Спорт | 08:20 / 31.10.2017
55415
9 дақиқада ўқилади

«Йил алдови» ёхуд популизмнинг чегараси қаерда?

Фото: Linkedin

ЎФФ Ижроия қўмитасининг қарорига кўра, келаси йилдан олий лигада 12 жамоа уч даврали тизимда иштирок этадиган бўлди. Тушуниладики, олий лиганинг ўтаётган мавсумида (4 тур қолди) аввал айтилганидек, 15-16 ўриндаги жамоалар эмас, 12-16 ўринларни эгаллаган клублар якунда олий лигани тарк этадиган бўлди. Шунақа деб ёзилган.

Хабарда бу ишларнинг барчаси ўзбек футболини, хусусан миллий чемпионатимизни янада қизиқарлироқ қилиш, клубларнинг профессионаллашувини таъминлашга қаратилгани айтилиб, вазият экспертлар томонидан чуқур ўрганилгани қайд этилади. Аммо спорт принциплари ва регламентга қараб туриб, оддий кўз билан, бу қарорнинг нақадар шошилинч эканини айтиш мумкин.

Биринчидан, олий лига ўйинларини ўтказадиган ташкилот - ПФЛ, яъни профессионал футбол лигаси. Бу ташкилот профессионал клублардан ташкил топган ва ўша клублар ПФЛга бадал пули тўлайди. ПФЛнинг вазифаси ушбу клублар ўртасидаги мусобақаларни адолат ва қоидалар асосида ташкил қилиб беришдан иборат. Бу футбол алифбоси, ҳамма жойда шунақа.

Энди, иштирокчи клубларнинг сонини қисқартириш ҳақидаги қарор ҳар бир клубнинг иштирокида ва муҳокамаси остида, ҳеч бўлмаса, овоз бериш жараёни орқали қабул қилиниши керак. Мисол учун, АПЛ келаси ёздан трансфер ойнасида 31 августдан 12 августга сурди. Бу қарорга барча клубларнинг иштирокида, овоз бериш орқали келинди. Олий лигадаги жамоалари сони ва формати эса, трансфер муддатларидан ҳам кўра жиддийроқ масала эди.

Узоққа бормайлик, бир неча йил олдин ОАВда олий лига форматини ўзгартириш, айтайлик, мавсум охирида кучли олтиликнинг плей-офф ёрдамида чемпионни аниқлаши масаласи кўтарилганди. Барча клублар иштирокида мажлис бўлиб ўтган ва аксарият клублар вакиллари бундай форматни маъқуллашмаганди. ЎФФнинг бугунги Ижроия қўмитаси таркиби билан танишдим, фақат «Локомотив», «Бунёдкор» ва «Пахтакор» клублари раҳбарлари 11талик гуруҳнинг ичига кирар экан холос. Демак, бу сафар бундай қарорни қабул қилишда бошқа клубларнинг фикри инобатга олинмаган. Инобатга олинган тақдирда, баъзи клубларнинг жавоби қандай бўлиши мумкинлигини тахмин қилиш қийин эмас.

Иккинчидан. Бу муҳимроқ.

Бундай қарорга нафақат клублар, бутун республика референдум орқали 98.6 фоиз овоз берган тақдирда ҳам, янги формат энг яқини 2019 йилги футбол мавсумидан амал қилиши шарт эди. Акс ҳолда адолат мезонлари бузилади.

Қаранг, мавсум бошида ПФЛ бир клубга «сен 13-ўринни олсанг, олий лигадаги ўрнингни сақлаб қоласан» деб айтмоқда. Мавсум тугашига 4 тур қолганда эса, «йўқ, сен шу ўринда қолсанг, биринчи лигага тушиб кетасан» деяпти. Тасаввур қиляпсизми, бундай ҳолатни қаерда кўргансиз? Мен ҳеч қаерда кўрмаганман!

Албатта, баъзи мулоҳазаларни эшитдим, ўша ўртамиёна клублар ҳаракат қилишлари лозим эди, юқори ўринлар учун курашиш керак эди, ана ўша беғамлиги учун жазоланяпти, деганлар ҳам бўлди. Нафақат мухлислар, журналистлар томонидан ҳам янгради бу фикрлар. Аммо қаранг, биз регламент ва адолат ҳақида гапирмоқдамиз, ПФЛнинг ўзи тузиб қўйган регламентга кўра, учинчи ўринда турган «Пахтакор» келаси йилда олий лигада ўйнашга қанчалар ҳақли бўлса, 12-ўринни эгаллаб турган «Динамо» ҳам худди шундай ҳақлидир, заррача кам эмас. Чунки ҳар икки жамоа регламентда олий лигада қолиш ҳуқуқини берадиган ўринни эгаллаган бўлиб чиқади, бу ўрин учинчими, ўн иккинчими умуман фарқи бўлмаслик керак.

Ахир масалан, ўша «Динамо» ёки «Нефтчи» ҳақида гап борганида, биз уларни аслида юқори ўринлар учун курашадиган потенциалда бўлиб туриб, атайлаб пастда юрганликда айблашга ҳаққимиз йўқ, тўғрими? Балки «Динамо» 15-16 ўринларни эгаллашдан қочиб, ҳаракат қилиб, меҳнат қилиб, 12-ўринга чиққандир, зеро ҳар қандай лигада ҳам жон сақлаш учун курашадиган ва якунда буни уддалаб, олқиш оладиган клублар бўлади-ку, тўғрими? «Бунёдкор»га «нега чемпионлик учун курашмадинг, боқи-беғаммисан?» деб айтиш ҳам абсурд бўлганидек, ўртамиёналарни ёки аутсайдерларни айблаш, уларни ноҳақ жазолаш қайси мезонларга тўғри келади?

Мен аслида жамоалар сони лигани қизитиб юборишда катта аҳамият касб этмайди деб ҳисобласам ҳам, агар якунда 12талик тизимга ўтилса, бунга ҳам рози бўлишим мумкин. Аммо ҳаммаси регламент ва адолат принципларида ўтиши тарафдориман. Бу ерда энг тўғри йўл, келаси мавсум бошланишида мусобақанинг мос тартибини жорий қилиш ва масалан, 2018 йилда лигани 5 жамоа тарк этади, деб эълон қилиб қўйилиши шарт эди, деб ҳисоблайман.

Эътибор берсангиз, бу ерда яна бир чалғитувчи масала бор. ЎФФ клубларнинг лицензиялаш талаблари билан жиддий шуғулланади ва талабга жавоб бермайдиган клублар олий лигага қўйилмайди. Яъни, жамоалар сонининг қисқариши аслида клубларнинг янги олий лигага мос келмаётгани билан боғлиқ, дейилмоқчи. Эсингизда бўлса, 2004 йилда худди шу тарзда лицензиялаш талаблари қатъийлаштирилган ва мавсум бошида талабларга жавоб бермаган «Қўқон» ва «Дўстлик» клублари олий лигадан чиқариб юборилганди.

Бугунги ҳолатни асло 2004 йилдаги воқеага ўхшатиб бўлмайди. Ўшанда олий лига клублари сони фиксланмаган, яъни агар «Қўқон» ёки «Дўстлик» текширувдан ўтганида, олий лигага қўйилар эди. Жамоалар талабга жавоб бермаган ва олий лигани тарк этишган. Ҳозир эса, келаси мавсумда 12 жамоа иштирок этади, дейиляпти, «лицензия талабларини бажармаганлар қўйилмайди» дейилмаяпти. Яъни, якунда 14 жамоа қўйилган шартларни бажарса-да, иккитаси қолиб кетади. Олий лигани бу йил 13-ўринда якунлаган шартли «Қизилқум» барча шартларни бажарган тақдирда ҳам, агар 12таликдагилар бутун қолса, 1-лигага равона бўлади, тушуняпсизми?

Тушунмаяпсиз. Албатта, янги раҳбарларнинг футболимизда кескин ўзгаришлар қилиб юборишга бўлаётган ҳаракатларини кўриб турибман. Масалан, UzReport телеканали билан янги шартномалар ҳақида хабарлар чиқди, бунга фақат қарсак чалиш мумкин. Аммо агар қарорлар шошилинч чиқаверса, агар гўёки ҳаммага ёқадиган ислоҳотларнинг замирида адолат ва қонун тарозиси бузиладиган бўлса, бундай ҳаракатлар популизмга ўхшаб қолади.

Ҳа, терма жамоага чет эллик мураббий олиб келиш, футболчини бир йилга, ҳакамларни бир умрга ҳайдаш, олий лига жамоалар сонини қисқартириш - буларнинг ҳаммаси кўпчилик анчадан бери айтиб келаётган масалалар, тўғри. Рўйхатни янада давом эттириб, айтайлик, Бабаянни бир умрга мамлакатдан чиқариб юбориш, Сергеевни ўн беш суткага қамаш мумкин. Ишонинг, бу қарорларни ҳам қўллаб-қувватлайдиганлар янада кўпроқ топилади, ана шунда, ўша эллик беш миллионлик жаримани тўлаган бухоролик сухандондан фарқимиз қоладими? Ўша сухандоннинг иши ҳам кўпчиликка ёқди, нима дедингиз?

Эсингизда бўлса, 1992 йилда бўлиб ўтган илк чемпионатимизда икки чемпион эълон қилиб юборилган. Ғалати. «Пахтакор» ва «Нефтчи» ўшанда бир хил очко тўплаганди. Тўплар нисбати ва ғалабалар сони бўйича, «Пахтакор» олдинда, ўзаро ўйинларда эса, фарғоналиклар устун эди. Адашмасам, мавсум бошидаги регламентда бундай ҳолат эътиборга олинмаган бўлиши керакки, ўша қоида ишга тушиб, бу жамоалардан кучлисини аниқлаб бера олмаган. Ўшанда ҳали номига «профессионал» тамғасини қўйиб олмаган олий лига ижроия қўмитасидан кимдир чиқиб, «йўқ, тўплар нисбатига қараймиз» деб «Пахтакор»ни чемпион қилиб юборгани «Нефтчи»дан истиҳола қилгандир.  

Аммо бугун «Нефтчи»дан истиҳола қилишмаяпти.

 

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид