Спорт | 00:44 / 13.12.2017
8534
1 дақиқада ўқилади

УЕФА ва БМТнинг хайрия футбол учрашуви бўлиб ўтади

Фото: Zee News

УЕФА ва БМТ Женеванинг “Стад де Женев” стадионида ўтадиган хайрия учрашувини ташкиллаштирмоқда. Бу ҳақда УЕФА матбуот хизматида маълум қилинди.  

Таъкидланишича, учрашув 2018 йил 21 апрелда бўлиб ўтади. Жамоаларга италиялик Карло Анчелотти ва франциялик Дидье Дешам мураббийлик қиладилар. Португалиялик собиқ футболчи Луиш Фигу ва бразилиялик Роналдиньо жамоалар сардорлари бўладилар. Яқин орада сардорлар ўз жамоалари таркибини аниқлаштириб олади. Учрашувга Пьерлуижи Коллина ҳакамлик қилади.

УЕФА президенти Александер Чеферин ташкилотда “футбол ёрдамида гуманитар ташаббусларни қўллаб-қувватлаш бурчлари деб ҳисоблашларини” таъкидлаб ўтди. “Мен ишонаманки, БМТ ва УЕФАнинг болалар жамғармаси билан ҳамкорлиги эвазига биз хайрия ишларига катта маблағ жалб қила оламиз”, – деб айтган Чеферин.

Ушбу ўйин, хайрия базми ва футбол аукционидан тушадиган пуллар БМТ ва УЕФА танлайдиган халқаро гуманитар жамғармаларга йўналтирилади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид