Жаҳон | 14:30 / 24.10.2017
31231
3 дақиқада ўқилади

Тожикистонда «Умед-88» компанияси Роғун пулларини талон-торож қилиб юборди

Фото: News.tj

Тожикистоннинг коррупцияга қарши кураш департаменти «Умед-88» компанияси раҳбарияти қўлга олинганини расман тасдиқлади. Улар хизмат ваколатларини суистеъмол қилиш, ноқонуний кредит олиш ва олинган давлат қарзини жуда кўп миқдорда талон-торож қилишда гумон қилинмоқда.

Давлат молиявий назорат ва коррупцияга қарши кураш агентлиги сайтида хабар берилишича, 2015 йил 15 майда «Роғун ГЭС» ОАЖ, Молия вазирлиги ва «Умед-88» МЧЖ уч томонлама кредит битимини имзолаган, Унда «Роғун ГЭС» кредит берувчи, Молия вазирлиги ҳамда «Умед-88» эса - қарз олувчилардир.

Имзоланган ҳужжат «Умед-88» компаниясига «қишлоқ хўжалиги объектларини дизель ёқилғиси билан таъминлаш орқали Тожикистонда агросаноат комплексини ривожлантириш учун» 171 миллион сомоний тақдим этишни назарда тутган. Қарз олувчилар маблағларни 2015 йил 31 декабрдан кечиктирмай қайтаришга мажбур бўлишган.

Хабарда айтилишича, «Умед-88» МЧЖнинг директори Идибек Иброҳимов, компания асосчиси Ражабали Одинаев ва бошқа масъул шахслар билан олдиндан тил бириктирган ҳолда, катта миқдорда давлат кредитни ноқонуний равишда қўлга киритган.

Таъкидланишича, «Умед-88» раҳбарияти ўз хизмат ваколатларини суистеъмол қилган ҳолда, давлат манфаатларига зид тарзда, олинган маблағларни «нотўғри ишлатиш» билан шуғулланган. Хусусан, 2015 йил май-июнь ойларида 74 млн. сомоний «Амонатбанк» ҳамда «Тожиксодиротбанк»дан қарзларни ёпиш учун йўналтирилган.

«Бундан ташқари, - дея таъкидланади коррупцияга қарши кураш маҳкамаси хабарида, - «Умед-88»нинг масъул шахслари мамлакатнинг бошқа банкларидан ҳам жуда кўп миқдорда кредитлар олишган». Ҳозирги вақтда компания «Амонатбанк» ҳамда «Агроинвестбанк»га 26 млн. сомоний ва 4,5 млн. доллар қарздордир. 

Шундай қилиб, Ражабали Одинаев ва Идибек Иброҳимов ҳамда бошқа масъул шахсларга нисбатан Тожикистон Республикаси ЖКнинг 3 та моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилди.

Мавзуга оид