Тухум нархининг ошиши Эронда йирик норозилик намойишларига сабаб бўлди
28 декабрда Эрон шаҳарларидан бирида тухум нархининг оширилишига қарши бошланган норозиликлар 29 декабрда бутун мамлакатга ёйилиб, сиёсий тус олди.
Инфляция, раҳбарият ва катта харажатлар талаб қилаётган ташқи сиёсатга қарши жорий намойишлар Эронда 2009 йилдан бери ўтаётган энг йирик намойишларга айланди. Ўшанда Маҳмуд Аҳмадинажоднинг президент сайловларида ғалаба қилганига қарши намойишлар бўлиб ўтганди.
Мамлакатнинг Ришт, Широз, Исфахон, Кирманшоҳ ва Ҳамадан шаҳарларида йирик намойишлар ўтгани ҳақида маълумотлар берилган. Мамлакатнинг шимолидаги Машҳадда ўтган энг йирик намойишда 52 киши ҳибсга олинган.
Намойишчилар “Ғазо ҳам, Ливан ҳам эмас, Эрон менинг ҳаётим” деган ҳайқириқлар билан Теҳроннинг ташқи сиёсатини танқид қилганлар.
Ҳукумат ички сиёсий вазиятнинг кескинлашишида хорижий агентлар ва аксилинқилобий унсурлар турганини айтиб, ноқонуний намойишларнинг олдини олишга ваъда берди.
Эрон иқтисодиёти турғунликдан чиқа олди, инфляция ҳам секинлашди, бироқ мамлакатда ишсизлик ҳали ҳам юқори, бизнес эса инвестициялар етишмаслигидан азият чекмоқда.
Кўплаб эронликлар кўп йиллардан бери ҳукумат пулларни геосиёсий ўйинларга сарфлаётганидан, Яман, Сурия ва Ироқдаги ихтилофларга аралашаётганидан, шиа оқимидаги исломни тарғиб қилаётганидан норозилик билдириб келишади.
29 декабрда АҚШ давлат департаменти Эрондаги намойишларга изоҳ бериб, навбатдаги марта Эрон ҳукуматини танқид қилди.
“АҚШ тинч намойишчиларнинг ҳибсга олинишини қоралайди. Биз барча давлатларни Эрон халқи ва унинг инсон ҳуқуқларига амал қилиниши ва коррупцияни тугатиш талабларини қўллаб-қувватлашга чақирамиз”, деб айтилган давлат департаменти хабарида.
Мавзуга оид
15:45 / 25.11.2024
Ўзбекистон ва Эрон инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконини муҳокама қиляпти
09:02 / 25.11.2024
Эрон ўз ядро дастури бўйича музокаралар ўтказади
19:58 / 24.11.2024
Эрон уранни бойитувчи илғор центрифугалардан фойдаланишни бошлаганини эълон қилди
19:45 / 22.11.2024