Жаҳон | 08:00 / 01.11.2017
59270
2 дақиқада ўқилади

Нью-Йоркдаги теракт Ўзбекистон фуқароси томонидан содир этилгани гумон қилинмоқда

Фото: Reuters

31 октябрда Нью-Йоркнинг Қуйи Манхэттен туманида, Жаҳон савдо маркази ёнида содир этилган терактни Ўзбекистон фуқароси Сайфулло Соипов амалга оширганликда гумон қилинмоқда. Бу ҳақда ўз манбаларига иқтибос келтирган ҳолда CNN телеканали хабар бермоқда.  

Таъкидланишича, 29 ёшли Соипов АҚШга 2010 йилда келган. Охирги вақт у Флорида штатидаги Тампа шаҳрида яшаган.

Эслатиб ўтамиз, гумонланувчи юк машинасида велосипедчилар учун мўлжалланган йўлкага катта тезликда чиқиб, бир неча пиёдаларни уриб кетган. Сўнгра мактаб автобусига бориб урилган. Бунинг оқибатида охирги маълумотларга кўра, 8 киши ҳалок бўлган, 15 киши яраланган. Жиноятчи полиция томондан яраланган ва шифохонага етказилган. 

Дастлаб жиноятчи машинадан тушгач отишма бошлагани, у пневматик ва  пейнтбол ўйини учун мўлжалланган тўппончалар билан қуроллангани маълум қилинганди. Бироқ кейинроқ полиция бошлиғи Жеймс ОʼНилнинг маълум қилишича, жиноятчида фақатгина пейнтбол тўппончаси бўлган ва у ён-атрофдаги одамларга ўқ узмаган.

Маълум қилинишича, ҳужум оқибатида Бельгиянинг бир фуқароси ҳалок бўлган ва 3 фуқароси яраланган. Шунингдек, Аргентинанинг 5 фуқароси ҳалок бўлган ва бир фуқароси  жароҳат олган.

NBC телеканалининг полициядаги манбаларга иқтибос келтирган ҳолда маълум қилишича, гумонланувчи машинада ҳужумни ИШИД номидан амалга ошираётгани ҳақида хат қолдирган.

АҚШ президенти Дональд Трамп терактда ҳалок бўлганлар оилаларига ҳамдардлик билдирди ҳамда АҚШ ўз ҳудудига ИШИДнинг киришига йўл қўймаслигини айтган.

Мавзуга оид