Жаҳон | 23:32 / 22.11.2017
9903
6 дақиқада ўқилади

Сочида Путин, Эрдўған ва Руҳоний Сурия масаласида музокара олиб боришди

Фото: РИА "Новости"

Россия Федерациясининг Сочи шаҳридаги Бочаров Ручей қароргоҳида Россия президенти Владимир Путин, Эрон президенти Ҳасан Руҳоний ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг Суриядаги вазиятни тартибга солиш бўйича уч томонлама музокаралари бўлиб ўтди. Икки соатдан зиёд давом этган музокаралардан сўнг президентлар журналистлар олдида чиқиш қилишди, дейилади РИА Новости томонидан тарқатилган хабарларда.

Россия ва Эрон етакчилари билан Сочида ўзаро ишонч чораларини мустаҳкамлаш ҳақида келишиб олдик, деган Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған.

«Бизнинг жаноб Путин билан ҳам, жаноб Руҳоний билан ҳам маслаҳатлашувларимизда ўзаро ишончни мустаҳкамлаш кераклигига урғу бердик. Бу чораларни босқичма-босқич амалга ошириш учун Суриядаги одамларга инсонпарварлик ёрдамлари тўсиқсиз ва узлуксиз етиб боришини таъминлашимиз керак», деган Эрдўған Руҳоний ва Путин билан музокаралари якуни бўйича.

«Биз бошқа соҳаларда ҳам муносабатларни янада ривожлантириш бўйича якдил фикрга келдик», — деган матбуот анжуманида Эрдўған.

Туркия президентининг таъкидлашича, томонлар Сурия халқининг кенг миқёсли, эркин, адолатли сиёсий жараёнларни амалга ошириши учун қўллаш зарурлиги ҳақида якдил фикрга келишган.

Учрашув аввалида Владимир Путин Сурия бўйича Остона жараёнларида Туркия ва Эрон президентларининг саъй-ҳаракатларини алоҳида таъкидлаб ўтди: «Уларсиз жанговар ҳаракатлар ҳанузгача тўхтамаган бўлар эди».

Шунингдек, Путин Россия, Эрон ва Туркиянинг саъй-ҳаракатлари билан Суриянинг парчаланиб кетиши, унинг халқаро террорчилар томонидан эгаллаб олиниши ва гуманитар ҳалокат юз беришининг олди олинганини қайд этиб ўтди. Сочидаги учтомонлама учрашув Суриядаги ижобий ўзгаришларни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш учун хизмат қилади, деди Путин.

Эрдўған ва Руҳоний билан учрашуви ҳақида гапирар экан, Россия президенти Владимир Путин ушбу музокаралар жуда муфассал бўлгани, минтақада барқарорликни тартибга солишнинг барча жиҳатлари икир-чикиригача муҳокама этилганини таъкидлаб ўтди.

Уч давлат етакчилари Сочи учрашувида Сурия суверенитети, бирлиги ва ҳудудий яхлитлигини сақлаб қолиш муҳим эканлигини тасдиқлашди, деди РФ президенти Владимир Путин.

«Ушбу мамлакатда тинчлик ва барқарорлик ўрнатилиши, унинг суверенитети, бирлиги ва ҳудудий яхлитлиги сақланиши учун бундан кейин ҳам фаол ҳаракат қилиш борасида келишиб олдик», — деган В.Путин.

Президентлар ИШИД террорчилик гуруҳини батамом яксон қилиш учун ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олишган. Бу ҳақда Сочи учрашув якунларига бағишланган якуний баёнотда таъкидланган.

«Кафиллик берувчи давлатлар сифатида Россия, Эрон ва Туркия жанговар ҳаракатларни тугатиш, қайноқ нуқталарни озайтириш, ихтилофлашаётган томонлар ўртасида ишончни юксалтириш устида жипс иш олиб боришлари керак», — деди Путин.

«Мамнуният билан қайд этишим лозимки, Эрон ва Туркия президентлари Сурияда миллий мулоқот бўйича умумсурия форум-конгрессини чақириш ташаббусини қўллаб-қувватлашди. Бу муҳим тадбирни юқори даражада, Суриядаги жамоатчиликнинг кенг қатламини жалб этган ҳолда ўтказишга келишиб олинди», — дея қўшимча қилди Путин.

- Сурия тақдирини фақатгина шу мамлакат вакиллари, жумладан, жорий ҳукумат тарафдорлари ва мухолифатдагилар ҳал қилиши керак, – деди РФ президенти Владимир Путин.

Унинг айтишича, миллий мулоқот Конгресси турли сиёсий партиялар, ички ва ташқи мухолифат, этник ва конфессионал гуруҳлардан делегатлар йиғиши ва Сурия учун умуммиллий кун тартибидаги асосий масалаларни кўриб чиқиши керак.

Россия, Эрон ва Туркия томонидан қабул қилинган қарорлар Суриядаги вазиятни мувозанатга келтириш учун хизмат қилади, – деди Эрон президенти Ҳасан Руҳоний.

«Бу учрашувнинг муҳимлиги шундаки, биз қабул қилган қарорлар Суриядаги вазиятни барқарорлаштиришга ва Остона жараёнларига ёрдам беришга хизмат қилади», – деди Руҳоний.

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний Сурия ва Ироқдаги ИШИД базалари батамом йўқ қилинганини таъкидлаб ўтди.

«Сурия ва Ироқдаги ИШИД базаларининг катта қисми йўқ қилинди, минтақада терроризмга қарши курашиш учун келишув шакллантирилган. Терроризм ҳеч бир мамлакат учун қурол бўлмаслиги керак, ҳар қандай шароитда терроризм мамлакат учун таҳдидлигича қолаверади, ҳозир кўриб турибмизки, ўз вақтида ИШИДга ёрдам берган мамлакатларнинг ўзи эндиликда ИШИДнинг нишони бўлиб турибди», – деди Руҳоний.

«Минтақанинг халқалари ва мамлакатлари Сурияда сунъий пайдо қилинган инқироздан сабоқ чиқармоқлари керак. Бу сабоқ шундан иборатки, халқ ҳокимияти ва инсон ҳуқуқларига даъво қилаётган баъзи бир барқудрат давлатлар ўзларининг минтақада узоқни кўра олмай қўл урилган мақсадлари учун терроризмдан кенг фойдаланишдан ҳам тап тортишмади», – деди Эрон етакчиси.

Тузилажак миллий мулоқот Конгресси ҳақида гапирар экан, Руҳоний бу Сурия Араб Республикасида барқарорликка эришиш ва Сурияда конституция асосида эркин сайловлар ўтказиш учун янги қадам бўлажагини таъкидлаб ўтди.

«Биз ўз позициямизни билдириб ўтдик, барча уч давлат миллий мулоқот Конгрессини шу ерда — Сочида ўтказиш керак, деган қарорга келишди», – деди Руҳоний.

Мавзуга оид