Жамият | 17:30 / 24.09.2017
89802
5 дақиқада ўқилади

«Нега у иш жойида эмас?» — Андроповдан қолган касаллик

Фото: gregorybknapp

Собиқ Совет давлатида антиқа бир удум сақланиб қолган эди: сайланган раҳбар умрининг сўнгги дақиқаларигача фаолият олиб боради. Унинг мотам маросимини ташкил этиш комиссиясига бошчилик қилган шахс кейинги раҳбар бўлган. Брежневнинг дафн маросимида Мавзолей минбарига чиқиб нутқ сўзлаган Юрий Владимирович Андропов ҳорғин, аммо келажакка боқиб турган тетик етакчи сифатида намоён бўлди. Айнан у партия етакчилигига даъвогарлик қилаётганди. 1982 йил давомида, умуман унинг фаолият даври мобайнида Андропов серғайрат ва меҳнаткаш киши сифатида атрофдагиларга ўрнак бўлишга ҳаракат қилган. Ҳар куни соат 9:00да иш жойида ҳозир бўлган раҳбар турли юмушлар билан кечки соат 11:00га қадар хонасида қолиб кетган кунлар кўп бўлган.

Якшанба кунлари идора котиби ва ходимларига жавоб бериб юборса ҳам, одатига содиқ қолган Юрий Владимирович иш столидан нари кета олмаган. Бу даврда уни Подмосковья дарахтзорларида сайр қилиб юриши, кеч тушмасидан уйга эрта қайтганига гувоҳ бўлганлар жуда кам. Ўрмондаги дарахтларни севган Андропов кўп маротаба у жойда яшаб қолишни, нафақага чиққанда эса хотира китобини табиат қўйнида тугаллашни орзу қиларди.

Ҳар куни Андропов бир талай ҳужжатлар билан мунтазам ишлашга тўғри келган, шундан бўлса керак, унинг бир суткада 600 саҳифали матнларни ўқиб чиққанига шубҳа қилмасак бўлар, аммо...

Унинг ҳаракатчанлиги ва кўп вақт ишда қолиб кетиши емирилиб бораётган касаллигини янада тезлаштирди. Шунга қарамай, у мураккаб бир даврда СССР давлатини олға бошлаб бориш учун кўпроқ меҳнат қилиш керак, деб ишонган. «Огонек» журналида хирург, академик Петровскийнинг «Ҳокимият ва соғлиқ» номи остида чоп этилган мақоласида шундай дейилади: «Атрофдаги ҳодисаларга қай кўз билан қараш раҳбарнинг ишчанлиги, бир тўхтамга кела олишидан ташқари, унинг соғлиғига ҳам боғлиқ. Давлат бошқаруви ва раҳбарнинг соғлиғи ўртасида сўзсиз алоқадорлик мавжуд».

Юқорида таъкидланганидек, ҳеч ким совет ҳукуматидан ўз хоҳишига кўра «ортга» қайтмаган. (Айрим жузъий истиснолар ҳисобга олинмаса, бундай ҳодисанинг ўзи бўлмаган) Андроповнинг партия етакчисига айланиши инсон ҳаёти билан ўйнашиш бўлибгина қолмай, қолганлар учун зиён етказишини барча англаши лозим эди.

Германия Федератив Республикасида 15 йилдан ортиқ вақт мобайнида йирик ислоҳотларни амалга оширган Конрад Аденауэр ўз вазифасига киришганда 73 ёшда эди, Франклин Делано Рузвельт эса ногиронлар аравачасида қолиб кетганига қарамай, АҚШ президентлигига тўртинчи марта сайланган ягона раҳбар бўлиб тарихда қолди. Хитойнинг янги қиёфасини ярата олган Дэн Сяопин ҳам 74 ёшида (1978 й.) амалий ҳаракатларни бошлади.

Гап бу ерда, Андроповда пайдо бўлган қариянинг инжиқлиги ёки психик эгоизм ҳақида кетмоқда. Раҳбарнинг психофизиологик ҳолати ёмонлашиб қолгани нотўғри қарорлар қабул қилинишига олиб келди.

Масалан, Андропов даврида ходимларнинг иш вақти тугаши билан уйга кетиши қаттиқ қоралана бошланди. Барча учун оддий кўринган жараён, моҳиятан мураккаб, кечалар эса қизғин иш давом этадиган жараёнга айланди. Давлат идоралари, раҳбар қабулхонаси, маҳаллий ҳокимият вакиллари советлар етакчисидан ўрнак олиб иш тартибини тубдан ўзгартиришга ҳаракат қилишди. Ваҳоланки, ушбу иш соатлари учун маош тўланмайди, ходимларнинг соғлиғи ва шахсий ҳаёти ҳеч кимнинг парвойига ҳам келмаган.

Бу оғриқли муаммо айрим пост-совет тузилмаларида учраб тургани, албатта, ачинарли вазият. Ишдан кейин кечки сайрга чиқишлар, оила даврасида кино томоша қилиш фақат ғарб маданияти учун хосми?. Балки иш соати тугагач, офисда «тимирсикаланиб» ё «ивирсиб» юрган ходимнинг маошидан ушлаб қолинса, у ҳам барча ишларини ўз вақтида ва сифатли бажаришга одатланар?

Кўп вақт меҳнат қилиш - самарали натижани қўлга киритиш гарови эмас. Шундай экан, бу масалага жиддий қараб, масалага нуқта қўйиш пайти етиб келди.

Алишер Рўзиохунов

Мавзуга оид