Жаҳон | 12:50 / 18.12.2017
16382
3 дақиқада ўқилади

Саакашвили тарафдорлари Октябрь саройида гвардиячилар билан тўқнашди (фото ва видео)

Грузиялик сиёсатчи, Одесса областининг собиқ губернатори Михаил Саакашвилининг тарафдорлари, Киевда Украина президенти Петро Порошенконинг импичменти учун марш ўтказаётган намойишчилар Октябрь саройини қамалга олишди.

Намойишчилар қўриқчиликдаги миллий гвардиячиларга ҳужум қилишган ва бино эшигини бузишган. Бино ичкарисида баррикада ташкил қилган гвардиячилар эса қарши чоралар қўллашган. Тўқнашувлар вақтида 60 нафарга яқин гвардиячи жароҳатланган. Тиббий ёрдам кўрсатилганидан кейин уларнинг 45 нафари ўз хизмат вазифасини давом эттирган, 15 киши шифохонага олиб кетилган, уларнинг 13 нафари газдан заҳарланган.

Қамал вақтида портлаш овозлари ҳам эшитилган, бино ичкариси ва ташқарида қуюқ тутун ҳосил бўлган.

Саакашвили машина томига чиққан ва йиғилганларни тўқнашувларни тўхтатишга, «провокацияга учмаслик»ка чақирган.

Собиқ губернаторнинг сўзларича, бу ҳодиса провокация ортидан рўй берди. «Бизга айтишгандики, у ерга кириш ва тадбир ўтказиш мумкин. Келганимизда эса концерт бўляпти экан. Бизни газ билан кутиб олишди. Бизда саройни куч билан эгаллаш режаси бўлмаган. Ҳеч қандай зўравонлик режаси бизда бўлмаган», — деган Саакашвили.

«Бу Олий Рада эмаску, нега бу ерда зўравонлик қиляпсизлар! Ким бу бинога зарар етказмоқчи бўлса, кечириб қўйсин, улар биз билан эмас», — деган у.

Маълум бўлишича, бу вақтда бинода болалар байрами ўтказилаётганди.

Миллий полиция раҳбари Вячеслов Аброскин ушбу ҳолат бўйича жиноий иш очилганини ва айбдорлар жавобгарликка тортилишини маълум қилди.

Бундан олдинроқ Саакашвили бошчилигидаги «Рух новых сил» («Янги кучлар ҳаракати») вакили Иван Слободяник фаоллар Рада биносини қамал қилиш режасида эканини айтганди. Улар бу орқали давлат раҳбари импичменти бўйича қонун қабул қилинишига эришмоқчи бўлишган.

Петро Порошенкони Украина президентлигидан кетказиш учун марш 17 декабрь куни Шевченко паркида бошланди. Намойишчилар Незалежности майдонига (Мустақиллик майдони) юриб келишди ва бу ерда Саакашвили нутқ ирод қилди.

Саакашвили Киевда 8 декабрь куни қўлга олинган, у Украинанинг собиқ президенти Виктор Януковичдан олинган моддий кўмак эвазига давлат тўнтариши тайёрлашда айбланганди. Аммо 3 кун ўтиб у озодликка чиқди.

Мавзуга оид