Жаҳон | 19:58 / 02.10.2017
15407
2 дақиқада ўқилади

Лас-Вегас «мергани» хонасида ўнлаб қуроллар топилди, у ўзини ўлдирган

Лас-Вегасдаги мусиқа фестивали иштирокчилари устига ўқ ёғдирган Стивен Пэддок ўзини ўлдирган. Бу ҳақда Reuters агентлиги шаҳар шерифи Жо Лобардога асосланиб хабар тарқатди.

Бундан аввалги хабарларда полициячилар уни отиб ташлагани айтилганди.

У «Мандалай Бэй» меҳмонхонасининг 32-қаватида туриб одамлар устига ўт ёғдирган. У меҳмонхонадаги номерлардан бирида 28 сентябрдан яшаб келаётганди. Унинг хонасидан ўндан ортиқ қурол топилди. Қуролларнинг турлари маълум қилинмади.

Пэддок «Мандалай Бэй» меҳмонхонасидан келиб чиқиши осиёлик бўлган, ҳозирда Невадада истиқомат қилувчи аёл — 62 ёшли Марилу Дэнли билан бирга хона олган. Улар қандай муносабатда бўлгани маълум қилинмаяпти. Отишмадан бир неча соат ўтиб полиция аёлни қидириб топди. Бундан ташқари, Пэддокка тегишли икки автомобиль ҳам аниқланди.

Уни оммавий қотилликка ундаган сабаблар номаълум. Қотил ҳеч қандай талабларни илгари сурмаган, у қандайдир террорчилик ёки экстремистик гуруҳларга алоқадорлиги маълум эмас. Айни вақтда полиция уни якка тартибда ҳаракат қилган қотил деб атамоқда.

Охирги маълумотларга кўра, ушбу хунрезлик оқибатида 50 киши ҳалок бўлган, 400дан ортиқ киши жароҳатланган ҳолда шифохоналарга олиб келинган.

Мавзуга оид