Ўзбекистон | 22:15 / 29.11.2017
36300
9 дақиқада ўқилади

Инновацион ривожланиш вазирлигини ташкил этиш тўғрисида Президент фармони қабул қилинди

Фото: Президент матбуот маркази

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигини ташкил этиш тўғрисида»ги фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилади.

Янги вазирликнинг асосий фаолият йўналишлари қуйидагилар хисобланади:

а) давлат ва жамият қурилишига инновацияларни жорий этиш соҳасида:

  • инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни ишлаб чиқишни, давлат ва жамият бошқаруви тизимини ривожлантириш, давлат хизматлари сифатини оширишга қаратилган илмий тадқиқотларни ўтказишни ташкил этиш;
  • давлат-хусусий шериклик механизмларини, энг аввало, инфратузилма объектлари ва ресурслар энг кўп сарф қилинадиган тармоқларда кенг жорий этишга кўмаклашиш;
  • долзарб муаммоларни, энг аввало, жойлардаги муаммоларни ҳал этишда давлат органларининг фуқаролик жамияти институтлари ва аҳоли билан ўзаро ҳамкорлигининг инновацион ёндашувларини ишлаб чиқиш;
  • жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг замонавий механизмларини жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

б) иқтисодиёт тармоқларига инновацияларни жорий этиш соҳасида:

  • мамлакатимиздаги инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни тарғиб қилиш ва улардан амалий фойдаланишнинг механизмларини шакллантириш, бозорнинг тез ўзгарувчан жаҳон конъюнктурасини ҳисобга олган ҳолда миллий иқтисодиётни жадал ривожлантиришга кўмаклашишга қаратилган илмий тадқиқотлар ўтказишни ташкил этиш;
  • атроф-муҳитнинг ифлосланиш даражасини пасайтириш имконини берувчи экологик тоза технологияларни қўллаган ҳолда унумдорликни оширишни назарда тутадиган «яшил иқтисодиёт» технологияларининг принципларини ишлаб чиқиш ва жорий этишга кўмаклашиш;
  • республика инновацион салоҳиятининг, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари, технопарклар, шунингдек, логистик хаблар фаолияти самарадорлигининг ўсишига фаол кўмаклашиш;
  • макроиқтисодий, солиқ-бюджет, пул-кредит параметрлари, шунингдек, интеграция жараёнларининг иқтисодиётга таъсирини баҳолаш билан ўзаро боғлиқликда иқтисодиёт тармоқларини ўрта ва узоқ муддатли ривожлантириш сценарийларини шакллантиришга кўмаклашиш;
  • хизматлар соҳасини тубдан такомиллаштириш, энг аввало, инновацион ишланмалар ва технологияларни жорий этиш ҳисобига уларнинг сифатини ва ялпи ички маҳсулотни шакллантиришдаги ролини ошириш;
  • инновацион ёндашувлар ва технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш орқали туризм соҳасининг рақобатбардошлигини тубдан ошириш бўйича таклифлар киритиш;
  • инновацияларни жорий этиш ва ҳудудлар иқтисодиётини диверсификация қилиш кўламини кенгайтириш, ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан орқада қолган туман ва шаҳарларни жадал ривожлантириш ҳисобига ҳудудлар иқтисодий тараққиётидаги номутаносибликларнинг олдини олиш;

в) қишлоқ хўжалигига инновацияларни жорий этиш соҳасида:

  • энг аввало, мавжуд ер, сув ва бошқа табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш имконини берувчи «Ақлли қишлоқ хўжалиги» концепциясига асосланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг замонавий синалган шаклларини жорий этиш бўйича таклифлар киритиш;
  • аграр секторда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини максимал даражада автоматлаштириш, ҳосилдорликни жиддий ошириш ва молиявий кўрсаткичларни яхшилаш, шунингдек, мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш имконини берувчи инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни жорий этишга кўмаклашиш;
  • қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг жаҳон бозоридаги рақобатбардошлигини, шу жумладан йирик ритейлерлар ёрдамида таъминлаш орқали савдо бозорларини ва уларни тўғридан-тўғри етказиб беришни кенгайтиришга кўмаклашиш;

г) ижтимоий ривожланишга инновацияларни жорий этиш соҳасида:

  • таълим тизимида инновацияларни, шу жумладан ўқитишнинг замонавий, интерактив ва ижодий услубларини жорий этиш орқали тарғиб қилишга кўмаклашиш, рақамли технологиялардан кенг фойдаланишни назарда тутувчи инновацион ўқув дастурларини ишлаб чиқишни таъминлаш;
  • соғлиқни сақлаш тизимини, шу жумладан касалликларни барвақт аниқлаш ва профилактика қилишни таъминлайдиган илғор технологияларни, «Ақлли тиббиёт» ва «Ягона тиббиёт ахборот маркази» концепцияларини жорий этиш орқали жадал ривожлантиришга, шунингдек, аҳолининг узоқ умр кўриши учун қўшимча шароитлар яратишга кўмаклашиш;
  • «Хавфсиз шаҳар», «Ақлли шаҳар» концепцияларини жорий этишни, соғлом турмуш тарзини оммалаштириш учун зарур шароитларни таъминлайдиган маданий, спорт ва бошқа объектларни ташкил қилишни ҳам назарда тутувчи илғор стандартларни ҳисобга олган ҳолда, шаҳарсозликнинг фақат бош режалар, режалаштириш ва қурилиш лойиҳаларига мувофиқ изчил ривожланишини таъминлашга кўмаклашиш;

д) атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш тизимига инновацияларни жорий этиш соҳасида:

  • атроф-муҳит ифлосланишини камайтиришга, жумладан, атмосфера ҳавосига чиқариладиган ифлослантирувчи моддаларни, сув объектларига ташланадиган оқова сувларни камайтиришга, биологик хилма-хиллик ва экотизимни сақлашга қаратилган инновацион технологик ечимлар ишлаб чиқиш;
  • атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уларни қайта ишлаб чиқариш бўйича инновацион ғоялар ва ишланмаларнинг, жумладан, муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш, энергия тежамкор, экологик тоза автотранспорт ёқилғисини ишлаб чиқариш технологиялари, чанг ва газдан тозаловчи технологияларнинг амалда қўлланишига кўмаклашиш;
  • сувдан фойдаланиш тизимини, шу жумладан сувни тозалаш, чучуклаштириш, оқова сувлардан қайта фойдаланиш ва сув тежашнинг инновацион технологияларини жорий этиш орқали такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
  • маиший ва саноат чиқиндиларини қайта ишлаш, шу жумладан энергия ва биоўғитларни ишлаб чиқариш учун юқори технологияларни жорий этиш бўйича илмий асослантирилган таклифлар ишлаб чиқиш;
  • иқтисодиётнинг энергия ва ресурс сарфини қисқартириш, энергия тежайдиган технологияларни ишлаб чиқаришга кенг жорий этиш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш бўйича дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;

е) илғор технологиялар жорий этилишини ташаббус қилиш, мувофиқлаштириш ва рағбатлантириш соҳасида:

  • инновацион тадқиқотлар, ғоялар, ишланмалар ва технологияларни рағбатлантиришнинг самарали тизимини яратиш, шунингдек, истиқболли фундаментал ва амалий тадқиқотлар ҳамда новаторлик ғояларини, шу жумладан норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш орқали ишлаб чиқиш;
  • имтиёз ва преференциялар тақдим қилиш, кўргазма тадбирларини ташкил этиш, етакчи хорижий илмий-тадқиқот муассасалари билан ўзаро манфаатли яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали инновацион илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш;
  • юқори технологик маҳсулотларни ишлаб чиқиш бўйича таълим, илмий-тадқиқот ва бошқа муассасалар, илмий-экспериментал ихтисослаштирилган лабораториялар, юқори технологиялар марказлари, технопарклар ва бошқа инновацияга йўналтирилган тузилмаларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш (илмий-тадқиқот ишлари қисмида), шунингдек, уларнинг моддий-техника ва илмий салоҳиятини мустаҳкамлашга кўмаклашиш;
  • инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни ишлаб чиқиш ва тижоратлаштириш бўйича замонавий илмий-технологик комплекслар, бизнес-инкубаторлар, стартап-акселераторларни, шу жумладан етакчи жаҳон ишлаб чиқарувчиларини жалб қилган ҳолда ташкил этиш, шунингдек, IT-инфратузилмани ривожлантиришга кўмаклашиш;
  • узоқ муддатли технологик ривожланиш эҳтиёжлари ва тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда замонавий юқори технологик ишлаб чиқаришни, шу жумладан янги авлод транспорт воситалари, робот техникалари ва юқори технологик маҳсулотларнинг бошқа турларини маҳаллийлаштириш бўйича лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш юзасидан ташаббус кўрсатиш;
  • маҳаллий инновацион маҳсулотларни, шу жумладан расмийлаштирилган халқаро патент ва лицензиялар асосида жорий этиш, ички ва жаҳон бозорларига йўналтириш имконини берувчи самарали механизмларни ишлаб чиқиш.

Вазирлик:

  • Ўзбекистон Республикасини инновацион ва илмий-техник ривожлантириш соҳасида жамият ва давлат ҳаётини ҳар томонлама ривожлантиришга, мамлакатнинг интеллектуал ва технологик салоҳиятини оширишга қаратилган ягона давлат сиёсатини амалга оширади;
  • инновацион фаолиятни унинг самарадорлиги индикаторлари асосида баҳолайди, илғор технологияларни биринчи даражада жорий этиш талаб қилинадиган тегишли тармоқ ва соҳаларни ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилайди;
  • инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни жорий этиш масалалари бўйича давлат бошқаруви органлари, илмий-тадқиқот ва ахборот-таҳлил муассасалари ҳамда бошқа ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштиради;
  • илмий-тадқиқот, таълим ва бошқа муассасалар томонидан амалга ошириладиган давлат илмий-техникавий дастурлари ва лойиҳаларининг ягона буюртмачиси ҳисобланади;
  • юклатилган вазифалар доирасида давлат органлари ва бошқа ташкилотларда ишларнинг ҳолатини ўрганади, инновация фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифларни тўплаш ва умумлаштиришни амалга оширади;
  • Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади.

Вазирликнинг фаолият соҳасига кирувчи масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Вазирлик билан мажбурий тартибда келишилиши шарт этиб белиланди.

2018 йил 1 январдан бошлаб, Фан ва технологиялар бўйича Давлат комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги, Фан ва технологиялар бўйича Давлат комиссияси ҳузуридаги Илмий-техник фаолиятни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси ҳамда унинг Ижро этувчи дирекцияси тугатилади ва тугатилаётган идора ва муассасаларнинг бўшаётган штат бирликлари Вазирликка ўтказилади.

Мавзуга оид