Жаҳон | 15:43 / 24.11.2017
9921
2 дақиқада ўқилади

Покистонда 166 кишининг умрига зомин бўлишда гумонланган шахс озод этилди

Фото: NDTV

2008 йилда Мумбайда юз берган терактнинг эҳтимолий ташкилотчиси Ҳофиз Муҳаммад Саид Покистонда 10 ойлик уй қамоғидан сўнг озодликка чиқарилди. Бу ҳақда NDTV телеканали хабар бермоқда.

22 ноябрь куни Панжоб вилоятидаги Лаҳор олий суди Ҳофиз Саидни уй қамоғи муддати якунлангани туфайли озод этиш тўғрисида қарор чиқарди.

"Биз етакчимизни эркинликда кўришдан бахтиёрмиз. Энди у – озод инсон", - дея маълум қилди "Жамоат-уд-Дава" ташкилоти матбуот котиби Аҳмад Надим журналистларга.

Ўз навбатида, Саиднинг ўз тарафдорларига маълум қилишича, аввалроқ ўзига қўйилган айбловларни тан олмайди. "Менинг Кашмирни қўллаб-қувватловчи овозимни ўчириш учун 10 ой давомида сақлаб туришди", - дея айтиб ўтган ташкилот етакчиси. Унинг таъкидлашича, Кашмирнинг Ҳиндистондан ажралиб чиқиши учун кураш олиб боришни давом эттириш ниятида.

Мумбайда ҳужум 2008 йилнинг 26 ноябрь куни юз берганди. Ўн нафар террорчи шаҳарга Покистоннинг Карачи портидан денгиз орқали келган. Улар гуруҳларга бўлиниб, одамларни кўчалар, кафелар, вокзалда ўққа тутишган, сўнг беш юлдузли меҳмонхоналарга жойлашиб олишган ва икки кун давомида махсус топшириқли гуруҳ ходимларига қаршилик кўрсатишган. Жангарилар туфайли 166 киши ҳаётдан бевақт кўз юмган.

Мавзуга оид