Жамият | 20:03 / 24.09.2017
32946
2 дақиқада ўқилади

Бутунжаҳон бодибилдинг федерацияси президенти рингдаги илк жангидан кейин вафот этди

Бутунжаҳон бодибилдинг ва атлетикачилик федерацияси (WBPF) президенти, 32 ёшли Прадип Субраманиан 41 ёшли видеоблогер Стивен Лимга қарши Осиё жангчилик чемпионатининг (AFC) муай-тай қоидаларига кўра ўтган жангидан кейин шифохонада жон берди. Профессионал спортчи бўлмаган Субраманиан аслида бу жангга чиқиши керак эмас эди, бироқ суғуртадаги муаммоси сабабли рингга чиқиши тақиқланган бошқа иштирокчининг ўрнига жанг қилишга қарор қилганди.

Субраманиан жанг давомида кўплаб кучли зарбаларни ўтказиб юборган ва шундай зарбаларнинг биридан кейин ўзини ёмон ҳис қила бошлаган. Ҳакам жангни тўхтатиб, Лимга техник нокаут билан ғалабани берган. Субраманиан ғолиб тақдирланиши вақтида рингда бўлган ва бурчаклардан бирида бошини эгган ҳолда ҳолсизланганча турган. Сўнгра у шифохонага етказилган ва у ерда кечки вақт вафот этган.

"Мен жуда ҳам қайғудаман, аввал ғалабамдан хурсанд эдим, бироқ янгиликни эшитгач ўзимни хароб ҳис қилмоқдаман. Мен томондан чексиз ҳурмат қилинувчи жангчи Прадип Субраманиан охиратинг обод бўлсин", деб ёзган Лим Facebook’да. 

Ёзда ҳам америкалик боксчи Тим Хаг нокаутга тушгандан кейин ҳалок бўлганди. Май ойида эса ботсваналик 36 ёшли боксчи Герберт Нкабити жангдан кейин шифохонада вафот этган. 

Мавзуга оид