ЕЧЛ анонси. «Реал» «Тоттенҳэм» билан ўйнайди, «Наполи» «Сити» қаршисида
Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичи ўзининг ҳал қилувчи палласига кирмоқда. Навбатдаги тур плей-оффга йўлланма эгаларини эмас, бу учун курашадиган жамоаларни ажратиб беради, шу жиҳати билан ҳал қилувчи, деб баҳо бердик. Эътиборингизга бугун майдонга тушадиган жуфтликларга қаратамиз:
Е ГУРУҲИ
МАРИБОР – ЛИВЕРПУЛЬ (23:45, Матч! Арена)
Чемпионлар Лигасига қайтиш «Ливерпуль» учун у қадар ишончли чиқмади, икки ўйинда икки дуранг. Умуман айни пайтда Клоппнинг натижаларига ҳавас қилиб бўлмайди – жамоа барча мусобақалар доирасидаги сўнгги 8 ўйинда атиги 1 ғалабага эришди холос. Лекин ўйин борасида «қизиллар»да муаммо йўқдек туюлмоқда. Масалан, «Манчестер Юнайтед»га қарши ўйиндаги ташаббускор ўйин жамоанинг ижобий йўналишга тушиб олишларида илк қадам бўлган чиқар.
«Марибор» гуруҳ аутсайдери бўлса-да, Юрген Клопп бу ўйинда ҳеч қандай ротация қилмаслигини, ушбу ўйин гуруҳдаги вазият учун жуда муҳим эканини таъкидлади. Англия чемпионатининг кейинги турида ливерпулликларни «Тоттенҳэм» жамоаси кутиб турган бўлса-да, мураббийнинг барча хаёли Словенияда ишончли ўйин намойиш қилиб, ниҳоят илк ғалабани нишонлаш билан банд.
СПАРТАК - СЕВИЛЬЯ (23:45, Матч ТВ)
«Севилья» одатий тарзда бу мавсумда ҳам Ла Лига етакчилари сафида бораётган бўлса-да, ҳали чинакамига ўзини кўрсата олгани йўқ. Ғалабалар асосан аутсайдерлар билан ўйинларда қўлга киритилди, жиддий рақиблар билан ўйинларда эса, очко йўқотилмоқда. Бу ўлчовларда «Спартак» қандай рақиб тоифасига кириши маълум эмас, аммо русларнинг «Ливерпуль» билан ўйинда очко олишганини эътиборга олсак, Испания клубига бу сафар ҳам осон бўлмайди.
«Спартак» мураббийи Массимо Каррера эса, ўйинга оптимистик ёндашмоқда ва бу ўйинда ғалаба қозониш орқали, плей-офф учун курашишни ният қилган. Албатта, жамоа ғалаба қозониб, ҳатто гуруҳда пешқадам ҳам бўлиб олиш имкониятига эга.
Н ГУРУҲИ
РЕАЛ – ТОТТЕНҲЭМ (Матч! Футбол 1)
Бугуннинг энг марказий ўйинларидан бири. 2 турда юз фоизлик натижага эришган жамоалар тўқнашуви фақат шу ўйинда кузатилади. Аммо бу ҳолатга одатий тарзда, биринчи ўрин учун кураш ўлароқ баҳо бериш бироз нотўғри. Чунки АПОЭЛга қарши икки ўйинда «Боруссия» ҳам 6 очко олиши ва плей-офф учун курашга қўшилиши мумкин. Демак «Реал» ҳам, «Тоттенҳэм» ҳам имкон қадар ўзаро ўйинларда кўпроқ очко олишлари талаб этилади.
Ўз навбатида бу ўйинни ўзига хос бомбардирлар кураши дейишимиз ҳам мумкин. Криштиану Роналду, балки келажакда ўзининг жамоадоши бўлиши мумкин бўлган Ҳарри Кэйнга қарши. Кэйн дастлабки икки турда 5 гол муаллифи бўлди ва ўзига хос рекорд кўрсаткич қайд этди.
Рақиблар 5 йил олдин ҳам ЕЧЛда ўзаро куч синашишган эди. Ўшанда плей-оффда мадридликлар «Тоттенҳэм» устидан йирик ҳисобда устун келишган.
АПОЭЛ – БОРУССИЯ ДОРТМУНД
Юқоридаги фикрни давом эттирсак, «Боруссия» 0 очколик жамоалар ичида кейинги босқичга чиқиш учун энг яхши имкониятга эга бўлиб турган жамоадир. Дортмундликлар жамоаси кипрликлар билан икки ўйинда юз фоизлик натижа қайд этишса, тўғридан-тўғри рақиблар билан тўқнашувлар олдидан, яхши имконият ҳосил қилади. Яъни, Бос шогирдлари бу ўйинда умуман очко йўқотишга ҳаққи йўқ.
Ўз навбатида АПОЭЛнинг ҳам туриб-туриб, кутилмаган натижалар қайд этишини яхши биламиз, уч йил олдин жамоанинг ҳатто ЕЧЛ чорак финалигача етиб борганини эслаш кифоя.
G ГУРУҲИ
МОНАКО – БЕШИКТОШ
Туркия суперлигаси пешқадами ва сўнгги икки йилдаги чемпиони «Бешиктош» гуруҳ ўйинларини жуда яхши бошлади ва юз фоизлик натижа кўрсатган беш жамоадан бири бўлиб турибди. Ҳужумкор футбол тарафдори бўлган Шенол Гунеш «Монако» билан ўйинларда 4 очко олинса, жамоа ўзи учун қулай имконият ҳосил қилишини айтмоқда ва айнан Монакодаги ўйинда дурангдан умид қиляпти.
Ўтган мавсум ярим финалчиси «Монако» эса, мавсумни бир текисда бошлай олмади. Ўтган турда «Порту»дан учралган мағлубият Жардим шогирдларининг имкониятларини пасайтириб юборди. Франция чемпионатида эса, «Лион»дан сўнгги дақиқаларда учралган мағлубият жамоа кайфиятига салбий таъсир қилгани шубҳасиз. Бу ўйин «Монако»нинг ЕЧЛдаги сўнгги имкониятларидан бири, деб бемалол айтиш мукмкин.
РБ ЛЕЙПЦИГ – ПОРТУ
Бу йилги мусобақаларда икки дебютант иштирок этяпти – «РБ Лейпциг» ва «Қорабоғ». Ҳозирча ҳар икки жамоа ҳам ғалаба нашидасини сургани йўқ. Дортмундда ажойиб ғалаба эришган «РБ Лейпциг» учун турнирдаги илк ғалабани нишонлаш учун айни вақти ҳозир. Немисларнинг ҳолати ҳам «Монако» билан жуда ўхшаш – бу ўйин уларнинг турнирдаги кейинги тақдирига ойдинлик киритади. Ё иккинчи даврада плей-офф учун аёвсиз кураш бошланади ёки ҳаммаси тугайди.
«Порту» дастлабки турдаги кутилмаган мағлубиятдан сўнг, ўзига кела олди ва «Монако» билан сафарда худди шундай кутилмаган ҳисоб қайд этди. Таркиб жиҳатидан турнирдаги энг тенг кучли гуруҳда ҳар бир ўйин қизиқарли бўлиши табиий.
F ГУРУҲИ
ФЕЙЕНОРД – ШАХТЁР (Матч! Наш спорт)
Дастлабки икки турда мағлубиятга учраган «Фейенорд» балки ушбу кучли гуруҳда «нон йўқлигини» ҳис қилган бўлиши табиий, зеро мезбонлар бош мураббийи Жованни ван Бронкхост ҳам муваффақиятсиз стартдан сўнг бу ўйинга ҳал қилувчи баҳс сифатида қарамаётганини таъкидлаб ўтди.
«Шахтёр» эса, сўнгги турларда «Наполи» билан плей-офф масаласини ҳал қилиши кутилмоқда, бунинг учун эса, «Фейенорд» билан ўйинларда максимал очко олиш керак. Лекин эътибор бериш мумкин бўлган яна бир жиҳат бор экан – «Шахтёр» шу пайтгача Нидерландия клублари билан тўқнашувларда доим мағлубиятга учраган.
МАНЧЕСТЕР СИТИ – НАПОЛИ (Матч! Футбол 2)
«Мен «Манчестер Сити»нинг бир нечта ўйинини кўрдим, лекин ҳаммасини эмас. Очиғи, депрессияга тушиб қолишни истамадим», – деди ўйин олдидан «Наполи» устози Сарри. Ўз навбатида, Пеп Гвардиола ҳам Италия жамоасини мақтамоқда ва Европада энг чиройли ўйин намойиш қилаётган жамоа эканини айтмоқда.
Умуман олганда ҳам, бу жамоаларни ҳозирда Европада энг ҳужумкор ўйин кўрсатаётган икки жамоа дейиш мумкин. Миллий чемпионатларда бу икки жамоа 8 турда жами 50дан ортиқ гол уриб бўлишди. Ҳужум чизиғида бир эмас, бир неча футболчиларнинг хавф туғдириши мумкинлиги жамоаларнинг ўхшаш жиҳатидир.
Инглизлардан фарқли равишда, «Наполи» ЕЧЛда мағлубиятга учраб улгурган ва бу ўйиндаги мағлубият иккинчи даврада Сарри шогирдларини қийин аҳволга солиб қўйиши муқаррар. «Манчестер Сити» эса, барча мусобақалардаги кетма-кет 11-ғалабасини қўлга киритиши мумкин.
Мавзуга оид
15:13 / 05.10.2024
«Реал» ноқулай рақибга қарши, тен Ҳагнинг тақдири тикилган ўйин, Бундеслигада пешқадамлар тўқнашуви. Ҳафта ўйинлари анонси
16:14 / 19.09.2024
ЕЧЛ эволюцияси — «митти юлдузлар» дунё футболини қай тариқа забт этгани ҳақида
14:32 / 17.09.2024
ЕЧЛда янги мавсум бошланмоқда. Қийин саволларга оддий жавоблар
17:23 / 29.08.2024