Жамият | 20:00 / 01.12.2017
29352
13 дақиқада ўқилади

Пуч даъволарга алданаётган ожизалар

Шарқ аёли, хусусан ўзбек аёлининг шаклу шамойили, сийрати, маънавий оламининг шаклланишида ислом динининг таъсири беқиёс. Оила бошлиғи бўлган эркакка ҳурмат, шарм-ҳаё, андиша, итоаткорлик, сабр ва матонат барча даврларда ўзбек аёлининг муҳим хислати саналган. Ҳозирги глобал ўзгаришлар, маънавий қадриятлар эврилиш даврида жамият негизи бўлган оила мустаҳкамлигини оқила ва доно аёлларсиз тасаввур этиб бўлмайди.

Аёл — оила асосини сақловчи Ватанимиз келажаги, миллатимиз эртаси ва тараққиётини белгилаб берувчи куч — ёшларнинг бош тарбиячиси. Бинобарин, жамиятимизда ўзининг хулқ-атвори, онги ва тафаккури, фаҳм-фаросати, ақл-заковати ҳамда диди билан бошқаларга намуна бўлиб келаётган аёллар кўп. Аммо улар орасида аёл деган буюк номга доғ тушираётган ва унинг шаъни топталишига сабаб бўлаётганлар ҳам, афсуски топилади. Айниқса, ислом динини ниқоб қилиб, ўзларининг турли ғаразларини амалга оширишни мақсад қилган диний-экстремистик ва террорчи гуруҳларнинг пуч даъволарига алданиб қолаётган айрим аёллар муқаддас динимизга турли туҳмат тошлари отилишига сабаб бўлмоқдалар. Ислом динини ўзига ниқоб қилиб олиб ундан қурол сифатида фойдаланаётган экстремистик ташкилотлар ўз фаолиятларига мақсадли тарзда аёлларни жалб этиб, террорчилик ҳаракатларини амалга оширишда улардан "тирик бомба" сифатида фойдаланмоқда.

Ҳозирги кунда фаолият юритаётган диний экстремистик оқимларнинг аксарияти инсон шахсияти учун хавфли ҳисобланувчи террористик характерга эга.

Бу турдаги оқимлар инсон иродасига босим ўтказиш, унинг тафаккури, ҳиссиёти ва хулқ-атворини назорат қилиш мақсадида кишилар онгига руҳий таъсир ўтказиш услублари мажмуидан устамонлик билан фойдаланишади:

  • "Оз-оздан" технологияси — ёлланаётган аёлни қилинаётган кичик илтимослар орқали жиддий ёнбосишга мажбур қилиш. Масалан, намозга фақат биргаликда бориш, дам олиш кунларини биргаликда ўтказиш, ҳафтада бир кун кечқурунлари диний адабиёт ўқиш, жамоавий мажлисларда қатнашиш каби "илтимос"лар.
  • Доимий тарзда "мия ювиш" фаолияти амалга оширилади. Жалб этилаётган аёлга, ташкилот ғояларини амалга ошириш унинг шахсий ва жамиятдаги муаммоларини ҳал этишнинг энг мақбул йўли, деган ғоя тинмай уқтирилади.
  • Жамоавий таъсир. Янги аъзо аёл жамоа томонидан ягона ғояга йўналтирилган фикрлар билан "кўмиб" ташланади, ўйлаш ва фикрлашга имкон қолдирилмайди.
  • Эътироз билдириш ёки баҳслашиш имкони қолдирилмайди. Ўз фикрлари билан ёлғиз қолдирмаслик мақсадида жамоада янги бўлган аёлга тўхтовсиз равишда янгидан-янги маълумотлар берилади.
  • Танқид қилиш қобилияти ва бошқа шахсий хусусиятлар таъсирлантирилади. Ваъда қилинган олий мақомга эришиш учун бир қатор "маънавий" ва жисмоний машқларни бажариш лозимлиги тушунтирилади. Ўз вақтида овқатлантирмаслик ҳамда кам ухлатиш орқали қилинаётган ишлар ҳақида ўйлаш, атрофдаги воқеа-ҳодисалар юзасидан танқидий фикр юритишга бўш вақт қолдирилмайди.
  • Ижобий таъсир кучайтирилади. Аёлга нисбатан доим хушмуомала бўлинади, ғамхўрлик қилинади, унга "беғараз" моддий ёрдам кўрсатилади, аёл "илиқ муносабатлар", "диққат-эътибор" ва "ғамхўрлик" қуршовида қолади.
  • Ижтимоий алоқалар чекланади. Аста-секинлик билан аёлни ўқиш, ишини ташлаш, оиласидан узоқлаштириш, уй-жойини ўзгартиришга мажбур қиладилар.
  • Жамиятга қайтиш имконияти йўқ қилинади. Аёл бутунлай оқимга боғлиқ бўлиб қолади, унинг хеч қандай даромади, ижтимоий ҳимоячиси, тайинли касби бўлмайди. Оиласи ва дўстлари билан алоқалари узилгани боис орқага қайтишга йўл йўқдек кўринади. Аксарият ҳолларда радикал гуруҳлар аёлларни даъват этишда миллат ва дин танламайдилар, гуруҳдаги барча аёллар бир-бирига "опа-сингил", деб уқтирадилар.
  • Яшаб турган ҳаётлари даҳшатли тарзда таърифланади ва бунга ишонтирилади. Ўз ўрнида ҳаётидан норози аёл учун бу ўзини оқлаш, яъни "мен ёмонмас балки дунё, одамлар ёмон, шунинг учун мен қийналмоқдаман" фалсафасини юзага чиқаради.
  • Аёллар ғаразли ғоялар асосида ташкил этилган гуруҳга олиб борилади ва "ҳақиқий ҳаёт аслида мана шу", деб уқтирилади. Аёлларга бу каби "эътибор" ва "хушомад" шу қадар таъсир қиладики, бу ерда қолиш учун улар барча нарсага тайёр бўлади.
  • Ўз ғоялари ва "буюк" вазифалари, ўлим ва охират, жазо ҳақида шунчалик "буюк" нутқ сўзлайдиларки, аёлларда танқидий тафаккур йўқолиб, ўрнини тафаккурнинг ўзгармаслиги устунлик қила бошлайди.
  • Аёлга дунёни англаганидан буён "нотўғри" йўлда экани сингдирилади. Бунинг таъсирида аёл ўзи амал қилиб яшаб келган қадриятларидан воз кечади ва оқим ғоялари тузоғига илинади.
  • Ўз оиласи, яқинларини ўзи "ҳақ" деб билган йўлга киритиши кераклиги, унинг измига юрмаганлардан воз кечиши лозимлиги уқтирилади. Ҳар бир аёлга оқим етакчиси идеаллаштирилиб тасвирланади ва "у ҳеч қачон хато қилмайди" деган фикр сингдирилади.
  • Гуруҳ вакиллари аёлларда "мен"нинг устун бўлишини шакллантирадилар. Бунда, биз яхши, бошқалар эса ёмон, деган тамойилга амал қилинади.
  • Аёлларнинг мустақил фикрлаши, эркинлиги ва ҳатто бўш вақти ҳам назоратга олинади, натижада уларда ўз қобиғига ўралиб қолиш хислати шаклланади. Бу уларнинг қайсар, тушунарсиз ва тажовузкор бўлишига олиб келади.
  • Аёлларга жаннат, унинг аҳллари, тавсифларини шу қадар етказадиларки, натижада аёллар бу қоронғу дунёда қийналиб яшашдан боқий жаннатга кетиш учун барча нарсага тайёр бўлади.
  • Аёлларга ўз ҳиссиётларини жиловлаш лозимлиги уқтирилади. Натижада, аёлларда меҳр-оқибат, ҳиссиётлари билан бўлишиш каби хислатлар йўқолиб ўрнини эътиборсизлик, совуққонлик, ичга ютиш, сирлилик, атрофдагилар билан мулоқотга киришмаслик каби хусусиятлар шакллантирилади.
  • Аёлларни тайёрлашда "шаҳид"ликка маҳкумнинг онгини диний тақиқлардан чалғитиш мақсадида махсус танланган матнлардан иборат рисолалардан фойдаланилади. Бу каби рисолалар, ўз бандаларига ўлим юборадиган, ўзи эса абадий тирик ва ягона Аллоҳга ҳамду-санолар билан бошланади ва ўзини портлатиш орқали қурбон қилувчи шахс онгини бундан буён ҳаёт тантанаси ҳақида фикр қилиш имконияти йўқлигига тайёрлайди, аёлларнинг бу каби ҳаракатлари асослантирилади.

Одатда, даъватлар, аёлларнинг заиф нуқтасига эътибор берган ҳолда олиб борилади, бирорта аёл бу йўлнинг ҳамда бажариши лозим бўлган ишининг хато эканини ўз вақтида англаб, ортига қайтишни истаса, унинг қайтишига ҳеч қандай имкон қолдирилмайди, "биздан чиқиб ҳукуматга мурожаат қилсанг, улар сени аяб ўтирмайди, аксинча сени қаттиқ жазолайди. Ҳукумат иккимизни ҳам ҳимоя қила олиш даражасида эмас, сенинг ҳимоячинг ёлғиз Аллоҳ, демак Аллоҳ йўлида сен ўз жонингдан воз кечишинг, жиҳод қилишинг лозим, бу эса сенга тўғридан-тўғри жаннатий бўлишингни кафолатлайди", — деб қўрқитадилар. Бу каби гаплардан чўчиган аёллар гуруҳ раҳбарларининг ҳар қандай топшириғини бажаришга рози бўладилар.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, бундай "тўр"га илинган аёллар молиявий, шахсий ва ижтимоий омиллардан маҳрум бўлган қулга айланади. Тафаккурни усталик билан бошқариш эса, аёлни жисмонан, руҳан, ақлан ва ижтимоий жиҳатдан таназзулга учрашига олиб келади.

Террористик ташкилотларга жалб қилинган аёлларнинг гуруҳ ичида бажарадиган вазифалари серқирра ва муҳим ҳисобланади. Мутахассислар фикрига кўра, мутаассиб аёлнинг жамоа ичидаги вазифаларини қуйидаги уч туркумга ажратиш мумкин:

  • «Оналик бурчи» — она сифатида ёш фарзандлари онгида мутаассиблик уруғларини ундира боради. Жамоада террорчилик фаолияти учун «муносиб» ўринбосарлар тайёрлаб боради.
  • «Янгиларини жалб қила олиш маҳорати» — ҳамфикр, дардкаш қўшни, амма, хола, сингил, опа, она, мураббия сифатида жамоага янги ишонувчан заифаларни тортиб келади.
  • «Тарғибот қуроли» - коммуникация воситалари ривожланиб кетиши натижасида аёл киши айрим оқимлар қўлида тарғибот қуролига, кейин эса қурбонига айланмоқда. Айрим оқимлар одамлар эътиборини тортиш учун айнан аёл кишининг қурол кўтариб машқ қилиши, шаҳидлик белбоғини боғлаши, ўзини портлатиши олдидан айтган сўзлари туширилган роликларни оммалаштириш йўлидан бормоқда. Мазкур уч вазифаси билан аёл террорчиларнинг қўлида жуда самарали қурол сифатида хизмат қилмоқда.

Аёллардан гуруҳлар пайдо қилишда фойдаланилади

Юқоридагилардан ташқари, диний экстремистик оқимларга аъзо аёллар, аввало, янги гуруҳлар пайдо қилиш ва экстремистик ғояларни кучайтириш мақсадида ўз руҳиятлари устида ишлайди; ўз гуруҳига етакчилик салоҳиятига эга, таъсир ўтказа оладиган аёлларни тўплашга ҳаракат қилади. Натижада, онг остида ёшликдан итоаткорлик сингдирилган ўзбек аёли бундай «таъсир»га эга харизматик аёлларнинг осон ўлжасига айланади.

Соҳа мутахассислари, террор оламида аёлларнинг иштироки исломий турмуш тарзи, фарзандлар тарбияси ва маиший турмуш билан банд бўлиш эмас, балки айнан шу "олам" учун "ворис" - фарзанд дунёга келтиришдан иборат, деган ғояни ҳам илгари суради.

Хусусан, ислом дини ниқоби остида фаолият юритаётган диний экстремистик ташкилотлар ҳудудларга қизларни у ердаги жангарилар жинсий эҳтиёжини қондириш мақсадида сохта салафийлар томонидан масжид ва ташкилотларда руҳий тазйиқ остида бу "муқаддас уруш" олдида аёлларнинг танаси ҳеч нарсага арзимаслигини уқтирган ҳолда "никоҳ жиҳоди"га боришни даъват этмоқда. Натижада, қизлар у ердан ноқонуний туғиладиган ва умри давомида отаси ким эканини билмайдиган фарзандларни орттириб келади. Қизлар бу ишга уларни динлари мажбурлагани ва бу билан ўзларини ушбу "муқаддас уруш"га қўшган ҳиссалари сифатида қарамокда. Афсус билан тилга олиш лозимки, баъзи аёлларнинг ўз оиласи ва фарзандларини ташлаб, баъзилари турмуш ўртоқларини ташлаб кетиб бу ишга қўл уришмоқда.

"Дунёдаги барча адашишларнинг асосий сабабчиси илмсизликдир"

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, ислом оламида аёл киши, айниқса, она зоти чексиз ҳурмат, иззат-икромга лойиқ инсон деб қаралади. Шу сабаб ҳам ҳадисларда «Жаннат оналар оёғи остида» дея таъкидланган. Таассуфки, айрим аёл-қизларнинг ота-оналари, ака-ука ва турмуш ўртоқлари аёлларнинг ўқиш ёки ишлаши шарт эмас, бунинг ўрнига уйида ўтириб ибодат қилсалар етарли, деб ҳисоблайдилар. Бунинг оқибатида, аёл мустақил фикрлаш қобилиятидан маҳрум, касб-ҳунар, илм-маърифатдан йироқ, жаҳолат ва ғафлат тузоғига илинишга тайёр ўлжага айланади. Ислом дини эса, эркак ёки аёл эканидан қатъи назар барчанинг илм олиши фарз эканини алоҳида таъкидлайди.

Имом Замахшарий айтадилар: "Қанчадан қанча одамлар ва қавмлар борки, улар сизга гўёки ип каби эшилиб мулозамат қиладилар, лекин ана ўшалар пайт пойлаб, фасод чиқаришга ишлатиладилар, ғафлатда қолиб шундайларга сира алданманг!".

Суқрот, "Дунёдаги барча адашишларнинг асосий сабабчиси илмсизликдир", деган бўлса, буюк ватандошимиз Имом Бухорий эса: "Нажот фақат билимдадир", деб бежиз айтмаган. Уламолар ҳам, мусулмоннинг ўз дини — исломни яхши билиши ўзи, жамияти ва ўзгалар учун ҳам яхшиликдир, дея инсонларни илм олишга чорлаган.

Унутманг! Билимсизлик жаҳолатга, жаҳолат эса хиёнат ва мутеликка олиб келади.

Дилафрўз Турдиева, Тошкент Ислом университети ўқитувчиси

Мавзуга оид