Ўзбекистон | 16:15 / 13.10.2017
37586
7 дақиқада ўқилади

Тошкент ШИИББ Facebook фойдаланувчиларини жавобгарликка тортишни режалаштирмоқда

Facebook ижтимоий тармоғининг ўзбек сегментидаги, хусусан Uzbek MDK каби гуруҳларида шу йилнинг июль ойида Сергели туманида нотаниш қизга пичоқ билан жароҳат етказган жиноятчига 3 йил муддатга озодликдан чеклаш жазоси тайинлангани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. 

Муаллифи номаълум бўлган хабарда жиноятчи жуда енгил жазо олгани ижтимоий тармоқларда жуда тез тарқалиб, кўплаб кишиларнинг билиб-билмай кескин фикрлар билдиришларига асос бўлди. Муаллиф ўзи ёзган маълумотни имкон қадар тарқатишда кўмаклашишга чақирган ва қандайдир чоралар кўришга чақирган. 

Скриншот: Facebook

У даставвал Сергели туманида қизни пичоқлаб кетилишига оид воқеани ёдга олиб, жабрланувчи номидан ёзаётганини уқдиради. Сўнгра, унинг таъбири билан айтганда, ижтимоий хавфли жиноятчига 3 йиллик қамоқ жазоси тайинлангани, яъни уни деярли жазолашмаганини таъкидлайди. 

“Айни вақтда у менинг ҳаётимга хавф солмоқда. Бизнинг ҳукумат қаёққа қараяпти. У барчамиз учун хавфли. Мен адолат талаб қиламан. Сизлардан илтимос, яна бир фожиа юз бермасдан аввал, шу хабарни имкон қадар кўпроқ тарқатинглар!. Илтимос, эътиборсиз қолдирманг! У аввал ҳам шу каби жиноятни содир этгани учун судланган бўлган. Буни шундай қолдириш мумкинми, ахир?”, - дейди жабрланувчи номидан ёзаётган аноним киши. 

Албатта, унинг бу каби “дод-вой”ини эшитган ҳамда ўз атрофида бўлаётган ҳодисаларга бефарқ бўлмаган ҳар қандай киши турли хаёлга боради. 

Нима учун, шунчалик хавфли жиноятчи экан, суд ҳокимияти мулозимлари, терговчилар бу ишга қўл учида қаради, бу ерда коррупция аломати йўқ эмасмикан, деган турли саволлар пайдо бўла бошлайди. Кўпчилик билиб-билмай, адолат деган тушунчани бир томонга йиғиштириб қўйиб, аслида нима бўлганидан бехабар бўлган ҳолда, изоҳлар қолдиришган. 

Уларнинг аксариятини анчагина кескин фикрли эканини таъкидлаш ўринли.

Скриншот: Facebook
Скриншот: Facebook
Скриншот: Facebook

Уларнинг айримлари енгил жазо тайинлаган судьяни айблашган бўлса, бошқалари Сергели туман ИИБ терговчисини пора олганлигини таъкидлашди. Айримлар ҳатто петиция имзолашга ҳам ундашган.

Маълум бўлишича, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси бу ҳолатни беэътибор қолдирмаган. Бош бошқарма жиноий иш бўйича барча далилларни қайтадан ўрганиб, ижтимоий тармоқдаги барча гап-сўзлар уларнинг ходимига нисбатан бўҳтон-туҳматдан бошқа нарса эмаслигини аниқлаган. Бу ҳақда 12 октябрь куни бўлиб ўтган матбуот брифингида Тошкент ШИИББ бошлиғи ўринбосари Дониёр Тошхўжаев маълум қилди, деб ёзмоқда NUZ.UZ.

«Сергели тумани терговчиси унга туҳмат қилган фуқароларга нисбатан қонуний чоралар кўришни сўраб мурожаат қилди. Биз мурожаатни қабул қилиб, туҳмат қилганларни топиб, уларга нисбатан қонуний чоралар кўриши учун шаҳар прокуратурасига топширдик. Агар улар бизнинг ходим айбланувчидан қандайдир мукофот даъво қилишар экан, далил келтиришсин. Бизнинг қонунчиликда туҳмат ҳақида модда бор. Фойдаланувчилар терговчини порахўрликда айблашди. Биз эса, бунинг туҳмат эканини исботлаш ниятидамиз», – деган Дониёр Тошхўжаев. 

ШИИББ расмий вакили июль ойидаги воқеага ҳам батафсил тўхталиб, журналистлар эътиборига жиноий иш юзасидан олиб борилган суриштирув чоғида аниқланган айрим жиҳатлар ҳавола қилинди. Хусусан, ўша куни кафеда ўрнатилган видеокузатув камералари қайд этган лавҳалар кўрсатилди. 

Воқеа қаҳрамонлари кафе видеотасмасида эрталабки соат 9 лар атрофида пайдо бўлишган. Ҳодисанинг ўзи 10 га яқин рўй берган. 

Алкоголли ичимлик таъсирида бўлган ёш қиз бироз ўзига келишга қарор қилган кўринади, шекилли, сув оқаётган суғориш шлангини олиб, сув оқимини дуч келган томонга сепа бошлайди. У бошқа одамларга азият етказиши мумкинлигини эса, табиийки хаёлига ҳам келтирмайди. Сув сепишга қизиқиб кетган қиз кейинроқ умуман нотаниш кишини сувга пишади. Бу вақтда эркак кафе ичкарисида алкоголли ичимликлар харид қилаётганини кўриш мумкин. Харидор унга ҳўл уст-бошини кўрсатиб, бақириб кетади.

Бу орада қизга унинг дўсти ёрдамга келади. Шу орада эркак чўнтагидан қайрилма пичоқни чиқариб, қизнинг орқа тарафига жароҳат етказади. Жароҳат узунлиги 6 – 7 см атрофида бўлиб, унчалик чуқур эмаслиги қайд этилган.  

ШИИББ вакилининг сўзларига кўра, ЎзР ЖК 277-моддаси 3-қисми, яъни безорилик аломатлари билан жиноий иш қўзғатилган. Суд 3 йил муддатга озодликни чеклаш бўйича қарор қабул қилган. Бу айбдор деб топилган шахснинг кечки 20.00 дан тонгги соат 7.00 гача доимий яшаш жойида бўлиши кераклигини, спртли ичимликлар ичмасликни, ҳар доим участка нозири рўйхатидан ўтиб туришни ва бошқа чекловларни назарда тутади. 

«Бу қарорни судья қабул қилди. Ҳукм чиқаришдан аввал эса, барча далиллар қиёсланади, оғирлаштирувчи ва енгиллаштирувчи ҳолатлар ўрганилади. Жабрланувчи ва айбланувчи шахсияти, жиноятни содир этишга нима сабаб бўлгани ўрганилади», – деди расмий вакил. 

ШИИББ бошлиғи ўринбосари, шунингдек жиноят содир этилишидан аввал кафенинг бошқа мижозлари ва ходимлари қизни тинчлантиришга ҳаракат қилмаганига эътибор қаратди. 

Шу ўринда бир мулоҳаза. Ижтимоий тармоқларда шу каби ҳолатларга доир фикр билдиришда жонбозлик кўрсатувчиларнинг қарашлари кишини ўйга толдиради. Бу ҳам бўлса, билиб-билмай фикрлар билдириш, хулоса қилиш ўша фикр билдираётган томоннинг савияси нақадар эканини намоён этади. Юқоридаги ҳолатда ҳам бир кишининг ёрдам беринг, деб ёзган хитобига аксарият фойдаланувчилар айбланувчи қолиб, ҳолатни холис ўрганган судья ва терговчилар шаънига туҳмат қилишга журтъат топишган. 

Холисликни, ёрдам қўли чўзишни даъво қилганларнинг бирортаси аслида бу кўнгилсиз воқеа нимадан келиб чиққан экан, дея сўрамайди, бу саволни беришни хаёлларига ҳам келтиришмайди. 

Ваҳоланки, видео лавҳалардан кўриш мумкинки, спиртли ичимлик таъсирида бўлган қизнинг ўзида ҳам жиддий хато бор. Аслида ўз ҳаракатларини назорат қила олмаслиги бир ёқда турсин, гўёки у “маишат-кайф”дан роҳатланаётганида ҳеч ким унга халақит қилишга ҳақи йўқдек, у хаёлига келган ишни қилиши мумкиндек?! 

Энди эса, унинг кимидир, номини ёзмаган “ҳамтовоғи” қиз ва пичоқлаган йигитга биринчи бўлиб мушт туширганларнинг ҳатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо беришни инсонийлик жиҳатдан хоҳламаган терговчини ва барча жиҳатларни чуқур ўрганиб, яна ҳам кескин қарор чиқарган судьяни ёмон отлиқ қилиб ўтирибди...

Мавзуга оид