Фан-техника | 17:11 / 23.11.2017
52605
6 дақиқада ўқилади

2017 йилнинг энг асосий 10 ихтироси

TIME журнали ҳар йили йилнинг энг яхши ихтиролари рўйхатини эълон қилади. Бу йил ҳам истисно бўлмади. Қуйида жорий йилдаги энг эътиборга молик ихтиролар ўнлигини эътиборингизга ҳавола этамиз.

1. Мулоқот қила оладиган робот

Фото: Jibo, Inc.; Allison Schaller

Нархи — 899 доллар

Amazon Echo ва Google Home каби овозли ёрдамчилар билан жиҳозланган ақлли карнайлардан фарқли ўлароқ, Jibo тирик мавжудотга ўхшайди. Унинг дизайни Pixar студияси персонажларини эсга солади: ҳис-ҳаяжонлар катта юмалоқ юзда анимациялашган белгилар ёрдамида ифодаланади. Jibo кула олади, рақсга тушади, чақирилганда эгаси томон бурилади. Бу ёрдамчи ҳали анча такомиллаштирилиши керак: у эгасига янгиликлар лентасини тақдим этиб, суратга тушира олади, бироқ мусиқа ижро этолмайди. Uber каби ташқи иловаларни ишга туширолмайди. Нима бўлганда ҳам, бу мўъжаз робот инсон қиёфасидаги янги роботлар ичра биринчи қалдирғоч ҳисобланади.

 

2. eSight

Фото: TIME

Нархи — 9995 доллар

Кўз нуридан ажралган миллионлаб инсонлар кўчада юриш учун ҳасса ёки етакловчи итлардан фойдаланишади. Ушбу янги ақлли кўзойнак уларга ёрдам беради. eSight юқори тиниқликда видео ёзади ва унинг контрастлигини ошириб, қайта ишлайди. Натижада жуда ёмон кўрадиган инсонлар ҳам ёруғ оламни кўриши мумкин. Бу уларга, масалан, спорт билан шуғулланиш имконини беради. Кенг омма харид қилиши учун ҳозирча қурилманинг баҳоси жуда юқори, лекин ундан фойдаланилаётган харидорлар сони 1000 дан ошган.

 

3. Thyssenkrupp

 

Фото: TIME

Thyssenkrupp MULTI — худди юқори тезликка эга поездлардагидек, магнитли левитация технологиясидан фойдаланиладиган лифтлар тизимидир. Лифт кабиналари вертикал ва горизонтал ҳаракат қилиб, бири тўхтаб иккинчисини ўтказиб юбориши ҳам мумкин. Бу нафақат лифт кутиш вақтини қисқартиради, шунингдек, бинолар қурилишига ҳам жузъий ўзгартиришлар киритади. Бу йил синовдан муваффақиятли ўтгач, дастлабки MULTI Берлинда 2021 йилда ишга тушади.

 

4. Apple iPhone X

Фото: TIME

Нархи — 999 доллар

Iphone X — экрани бутун сиртини қоплаб олган, кучли процессор ва эгасини таниб оладиган камерага эга дунёдаги энг мураккаб смартфон бўлса керак. Минг долларга яқин нарх уни “Айфон”лар ичида энг қимматига айлантиради. Нархининг баландлигига сабаб шуки, қурилманинг мўъжаз сиғими кўплаб мураккаб технологияларни ўзида жамлаган. Компаниядагиларнинг айтишича, iPhone’нинг янги авлодларида қандай инновациялар пайдо бўлишини ҳам улар аллақачон билишади.

 

5. Nike Pro Hijab

Фото: TIME

Нархи — 35 доллар

Ҳижобда спорт билан шуғулланиш қийин: агар мато дағал бўлса у спортчи аёлни терлашга мажбур қилади, енгил бўлса мусобақа давомида сирғалиб тушиши мумкин. Nike’s Pro Hijab бу муаммога барҳам беради. Анъанавий ҳижобдан фарқли ўлароқ у енгил нафас оладиган матодан тайёрланган ва ўзига намни сингдиради. Энди мусулмон аёллар анъанавий қадриятларга риоя қилиш ва спорт билан шуғулланиш ўртасида иккиланиб ўтиришмайди.

 

6. Tesla Model 3

 

Фото: TIME

Электр автомобиллар одатда жуда қиммат ва юриш масофаси ҳам чекланган. Tesla томонидан ишлаб чиқилган Model 3 ҳар икки муаммони ҳам бартараф этади: бу машинанинг нархи 35 минг доллар, бир қувватлашда босиб ўтадиган масофаси эса 320 км. Истеъмолчилар унга жуда қизиқиб қолишган ва Model 3’ни оммавий равишда харид қилишга тайёр, бироқ ишлаб чиқарувчи ҳанузгача машинани ваъда қилинган даражада етказиб бера олмаяпти. Илон Маск янги модель билан боғлиқ ҳолатни «ишлаб чиқариш жаҳаннами» деб атамоқда, бироқ келажакка оптимистик кайфиятда боқмоқда.

 

7. DJI Spark

 

Фото: TIME

Нархи — 499 доллар

Сўнгги йиллар ичида учувчисиз бошқариладиган қурилмалар ўз қўлланилиш соҳасини картографиялаштиришдан тортиб, қидирув-қутқарув ишларигача ўзгартирди. DJI Spark дронининг мақсади оддийгина: ўта сифатли сурат ва видеолар олиш. Бу қурилманинг афзаллиги — бошқарувнинг осонлиги (имо-ишоралар ёрдамида), ҳавода турғун тура олиши ва нисбатан арзонлигида. Spark учувчисиз бошқариладиган учар қурилмаларининг нархида асосий саноқ нуқтаси бўлиши мумкин.

 

8. Bempu

Фото: TIME

Нархи — 28 доллар

Муддатидан аввал, чала туғилган чақалоқлар иссиқлик йўқотилишидан кўп азият чекишади ва бу уларнинг саломатлигига салбий таъсир ўтказиши мумкин. Bempu билаклиги чақалоқнинг қўлига тақилади ва унинг ҳароратини назорат қилади. Агар ҳарорат кескин тушиб кетса, у безовталаниб сигнал чалади ва зарғалдоқ чироғини ёқади. Қурилма аллақачон Ҳиндистон ва яна 25 давлатдаги 10 мингдан зиёд чақалоққа ёрдам берган.

 

9. Nintendo Switch

Фото: TIME

Нархи — 300 доллар

Nintendo Switch билан уйдан чиқиб кетиб ҳам ўйнашда давом этишингиз мумкин. Қурилма таркибига чўнтак планшети киради ва яна бир ўйинчига юриб туриб ҳам ўйинда иштирок этиш имконини беради. Шунингдек, мавжуд икки контроллер ёрдамида бир неча фойдаланувчи ўзаро ўйнашлари мумкин. Уйга қайтган киши яна уйда турган консолга уланиб, ўйинни давом эттиради. Бундай қулайлик фойдаланувчиларга жуда маъқул келди ва Nintendo 7,63 млн. қурилмани пуллаб бўлди.

 

10. Спиннер

Фото: TIME

Спиннерларни севишингиз ёки улардан нафратланишингиз мумкин, бироқ бир нарсани тан олмасдан илож йўқ: ўтиб бораётган йилда улар ҳамма ёққа тарқалди (гарчи ихтиро қилинганига анча бўлган бўлса-да). Спиннерларга қизиқиш вирус тусини олди. Айримлар бу ўйинчоқлар аутизм, эътибор ва гиперактивлик етишмаслиги синдромида ёрдам бериши мумкинлигини таъкидлашган бўлса-да, бунга исбот келтирилмаган. Бироқ, спиннер болакайни, ҳаттоки катта инсонни ҳам узоқ вақт овутиб тура олади.

Мавзуга оид