Жаҳон | 18:08 / 13.05.2023
9328
7 дақиқада ўқилади

Унутилаётган фотоалбомлар – гаджетлар фотосуратларимизни сақлаш учун яхши танловми?

Олдинлари инсонлар оилавий расмларга тушиш учун алоҳида фотограф чақиришлари ёки ўзлари махсус фотостудияларга боришларига тўғри келган бўлса, ҳозир технологиялар ривожланган даврда исталган пайтда исталганча суратга тушиш мумкин. Ва бу суратлар олдингидай фотоалбомларда эмас, асосан, гаджетларнинг ўзида сақланяпти холос.

Статистикага кўра, ҳар куни ўртача 4,7 млрд дона, бир ойда эса 143 млрд дона сурат олинади. Ҳар бир фойдаланувчининг гаджетида ўртача 2,1 мингтача сурат сақланади.

Суратга тушиш шунчалик қулай ва чексиз бўлиб кетганки, энди олдингидай алоҳида фотоалбомлар қилиш ҳам урфдан қоляпти. Одамлар бунинг ўрнига расмларини шунчаки электрон сақлашни афзал кўряпти. Сураткашлик ҳамманинг ўзига қолиб, албомлар ҳам тайёрланмаяпти.

Қоғоз албомлар керакми?

“Суратларни электрон сақлаш қулайми ёки қоғоз вариантда албомларга жойлаб сақлашни ҳам ёдингиздан чиқармайсизми?” деган мазмунда берган саволимизга айримлар суратларни фақат электрон сақлаётганини ва бу қулай эканини, айримлар эса ҳали ҳам албом тутиш одатидан воз кечмаганини билдирди.

“Мен туғилган кун ёки тўйлардаги суратлардан ҳеч бўлмаса биттасини ишлатиб албомга солиб қўяман. Қолгани электрон турса ҳам, ҳеч бўлмаса битта расмни чоп этиш одатим бор”.

“Албомлар керак. Мен ўзим албомга бундан 9 йил олдин расм солгандим охирги марта. Лекин ўша фотоалбомни ҳар сафар очганимда бошқача ҳисларни сезаман. Телефондаги расмларга кам қарайман. Албом архив бўлиб қолади ва ундаги суратлар гаджетдагиларига нисбатан йўқолиш хавфи камроқ”.

“Битта зўр расмим бор эди. Компютеримда сақлардим. Компютерим бузилиб қолганда устага тузатишга берганимда ичидаги бор-будини ўчириб юборган. Шунда суратларни чиқариб қўйиш керак экан деган фикрга келганман”.

“Фотоалбомлар керакмас. Биринчидан, ортиқча харажат, иккинчидан, албомлар чанг босиб туради қайсидир жойда. Қурилмаларни эса ўзингиз билан олиб юришингиз ва исталган пайти расмларни очиб томоша қилишингиз мумкин”.

“Ҳеч бўлмаса, хотираларни эслаб маза қилиш учун ҳам оилавий фотоалбомларни сақлаб қолиш керак. Технология ичидаги суратлар бу кайфиятни бермайди”.

Жавоблардан аксар одам фотоалбомлар йўқ бўлиб кетмаслигини хоҳлашини, лекин ўзлари камдан кам суратларни чоп этиб албомда сақлашларини тушуниш мумкин.

Илк фотоалбомлар қачондан пайдо бўлган?

Дастлабки фотоалбомлар шунчаки расмлар коллекцияси эмас, тадқиқот объекти бўлган. 1830-40-йилларда ихтирочилар ўзларининг кундаликларини юритишади ва уларга ўтказган тажрибалари суратларини ҳам жойлаб боришган. Бундай кундаликларни ҳам дастлабки албомлар сифатида аташ мумкин. Лекин бундай албомлар ошкор қилинмаган, сабаби махфий маълумот ҳисобланган.

Француз фотографи Андре-Адолф-Эжен Дисдери 1854 йилда ташриф қоғозига ўхшаш қоғозни патентлади. Унда қалин қоғозда сурат ва тагида расмдаги одамнинг исм-фамилияси ёзиб қўйилган. Бу худди ҳозирги ташриф қоғозларига ўхшаш бўлган.

Биринчи тижорий албомлар 1860 йилларга тегишли бўлган. Усти тери билан қопланган, боғичли ва асосан битта саҳифага битта расм жойлаштириш мумкин бўлган.

 1860-70-йилларга тегишли албом

1870-йиллардан бошлаб эса албомлар ҳажм ва безатилиш жиҳатдан анча такомиллашган. Энди уларнинг ҳажми каттароқ, албомларнинг устлари турли материаллар: чарм, замш ёки бахмал билан қоплана бошланган. Турли ёзувли металлар ёки қисқичлар билан безатила бошланган. Битта саҳифага бир нечта суратлар жойланган.

1900-йиллардан бошлаб фотография фаолият турига айлана бошлагач албомлар ҳам турлича кўринишларга эга бўлиб боради. Расмларни албомга турлича кўринишда жойлаштириш, исталганча идеалар қилиш мумкин эди.

1960-йилларга келиб эса қулайлиги юқори бўлган магнит албомлар пайдо бўла бошлайди.

Умуман, фотоалбомлар йигирманчи асрда анчайин қадрли бўлган. Ҳамманинг ўз шахсий фотоалбомлари, оилавий албомлар, бирор бир фаолиятни ифодалайдиган фотоалбомлар бўлган.

Масалан, талабалик даври суратлари алоҳида албомга жойланган, ҳарбий хизмат даврида ҳам махсус албомлар тутилган.

Рақамли фотоалбомларнинг кириб келиши

Телефон камералари орқали суратга олиш оммалаша бошлагач, одамлар олдингидай суратларни чоп этиб, албомларга йиғишмаяпти. Тўғрироғи, расмларни йиғиш учун алоҳида албомлар керак ҳам бўлмай қолди. Телефон хотирасида алоҳида албомлар очиб, у ерга расмларни жойлаштириб қўйиш ёки махсус дастурлар юклаб олиб, уларда суратларни электрон сақлаш имкони бор.

Бундан ташқари, турли онлайн платформаларда ҳам шахсий саҳифа очиб, суратларни албом кўринишида сақлаш мумкин.

Рақамли фотоалбомлар қоғоздагисидан қандай афзалликларга эга?

Жой чегараланмаган.

Компютер ёки телефонда ҳам суратлар орқали исталганча албом яратиш мумкин. Ва у албомлар ҳар доим инсоннинг ёнида бўла олади. Саёҳатга борганда, иш билан узоқроққа кетганда қоғоз албомни олиб юриш ноқулай бўлиши мумкин, лекин электрон расмларни кўриш учун шунчаки компютерни ёки телефонни ёқиш кифоя қилади.

Бундан ташқари, электрон расмларни сақлаш учун алоҳида жой талаб қилинмайди. Уйнинг бурчагини, китоб жавонини ёки яна қаернидир банд қилмайди. Фақат гаджет хотирасидан кичик жойни эгаллайди холос.

Исталганча одамга фотоалбомларни юбориш мумкин

Яна электрон фотоалбомларни истаганча нусхалаш, истаганча одамга кўриш учун бериш ва исталган пайти расмларни қайта саралаб ўринларини ўзгартириш мумкин. Бунинг учун пул кетмайди.

Узоқ муддат сақланади

Қоғоз расмларни ҳам узоқроқ сақлаш учун уларни барибир электрон қилишга тўғри келади. Рақамлаштириш суратлар умрини узайтиради.

Унда нега одамлар қоғоз фотоалбомларни ҳали ҳам сақлашади?

Рақамли суратларнинг шунча қулайликлари бор экан, унда нега ҳануз одамлар суратларни чоп этишни ҳам бутунлай унутиб қўйишгани йўқ, улар фотоалбомлар ҳам тайёрлашяпти деган савол пайдо бўлиши мумкин.

Албомларнинг хотира ашёси, сувенир ва қадрли буюм сифатидаги хусусиятлари ҳам бор. Булар қоғоз албомлар ҳам ҳануз сақланиб қолишини таъминлайди.

Бундан ташқари, гаджетлар суратларни сақлаш унчалик ҳам ишончли вариант эмас. Масалан, агар телефон йўқолиб қолса унда ичидаги суратлар ҳам йўқолди дегандай гап. Apple iOS ва Google Android суратларни қайта тиклашга ёрдам бериши мумкин. Бироқ бу ҳам 100 фоиз эҳтимол билан суратлар тикланишини англатмайди.

Суратларнинг ҳажми катталиги сабаб унинг нусхаларини сақлаб қўйишга ҳам унча эътибор берилмайди. Ижтимоий тармоқ саҳифалари орқали суратларни сақлаш ҳам баъзида тўла ишончни оқламаслиги мумкин. Бехосдан ижтимоий тармоқ саҳифасига кириш паролини унутиб қўйиш мумкин-ку.

Қисқача айтганда, технологиялар бизга жуда кўп қулайликларни бераётган бўлса-да, суратларни ҳар иккала кўринишда сақлашнинг ҳам ўзига хос завқи, қулайликлари ва камчиликлари бор. Кимдир уни, кимдир бунисини танлов қилади.

Сиз-чи? Оилавий суратларингизни қандай сақлашни афзал кўрасиз?

Зилола Ғайбуллаева тайёрлади.

Зилола Ғайбуллаева
Муаллиф Зилола Ғайбуллаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид