Фан-техника | 23:38 / 20.12.2017
9024
2 дақиқада ўқилади

Microsoft Google Chrome'ни ўрнатишни тақиқлади

Фото: businessmonkeynews.com

Microsoft корпорацияси ўз иловалар дўконидан Google Chrome ўрнатувчисини ўчирди. Шу боис Windows 10 S фойдаланувчилари ушбу браузердан фойдалана олишмайди. The Verge шу ҳақида хабар берди. 

Корпорацияда бунинг аниқ сабаби келтирилмади, фақат илова "ноёб ва бошқалардан фарқли" бўлиши кераклиги таъкидланди. "Биз Microsoft Store'дан Google Chrome Installer'ни ўчирдик, зеро илова бизнинг дўконимиз сиёсатига зиддир", дейилади корпорацияда. Google вакиллари эса вазиятга изоҳ беришдан бош тортишди.

Таъкидлаш жоизки, Chrome ўрнатувчиси бўлган илова шунчаки стандарт браузерда очилувчи юклаб олиш ҳаволаси бўлган.

Май ойида Microsoft янги Windows 10 S версиясини намойиш этганди, у, хусусан, Microsoft Surface Laptop ноутбукида олдиндан ўрнатилган. Тизим қатор чекловларга эга, улардан бири - стандарт браузерни алмаштиришга тақиқлов. Бундан ташқари, янги дастурларни ўрнатишни фақат Microsoft Store иловалар дўкони орқали амалга ошириш мумкин.

Ҳатто фойдаланувчи истаган бегона браузерни юклаб олса ҳам, электрон почта ва бошқа сервисларга келган хатларнинг барча ҳаволалари стандарт Microsoft Edge'да очилади. Шу билан бирга, фойдаланувчилар қидирув тизимини ўзгартира олишмайди. Фойдаланувчи манзил сатрида сўровни киритиши билан у автоматик равишда Bing қидирув тизимига қайта йўлланади. 

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид