Спорт | 00:38 / 18.12.2017
14993
2 дақиқада ўқилади

Афсонавий Кака фаолиятини якунлади

Фото Instagram

Бразилия терма жамоаси сафида 2002 йил жаҳон чемпиони бўлган Кака футболчи сифатидаги фаолиятини якунлашини маълум қилди. 
  
“Бу мен тасаввур қилолганимдан ҳам кўпроқ бўлди. Энди мен кейинги саргузаштга тайёрман”, деб айтган 35 ёшли Кака.

Globo Esporte’нинг маълум қилишича, Кака “футболдаги фаолиятини” мураббий, спорт директори ёки бошқа лавозимда давом эттиради.   

Кака Италия ва Испания чемпиони, Чемпионлар Лигаси, Клублараро жаҳон чемпионати, УЕФА суперкубоги, Испания кубоги ва Италия суперкубоги ғолиби ҳисобланади. У Бразилия терма жамоаси сафида 95 та ўйин ўтказиб, 31 та голга муаллифлик қилган ҳамда жаҳон чемпиони ва 2 марта Конфедерациялар кубоги ғолиби унвонларини қўлга киритган.

Кака 2007 йилда йилнинг энг яхши футболчиси сифатида “Олтин тўп” билан тақдирланган. Бразилиялик тўп сурган охирги клуб АҚШнинг "Орландо Сити"си бўлди. Футболчи, шунингдек, ўз вақтида Бразилиянинг “Сан-Паулу”, Италиянинг “Милан” ва Мадриднинг “Реал” клублари шарафини ҳимоя қилган.

Кака футболчининг тахаллуси бўлиб, ҳақиқий исми Рикарду Изексон дус Сантус Лейти. “Кака” Рикарду исмининг кичрайтирилган шаклидир.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид