Жамият | 23:47 / 19.12.2017
9558
2 дақиқада ўқилади

Дубай полицияси сайёҳ йўқотган соатни унинг Лондондаги уйига элтиб берди

Дубай полицияси британиялик аёл сайёҳ йўқотган соатни шахсан унинг қўлига топширишга қарор қилди. 

Лондонда яшовчи аёл уй эшигини очганда уни сюрприз кутиб турган – остонада Дубай полицияси зобити аёлнинг БААга сайёҳати вақтида йўқотган Rolex соати билан турарди. 

Дубай полициясининг топилмалар бюроси директори Рашид бин Сафваннинг айтишича, аёл Дубайга саёҳати вақтида тўхтаган меҳмонхонанинг ходимлари аёл яшаган хонада 27 минг долларлик соатни топиб олишган. Улар қимматбаҳо топилмани Дубай полициясига топширишган. Зобит уйига қайтиб кетган аёл билан боғланган.

“У соати топилганидан хурсанд бўлган ва уни Дубайга кейинги борганида олишини айтган. У келмагандан кейин, биз соатни унга почта орқали жўнатишга қарор қилдик. Бироқ биз фикримизни ўзгартирдик, чунки соат яна йўқолишини истамасдик”, деб эсламоқда бин Сафван.

9 ой ўтгач ҳам аёл Дубайга келмаган. 

Яқинда Дубай полицияси Лондондаги анжуманга таклиф қилинганди. Бин Сафван Лондонга борувчи делегация таркибига кирган полициячиларга аёлнинг соатини ўзлари билан олиб, уни эгасига етказишни таклиф қилган.

Соатни аёлга етказишни Rashidiya полиция бўлими директори Саид Ҳамад бин Сулаймон Ал Малик ўз зиммасига олган. Аёл ўзига тегишли соат қайтарилганидан беҳад хурсанд бўлган.

Мавзуга оид