Фото: Туркиялик журналистлар Самарқандда
Самарқандга етиб келган Туркиялик журналистлар учун кеча кўҳна ва навқирон шаҳарнинг диққатга сазовор қадимий жойларига экскурсия уюштирилди.
Аввало улар қадимий шаҳарнинг бош майдони — Регистонга боришди. Уларга майдондаги мадрасаларнинг яратилиш тарихи, уларда ишлатилган ёзувлар ва нақшлар ҳақида сўзлаб берилди. Кошинларни безаб турган нақшларнинг қай тарзда яратилиши устахонада кўрсатиб берилди.
«Регистон» майдонининг улуғворлигидан ҳайратга тушган «Йени бирлик» газетаси мухбири Муса Алиўғли шундай деди:
— Ўзбекистон ота юртимиздир, бу табаррук заминда бўлиш биз учун юксак шараф. Бизни қардошлардек кутиб олишгани ва меҳмондўстлик кўрсатилаётгани қувонтирмоқда. Ўзбекистон бизга қардош давлат. Тил борасида ҳам бирор қийинчилик вужудга келаётгани йўқ. Ҳали самолётда учиб келаётиб, самолёт саҳнидаги журналларни варақлаб, ўзбек тилида битилган матнни бемалол 70-80 фоизини ўқиб тушунишимни англадим. Чунки ўзбек тили туркий тиллар ичида Туркия туркчасига энг яқин тиллардан бири.
Гўри Амир мақбарасига ҳам саёҳат уюштирилди. Меҳмонларга Амир Темурнинг туркий халқлар тарихида тутган ўрни ҳақида сўзлаб берилди.
— Давлатларимиз бошқонларининг ташаббуси билан ташкил этилган ушбу сафардан жуда ҳам хурсандмиз, — деди Туркиянинг «Анадолу» ахборот агентлиги Истанбул бўлими бошлиғи Ҳусейн Олтинолар. — Бизни Самарқандда юксак ҳурмат-эҳтиром билан кутиб олишди, самимий муносабатлар кайфиятимизни янада кўтарди. Бу шаҳардаги тарихий обидалар ҳақиқатдан ҳам жуда ҳайратланарли экан. Туркияда Ўзбекистон ҳақида билишади, лекин бу юртни кўриш, унинг гўзалликларидан баҳраманд бўлишнинг завқи бошқача. Мен ўз юртимга боргач, Ўзбекистон, унинг гўзал шаҳри Самарқанд ҳақида албатта мақолалар ёзаман.
Меҳмонлар Шоҳи Зинда мажмуасида бўлиб, саҳоба Қусам ибн Аббос мақбарасини, шунингдек, Абу Мансур Мотурудий мақбарасини ҳам зиёрат қилишди.
Кечқурун шаҳардаги «Эл мероси» театрида Ўзбекистонда яшаган тарихий халқларнинг миллоддан аввалги даврдан токи шу кунгача бўлган миллий либослари кўргазмаси бўлиб ўтди. Театр раҳбари Юсуф Абдуллаев хорижий меҳмонларни қутлаб, театр фаолияти билан таништирди. Қайд этиш керак, шу куни Афғонистонда байналмилаллик бурчини ўтаган фахрийларнинг ҳам республика учрашуви ташкиллаштирилган экан. Ю.Абдуллаев Афғонистондаги фаолияти ҳақида ҳам қисқача сўзлаб берди ҳамда бугунги тинч ва осойишта кунлар қадри ҳақида гапириб, икки қардош туркий халқлар орасидаги дўстлик ва ҳамкорликнинг янада равнақ топишига ишонч билдирди.
Туркиялик журналистлар бугун Бухоро шаҳридаги осори-атиқалар билан таништирилади. Улар бугун кечқурун яна Самарқандга қайтиб келишади. Эртага Самарқандда яна экскурсия ҳамда матбуот анжумани ташкиллаштирилади. Сўнгра ҳамкасбларимиз Самарқанд – Истанбул рейси билан Туркияга учиб кетишади.
Шуҳрат Шокиржонов,
KUN.UZ мухбири.
Мавзуга оид
08:10 / 21.11.2024
Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятини ривожлантириш юзасидан йиғилиш ўтказди
08:51 / 20.11.2024
Тўрт туманда 614 млн сўмлик электр ва газдан ноқонуний фойдаланилгани аниқланди
13:49 / 14.11.2024
Самарқандда ўқувчи автобус уриб юбориши оқибатида ҳалок бўлди
09:28 / 08.11.2024