Ўзбекистон | 22:31 / 01.12.2017
10878
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда Туркманистон Президентининг янги китоби тақдим этилди

Фото: KUN.UZ

30 ноябрь куни Туркманистоннинг Ўзбекистондаги элчихонасида Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг янги китобини тақдимоти бўлиб ўтди. "Туркманистон - Буюк Ипак йўли юраги" деб ном олган мазкур китоб тақдимот маросимида давлат арбоблари, элчилар, профессорлар, академиклар ва ОАВ ходимлари иштирок этишди. 

Туркманистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Шири Шириев йиғилган меҳмонларга китобнинг мазмун-моҳияти билан таништирди, Туркманистоннинг Буюк Ипак йўлида тутган ўрни, қўшни мамлакатлар билан узоқ йиллардан бери шаклланиб келаётган дўстона алоқалари ҳақида таъкидлаб ўтди. 

Шунингдек, брифинг чоғида Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси  Сунь Лицзе, сиёсий фанлар номзоди Зебо Зарипова, олим ва академик Аҳатжон Хўжаевлар ҳам сўзга чиқишди. 

Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг "Туркманистон - Буюк Ипак йўли юраги" асари олти бўлимдан иборат: “Жайҳун бўйлаб”, “Қадимги Марв”, “Сарахс ва Анау оралиғида”, “Нисадан Деҳистонгача”, “Қадимий Дашовуз ерларида” ҳамда “Мўъжизавий дунё”. Китобда Буюк Ипак йўлининг ривожланиш тарихи ва унинг халқлар ўртасида савдо алоқаларини тараққий топиши, қўшничилик муносабатларини шакллантиришдаги роли ҳикоя қилинади. 

Мазкур қўлланмада келтирилган тарихий маълумотлар Буюк Ипак йўли тарихи ва маданиятини илмий жиҳатдан ўрганмоқчи бўлган инсонлар учун жуда муҳим адабиёт бўла олади. 

Китоб муаллифи ўз асарида Туркманистоннинг иқтисодий муваффақиятлари, миллий иқтисодиётнинг стратегик соҳаларидаги катта лойиҳаларни амалга оширилиши ҳақида батафсил фактларни келтириб ўтади. Замонавий Туркманистоннинг ижтимоий-иқтисодий соҳадаги асосий йўналишлари тўғрисида аниқ тафсилот бериш орқали янги нашр туркман жамияти олдида турган мақсад ва вазифаларни яқинроқ тушунишга ёрдам беради.

Мавзуга оид