Жамият | 09:07 / 08.01.2018
14209
5 дақиқада ўқилади

«Олтин глобус-2018». Энг яхшилар аниқланди, Спилберг мукофотдан қуруқ қолди

АҚШнинг Калифорния штати Лос-Анжелес шаҳридаги Беверли-Ҳиллзда жойлашган Беверли-Ҳилтон меҳмонхонасида «Олтин глобус» мукофотларининг 75-тантанали топшириш маросими бўлиб ўтмоқда. NBC телеканали маросимдан жонли трансляцияни амалга оширмоқда.

Фото: imdb.com

«Хизматкор ҳикояси» сериали «энг яхши драматик сериал» йўналишида «Олтин глобус» лауреатига айланди. Бош роль ижрочиси Элизабет Мосс ҳам драматик сериалдаги энг яхши аёл роли учун мукофотни қўлга киритди. 2017 йилда ушбу сериал «Эмми» мукофотига ҳам лойиқ топилганди.

Фото: imdb.com

Жеймс Франко «Олтин глобус»ни энг яхши комедия актёри сифатида олди, бу ҳақда мукофотнинг твиттердаги расмий саҳифасида хабар берилди.

Франко мукофотни «Бахтсиз бунёдкор» фильмидаги роли учун қўлга киритди. Бу номинацияда шунингдек, Ҳью Жекман («Буюк шоумен»), Дэниэл Калуя («Йўқол»), Стив Карелл («Жинслар жанги») ва Энсел Элгорт («Драйвдаги болакай») ҳам кураш олиб борди.

Фото: Pixar Animation Studios

«Коко сири» мультфильми ҳам «Олтин глобус»ни қўлга киритди. Бу ҳақда мукофотнинг твиттердаги саҳифасида хабар берилган.

Бу номинацияда мукофотни қўлга киритиш учун «Босс-гўдак», «Фердинанд», «Овчи аёл» ва «Ван Гог. Муҳаббат билан, Винсент» мультфильмлари ҳам кураш олиб борди.

Фото: Venice International Film Festival

Англиялик режиссёр ва сценарийнавис Мартин Макдонах энг яхши сценарий учун «Олтин глобус» билан тақдирланди.

Макдонах «Миссури штати, Эббинг чегарасидаги уч билборд» фильмининг сценарий муаллифи саналади. Фильм ҳам мукофотлардан бирини қўлга киритди - актёр Сэм Рокуэлл иккинчи пландаги энг яхши эркак роли учун «Олтин глобус» билан тақдирланди.

Фото: WDSSPR

Германиянинг «Чегара ёқасида» фильми эса «Олтин глобус»ни «Хорижий тилдаги энг яхши фильм» йўналишида олди. Бу номинацияда россиялик режиссёр Андрей Звягинцевнинг «Муҳаббат эмас», Анжелина Жоли томонидан суратга олинган, Камбожанинг «Аввалига улар менинг отамни ўлдиришди», Чилининг «Фантастик аёл» ва Швеция, Германия ҳамда Франция иштирокида тасвирга туширилган «Квадрат» картинаси ғолиблик учун кураш олиб борди.

Фото: Reuters

Режиссёр Гильермо дель Торро эса энг яхши режиссёр сифатида «Олтин глобус»ни қўлга киритди. Дель Торро «Сув формаси» фильми учун мукофот билан тақдирланди. Фильм бошқа йўналишда ҳам тенгсиз деб топилди – франциялик бастакор Александр Депла энг яхши саундтрек учун мукофотланди.

Ушбу номинацияда Стивен Спилберг («Махфий досье»), Кристофер Нолан («Дюнкерк»), Ридли Скотт («Жаҳондаги барча пуллар») ва Мартин Макдонах («Миссури штати, Эббинг чегарасидаги уч билборд») ҳам кураш олиб борди.

«Леди Берд» фильми «Энг яхши комедия/мюзикл» номинациясида «Олтин глобус» мукофотини қўлга киритди. Бу ҳақда мукофотнинг твиттердаги саҳифасида хабар берилган. «Леди Берд»да бош ролни ижро этган актриса Сирша Ронан комедия/мюзиклдаги энг яхши актриса сифатида мукофот билан тақдирланди.

Фото: Reuters

Актёр Гэри Олдман ҳам «Олтин глобус» мукофоти лауреатига айланди. Олдман мукофотни «Қоронғи вақт» фильмидаги роли учун қўлга киритди.

Шунингдек, номинацияда Том Ҳэнкс («Махфий досье»), Тимоти Шаламе («Мени ўз номингни айтиб чақир»), Дэниел Дэй-Льюис («Шарпа ип») ва Дензел Вашингтон («Роман Израэл, Esq.») ҳам кураш олиб борди.

Мартин Макдонахнинг «Миссури штати, Эббинг чегарасидаги уч билборд» фильми «Олтин глобус»ни энг яхши драматик картина сифатида қўлга киритди.

Номинацияда мукофот учун Кристофер Ноланнинг «Дюнкерк», Стивен Спилбергнинг «Махфий досье», Гильермо дель Торонинг «Сув формаси» ва Лука Гуаданьинонинг «Менинг ўз исмингни айтиб чақир» фильми ҳам кураш олиб борди.

Фрэнсис Макдорманд энг яхши драматик актриса, режиссёр ва картина сценарийси муаллифи Мартин Макдонах энг яхши сценарий учун мукофотланди.

Мавзуга оид