Қирғизистон президентлигига номзод бўлган Бабанов ўзбекларга қилган мурожаати сабаб қамалиши мумкин
Қирғизистон бош прокуратураси Жўқорғи Кенеш депутати Омурбек Бабанов ва бошқа шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатди.
«Республика — Ата Журт» партияси етакчиси конституциявий тузумни зўравонлик билан ўзгартириш ҳамда миллий, ирқий ва диний нифоқни авж олдириш бўйича оммавий баёнотлар беришда айбланмоқда.
Бош прокуратура матбуот хизматининг хабар қилишича, гап Омурбек Бабановнинг Ўш шаҳридаги «Амир Темур» кичик тумани аҳолиси билан сайловолди ташвиқоти доирасида 28 сентябрь кунги учрашувда қилган чиқиши ҳақида кетмоқда.
«Омурбек Бабанов йиғилганлар олдида чиқиш қилиб, аҳолининг ўзбеклар қисми овозларини олишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. У ўзбеклар ҳуқуқларининг чекланиши, мамлакатдаги миллий нотенглик ва давлат органлари томонидан ўзбекларга босим ҳақида гапирган. Шундан сўнг уларни бу ҳолатга фаол қаршилик қилишга чақирди», - дея аниқлик киритиб ўтишган Бош прокуратурадан.
Филология ва сиёсий экспертиза, таъкидланишича, Бабановнинг бу оммавий баёнотларида миллий низо қўзғашга, одамларни бўйсунмасликка ва ҳокимиятни ағдаришга қаратилган чақириқлари борлигини аниқлади. «Шунингдек, Давлат суд-экспертизаси хизматининг хулосасига биноан, электрон оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган ушбу нутқда монтаж белгилари йўқлиги аниқланди», - дейилади Бош прокуратура хабарида.
Жиноий иш Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг 297-моддаси 1-қисми (конституциявий тузумни зўравонлик билан ўзгартиришга чақириқ) ва 299-моддаси 1-қисми (миллий, ирқий ёки диний нифоқни қўзғатиш) билан назарда тутилган ҳолатлар асосида қўзғатилди. Иш кейинчалик терговни ташкил этиш учун Қирғизистон Республикаси Давлат миллий хавфсизлик қўмитасига юборилган.
Мавзуга оид
22:01 / 12.11.2024
Қирғизистонда ҳокимиятни эгаллашга тайёргарлик кўрган етти киши қўлга олинди
16:44 / 11.11.2024
Саудия тараққиёт жамғармаси Қирғизистонда 38 та мактаб қуриб беради
17:21 / 06.11.2024
Туркий давлатлар ташкилоти саммитида 8 та ҳужжат имзоланди
21:34 / 05.11.2024