Жаҳон | 09:17 / 12.12.2017
51056
2 дақиқада ўқилади

Хитойлик таниқли экстремалнинг ҳалок бўлиши видеоси пайдо бўлди 

Интернетда хитойлик таниқли руфер Юн Нин ўзининг кўплаб қалтис трюкларидан бирини бажариши вақтида ҳалок бўлгани видеоси пайдо бўлди. 

Эслатиб ўтамиз, руферлар турли бинолар ва иншоотлар томларига чиқиб, у ерда қалтис трюкларни бажарадилар.  

Фото : Cgtn.com

Фото : Cgtn.com

Видеода 26 ёшли йигит унинг ҳалок бўлиши билан якунланган трюкни бажараётганини кўриш мумкин. Руфер осмонўпар бинолардан бирининг томи чеккасини ушлаганча пастга осилиб туради. Биринчи гал у томга қайта чиқишга муваффақ бўлади, бироқ иккинчи марта унда буни бажаришга куч қолмайди ва у пастга қараб қулайди.  

Маҳаллий ОАВнинг маълум қилишича, бахтсиз воқеа Хунан вилоятида 8 ноябрда юз берган, бироқ у ҳақда эндигина маълум бўлган. 

Руфер ўз трюкларини мунтазам равишда ўз блогида жойлаштириб борган. Руфернинг обуначилари у иштирокидаги янги видеолар бир ойча пайдо бўлмагандан кейин хавотирлана бошлашган. Шундан кейингина руфернинг дўстларидан бири у Чанша шаҳридаги бинодан тушиб кетиб, ҳалок бўлганини маълум қилган. Унинг жасади кейинги куни топилган.

  

Руфер дўстларининг айтишича, у онасининг даволаниши учун пул ишлаш мақсадида шундай хавфли контентни яратиш билан шуғулланган.

Йигит ўзи бажарган трюклар видеоларини Weibo ижтимоий тармоғида жойлаштириб борган. Унинг саҳифасига 230 мингдан кўпроқ фойдаланувчи обуна бўлган. Маълум қилинишича, йигит ўз фаолиятини жанг санъати устаси ва актёр сифатида бир нечта фильмлар ва сериалларда суратга тушиш билан бошлаган.  

Мавзуга оид