Жаҳон | 21:47 / 30.10.2017
4823
3 дақиқада ўқилади

Барселона интернет буюмлардан "интернет-фуқаролар"га ўтади

Фото: EAST NEWS

Тезкор интернет, бепул Wi-Fi, автотураргоҳлар ва ҳатто чиқинди бакларидаги датчиклар - Барселона сўнгги йилларда намнавий ақлли шаҳарга айланди. Бироқ аҳолига фойда келтириш учун маълумотлар тўпламининг ўзи етарли бўлмади. Барселона энди стратегиясини ўзгартиради ва интернет-буюмлардан "интернет-фуқаролар"га ўтади. 

Барселона мисолида шаҳар муҳити учун интернет-буюмлар имкониятларини ўрганиш мумкин, шу билан бирга, маълумотларни тўплашнинг бундай тизимларидаги камчиликларни таҳлил қилиш мумкин. Масалан, шаҳар паркларидаги ақлли датчиклар экинларни суғоришга сарфланувчи сувни тежаш ва харажатларни қисқартириш имконини беради. 

Шунингдек баъзи лойиҳалар кутилмаган натижаларга олиб келди. Бундай мисоллардан бири - кўчанинг ёритилиши. Барселонадаги шаҳар фонарлари ақлли LED-лампалар ва атрофда одамлар бор ё йўқлигини аниқловчи махсус датчиклар билан таъминланди. Агар ҳеч ким бўлмаса, чироқ ўчади. Бироқ ҳукумат технология учун бошқа қўлланма топди ва одамларни жалб қилиш мақсадида шаҳар байрамлари ва бошқа тадбирлар ўтказилувчи жойларни ёруғлик билан таъминлайдиган бўлди. 

Баъзи технологиялар самарасиз бўлиб чиқди. Масалан, автотураргоҳлардаги электромагнит датчиклар у ерда қанча жой бўшлиги ва қанчаси банд эканини аниқлаши керак эди. Бироқ ер остидан метро ўтиши билан датчиклар бузилиб, барча ўринлар бандлигини кўрсатган. Шундай бўлса-да, бундай датчиклар кўп қаватли шаҳар автотураргоҳларида ўз самарасини кўрсатди ва ҳатто шаҳарга қўшимча даромад келтирди.

Франческа Бриа Барселона маъмуриятида техник директор лавозимини эгаллаган, шу билан бирга у шаҳарнинг рақамли стратегияси ривожи билан шуғулланади. У Financial Times'га берган интервьюсида нима учун ақлли шаҳарнинг баъзи лойиҳалари муваффақиятсиз натижа кўрсатганига изоҳ берди: "Маъмуриятнинг қўлига жуда кўп маълумотлар келиб тушди, бироқ бу маълумотларни таҳлил қилиш ва улардан фуқаролар учун фойда олишга вақт бўлмаган".

Бриа яна бир муаммони интернет-буюмларнинг ягона стандарти йўқлигида деб билади. Турли етказиб берувчиларнинг датчиклари, алоҳида иловалар ва дастурлар маълумотлар тарқоқ хаосига олиб келди. "Барселона ўзи учун асосий сабоқни ўзлаштирди - ягона платформасиз ақлли шаҳарни қуриб бўлмайди", - дейди Бриа.

Барселонанинг янги стратегияси диққатни нафақат маълумотлар тўплашга, балки уларнинг таҳлилига ҳам қаратади. Техник директорнинг сўзларига кўра, энди технологиялардан муайян кун тартибини илгари суриш учун эмас, фуқароларга хизмат қилиш учун фойдаланилади. Барселона ҳукумати бунинг учун очиқ код ва ягона стандартли ягона датчиклар тармоғини яратишга киришади. Тизим шаҳар ҳукуматига тегишли бўлса-да, фуқаролар ва компаниялар ҳам баъзи маълумотларга кириш имконига эга бўлишади. 

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид