Спорт | 22:16 / 18.10.2017
2886
2 дақиқада ўқилади

Швейцария 2026 йилги Олимпиадани ўтказишга 1 млрд доллар сарфламоқчи

Швейцария ҳукумати Сьоннинг 2026 йилги қишки Олимпиадани ўтказиш аризасини қўллаб-қувватлашини ва мусобақаларни ташкиллаштиришга 1 млрд доллар сармоя қиритишини маълум қилди. Бу ҳақда France Presse ахборот агентлиги хабар бермоқда. 

"Олимпия ўйинлари миллатнинг бирлашиши ва мамлакатнинг иқтисодий ивожланишига ижобий таъсир кўрсатади. Швейцарияда Олимпиаданинг ўтказилиши спорт, иқтисодиёт ва жамиятни ривожлантириш учун ажойиб имконият бўлади", деб айтилган мамлакат спорт вазири баёнотида. 

Мусобақаларнинг ўтказилиш жойлари 4 та кантон (ҳудудий бирлик) бўйлаб тақсимланади ва улар орасида жамоат транспорти қатнови йўлга қўйилади. Швейцария ҳукумати ўйинларга сарфлаши мумкин бўлган максимал маблағ миқдори 1 млрд долларни ташкил қилади. Бу қийматдан 8 млн доллари ўйинларни ўтказиш аризаси бюджетига ажратилади. Унинг тўлиқ қиймати эса 25 млн долларни ташкил қилади.

Аввалроқ Швейцария Олимпия қўмитаси мамлакат ҳукуматига ўйинларни молиялаштириш сарф-харажатлари 1,91 млрд долларни ташкил қилиши ҳақидаги ҳисоботни тақдим қилганди. "Сьон-2026" қўмитаси президенти Жан-Филипп Рошнинг ҳисоб-китобларига кўра, ўйинларни ўтказишга федерал бюджетдан 1,04 млрд доллар ажратилади. Шунингдек, Олимпиада 1,39 млрд доллар фойда келтириши прогноз қилинмоқда. 16 октябрда Халқаро Олимпия қўмитаси 2026 йилги Олимпиадани қабул қилувчи шаҳарга 925 млн доллар ажратишини эълон қилди.

2026 йилги Олимпиада мезбони ХОҚнинг 2019 йил июлда Миланда ўтадиган 132-сессиясида аниқланади. Ўйинларни ўтказишга аризани 2018 йил 31 мартигача топшириш мумкин. Ушбу Олимпиадани ўтказиши мумкин бўлган даъвогар шаҳарлар орасида Калгари (Канада), Олмаота (Қозоғистон), Саппоро (Япония) ва Эрзурум (Туркия) шаҳарлари бор.  

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид