҳужумчиларни тўхтатиб қолиш билан шуғулланган ҳимоячи энди профессионал боксчиларга қарши тўқнаш келади. Ва уни эътиборга олиш керакки, бу қарор Рио Фердинанд учун пиар ёки ўзини эслатишга бўлган ҳаракат эмас.

Бокс Рио учун нафақат спорт карьерасини давом эттириш имконияти, балки, ўзига яраша юпанч вазифасини ҳам ўтади, дейиш мумкин. Унинг рафиқаси Ребекка ракка чалиниб вафот этгач, қаҳрамонимиз уч бола билан ёлғиз қолди.

Фото: BBC Sports

Рио Фердинанд – «Манчестер Юнайтед» ва инглиз футболи тарихида энг яхши ҳимоячилардан бири бўлди. Олти карра Англия чемпиони, Москвада бўлиб ўтган ЕЧЛ финалида сардорлик боғичида майдонда ҳаракат қилган, Англия терма жамоаси сардори. Унинг ҳимоя марказидаги Неманья Видич билан тандеми 21-асрда Англиядаги энг мустаҳкам ҳимоя қўрғони деб тан олинганди.

2014 йилда у «Манчестер Юнайтед»ни тарк этди ва бир йил «Куинз Парк Ренжерс»да ўйнади. У ердаги мавсум муваффақиятсиз кечди, жамоа Премьер Лигадаги ўз ўрнини сақлаб қололмади. Мавсум тугашига бир ой қолганда эса, Рионинг рафиқаси Ребекка кўкрак ракидан вафот этди. 2013 йилда муваффақиятли операция қилинган бўлса-да, Ребекканинг ҳаётини сақлаб қола олишмади.

Фердинанд уч бола билан ёлғиз қолди. У ҳаётида илк бор маиший юмушларга ўралашиб қолди – болаларни мактабга ва машғулотларга олиб бориш, уларга егуликлар тайёрлаб бериш, кийимларни тозалаш. Бу ҳақида Фердинанднинг ўзи ВВС томонидан олинган хужжатли фильмда сўзлаб берди. Кўп ича бошлади.

Аммо болалиги қашшоқ маҳаллаларда ўтиб, «Манчестер Юнайтед»нинг сардори даражасига етиб бора олган Рионинг ҳаёти доим қийинчиликларни енгиш билан ўтган – у бу сафар ҳам ўзини тезда қўлга ола билди.

Ҳозир у Англиянинг машҳур спорт телеканалида экпертлик қилади – у собиқ клубнинг ҳар қандай ўйинини мухлисларга таҳлил қилиб бериши, «Барселона» – «ПСЖ» ўйинида пенальти белгилаган ҳакамни бўралаб сўкиши, футболчилардан интервью олиши мумкин. Фердинанд твиттерда ҳам, инстаграмда ҳам жуда фаол, у ерда ўз ҳаётидан лавҳалар билан ўртоқлашади, болаларни қандай шуғуллантираётганини намойиш қилади.

Фото: BBC Sports

Рафиқасининг вафотидан сўнг, Риони ҳаётга қайтарган, яшаш тарзига ўзига хос мазмун олиб кирган машғулотлардан бири – тренажер зали бўлди.

«Бу ердаги машғулотларсиз, билмадим, ҳеч нарсани ўйламаслик, ҳаётимдаги ўзгаришлар ҳақида фикрламаслик учун яна қаерда, қандай жой топа эдим», – дейди у Mens Health журналига берган интервьюсида.

2017 йилнинг январида у инстаграмга шунчаки, жисмоний машғулотлардан ташқари, боксдан таълим олаётгани ҳақида ҳам видео қўйди. Ҳазиломуз тарзда Тайсон Фьюри, Тони Белл, Дэвид Ҳэй каби боксчиларни жангга чорлади. Ва мана энди, бугун, бу гаплар ҳазил эмаслигини, собиқ футболчи ҳақиқатан ҳам бокс билан жиддий шуғулланиш, ҳеч бўлмаса, бир маротаба рингга чиқиш учун бел боғлаганини кўриб турибмиз.

«Янги спорт турида ҳам ўзимни синаб кўриш  мен учун ҳақиқий чақириқ бўларди. Бокс – жисм учун ҳам, ақл учун ҳам ажойиб спорт тури. Бокс доим мени ўзига жалб этиб келган ва бу чақириқ – ўзимни кўрсатиш учун ажойиб имконият», – дейди 38 ёшли Рио Фердинанд.

ВВС Рио ҳақидаги янги хужжатли фильм учун машғулотларни суратга олиб бормоқда.

Медуза материал асосида

Мавзуга оид