Light | 20:20 / 25.10.2017
17177
4 дақиқада ўқилади

Тиббий билагузуклар қандай қилиб умрни узайтириши мумкин?

Фото: DR

Биз "тиббиёт — бу имкон қадар кўп аҳолини қамраб олувчи умумий, оммавий қарорлар" эканига аллақачон кўникиб бўлганмиз: ҳаммага диспансеризация ва бир хил муолажалар. Энг қизиғи, сизнинг ҳақиқатда касал ё касал эмаслигингиз у қадар муҳим эмас. Ғарбда эса одамлар ўз ҳаётини family doctors (оилавий шифокорлар)сиз тасаввур қила олмайди: бир шифокор нафақат сизнинг барча ташхисларингни билади, балки уларни ота-онангиз, баъзан эса буви ва буваларингизнинг касалликлар варақасидан келиб чиқиб қўяди. Бугунги кун технологиялари туфайли дунёнинг ҳар қандай мамлакатида шифокор назорати остида бўлиш ва янада аниқ ташхис учун бирйўла бир неча шифокор билан маслаҳатлашиш имкони пайдо бўлди. Forbes.ru шу ҳақидаги маълумотлари билан бўлишди. 

Барчамиз борган сари одамларнинг қўлларида саломатлигимизни назорат қилишга йўналтирилган турли тиббий билагузуклар, фитнес-треклар, пульс ўлчагичлар ва бошқа қурилмаларни кўрмоқдамиз. Бугунги кунда тиббий гаджетлар бозори мутлақо турлича қурилмаларни таклиф қилмоқда. Улар кундалик фаолликни ўлчаш, уйқу фазаларини таҳлил қилиш, артериал қон босимини ўлчаш ва ҳатто кислород билан тўйиниш даражасига доир маълумотларгача бериши мумкин. 

Олиб юрилувчи қурилмалар тиббий гаджетлар бозорида секин-аста ўз ўрнини эгаллаб бормоқда: 2016 йилда тахминан 8 миллион шундай гаджет сотилган бўлса, 2021 йилга бориб уларнинг сони 30 миллиондан ошиши кутилмоқда.

Мазкур қурилмалардан олинадиган маълумотлар гаджет эгасининг телефонида сақланиб қолади. Янги авлод қурилмаси олинган маълумотни дарҳол таҳлил қилиш ва янада аниқ ташхис қўйиш, шунингдек даволаш муолажаларини тўғри ташкиллаштириш имконини беради. 

Оддий билагузук ёки бошқа гаджет мижознинг одатларини ўрганиш, унинг соғлиғидаги эҳтиёжлар ҳақида маълумотга эга бўлиш ва ҳар қандай шифокорни айнан сизга мос турмуш тарзини белгилаб бера олувчи оилавий шифокорга айлантириш имконини беради. Электрон қурилма бемордан фарқли ўлароқ, даволовчи шифокорни алдай олмайди, шундай экан, даволаш сифати анча юқори бўлади. Бундан ташқари, бу сурункали касалликларга дуч келган беморларни мониторинг қилишнинг самарали ускунасидир. Қурилмалардан олинган сигналлар касалликнинг авж олиши ёки оғриқларнинг олдини олишга имкон беради.

Билагузук ва гаджетлардан фойдаланиш нафақат  бизни XXII асрга олиб киради, балки шифокорлар ва суғурта компаниялари хизматлари нархини янада аниқ ҳисоблашга ёрдам беради. 

Кўп хорижий шифокорлар олиб юрилувчи қурилмаларни ўз ишида қўллашмоқда ва беморлар соғлиғини назорат қилишмоқда, шу билан бирга, уларга мувофиқ турли имтиёзлар яратишмоқда. Масалан, 10 минг қадам босган бўлсангиз, кейинги йилда суғурта нархи бир неча баробар арзонга тушади. Ҳар сафар мижоз муайян мақсадга эришганда мукофот ҳажми қисқаради. 

Бундай қурилмаларнинг жорий қилиниши ва олинган маълумотларнинг таҳлил қилиниши сўнгги вақтларда айниқса Ғарбда фаол ривожланаётган телетиббиёт ривожига янгича нафас бағишлайди. Шифокорларнинг онлайн-маслаҳатлари чекка аҳоли пунктларига ҳам тиббий ёрдам кўрсатиш билан бир қаторда тиббий хизматлар харажатларини сезиларли равишда камайтириш имконини беради. 

Мавзуга оид