Жаҳон | 14:40 / 27.10.2017
5857
2 дақиқада ўқилади

Жаҳон қуёш энергетикаси умумий қуввати жорий йилда 30 фоизга ошади

Фото: Rocky Mountain Institute

Германиянинг Bernreuter Research таҳлилий компанияси маълумотларига кўра, 2017 йил охиригача дунёда қуёш қурилмаларининг умумий қуввати 100 ГВтга етади. Бунда катта ролни Хитой ўйнади, у қуёш электр станциялари қурилишида етакчи ўринни эгаллади. Хитойда бундай станцияларнинг умумий қуввати 52 ГВтга етди. Ундан кейинги ўринларда анча фарқ билан АҚШ (12,5 ГВт), Ҳиндистон (9 ГВт), Япония (5,8 ГВт), Германия (2,2 ГВт) ва Бразилия (1,3 ГВт) келмоқда. Австралия, Чили, Туркия ва Жанубий Кореянинг бу борадаги ҳиссаси анча кичикдир. 

2017 йилда қуёш қурилмаларининг қуввати 30 фоизга ошади. Ўтган йил бу кўрсаткич 74 ГВтни ташкил қилган. Қуёш энергиясига қизиқишнинг бундай ортиши қуёш панеллари нархининг пасайиши сабабли юз бермоқда. Айни вақтда поликремний нархи бир килограмми учун 16,6 долларни ташкил қилади, яқинда 14-15 долларгача тушиши мумкин. Бироқ Хитой Жанубий Кореядан импортга бож тўловларини оширишга қарор қилса, нархлар яна ошиши мумкин. 

Ҳиндистонда эса мамлакатдаги барча уй хўжаликларини 2018 йил охиригача электрлаштиришга имкон берувчи 16 млрд рупийлик дастур бошланган. У 40 млн оилани қамраб олади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид