Жаҳон | 20:20 / 01.11.2017
16472
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон Қирғизистондан олиб кириши тақиқланган маҳсулотлар рўйхатини кенгайтирди

Қозоғистон маҳсулотлари олиб кирилиши тақиқланган Қирғизистон корхоналари реестрини кенгайтирган. Бу ҳақда «Тренд» агентлигига асосланиб, Kabar.kg хабар бермоқда.

Қозоғистон қишлоқ хўжалиги вазирлигининг хабар беришича, янгиланган рўйхатга Қирғизистоннинг «Шин-Лайн» МЧЖ, «Талас-Сут» ЁАЖ, «Елимай» МЧЖ, «Ақ-Сут» ОАЖ ва «Тууганбаев» ХК каби компаниялари киритилган.

24 октябрь куни Қозоғистон Қирғизистондан олиб кирилаётган 400 тоннадан ортиқ меваларни қайтариб юборган. Карантин остидаги маҳсулотларни олиб кириш билан боғлиқ 59та ҳолатдан 41таси Қирғизистон маҳсулотлари билан боғлиқ бўлган. Уларнинг 11тасида маҳсулотлар мажбурий фитосанитария сертификатисиз (олма ва ноклар — 93,3 тонна, узум — 21 тонна, лавлаги — 4 тонна) олиб кирилган. Яна бир неча кун ўтиб Алматида Қирғизистондан келтирилган сут маҳсулотлари йўқ қилинган.

Душанба куни пайдо бўлган маълумотга кўра, Қозоғистон Қирғизистонда етиштирилган 3,5 тонна форель балиғи ва 15 килограмм форель увилдириғини олиб қўйган ва йўқ қилишга чоғланмоқда.

Илгари, октябрь ойида Қирғизистон президети Алмазбек Атамбоев бир неча бор Қозоғистон раҳбарияти номига кескин айбловлар билан чиқиш қилган эди. Атамбоев, хусусан, Қозоғистон раҳбарияти ўзига қулай президентни Қирғизистонга тиқиштираётгани, Бакиевларни севиши ва ўз мамлакатини талон-тарож қилишаётганини айтиб ўтган эди. Бу воқеалардан кўп ўтмай икки мамлакат фуқаролари ва хорижий сайёҳлар қозоқ-қирғиз чегарасини кесиб ўтишда муаммоларга дуч кела бошлашган.

Мавзуга оид