Жамият | 13:30 / 06.01.2020
19796
9 дақиқада ўқилади

«1917», «Чернобил» ва бошқалар: «Олтин глобус» мукофоти ғолиблари аниқланди

6 январга ўтар кечаси Калифорниядаги Беверли-Ҳиллз шаҳарчасида «Олтин глобус» мукофотини топшириш маросими бўлиб ўтди.

Мукофотнинг твиттердаги саҳифасида хабар қилинишича, британиялик режиссёр Сэм Мендеснинг «1917» номли фильми ўтган йилнинг энг яхши драматик фильми дея эътироф этилди. «1917» фильми Биринчи жаҳон уруши вақтида ўлимга олиб борадиган топшириқ олган икки аскар тақдири ҳақида ҳикоя қилади.

Ушбу номинация бўйича ғолиблик учун Ной Баумбахнинг «Никоҳ тарихи», Фернандо Феррейра Мейреллеснинг «Икки папа», Тодд Филлипснинг «Жокер» ва Мартин Скорсезенинг «Ирландиялик» фильмлари ҳам даъвогарлик қилганди.

Фото: Reuters

Сэм Мендеснинг ўзи эса «Энг яхши режиссёр» сифатида тенгсиз дея топилган.

Сэм Мендес / Фото: Getty Images

Ўтган йилда катта машҳурликка эришган «Чернобил» телесериали «Энг яхши телесериал ва телефильм» номинациясида биринчи бўлди.

Режиссёр Йоҳанн Ренкнинг «Чернобиль» сериалида 1986 йили Чернобиль АЭСда рўй берган авария воқеалари тасвирланган. Фильмда бош ролларни Эмили Уотсон, Стеллан Скарсгард ва Жаред Ҳаррис ижро этишган.

Бу йўналишда режиссёр Томас Каилнинг «Фосси/Вердон» (Сэм Рокуэлл ва Мишель Уильямс бош ролларни ижро этган), режиссёр Лиза Холоденконинг «Ҳайратланарли» (Unbelievable), режиссёр Жорж Клунининг «Ҳийла-22» (Catch-22) ҳамда режиссёр Кари Скогланднинг «Энг баланд овоз» (The Loudest Voice) мини-сериаллари ҳам биринчиликка даъво қилганди.

Стеллан Скарсгорд иккинчи пландаги энг яхши эркак роли номинациясида ғолиб бўлди. 

Режиссёр Квентин Тарантинонинг «Бир куни... Ҳолливудда» (Once Upon a Time ...in Hollywood) фильми «Энг яхши комедия ёки мюзикл» номинацияси бўйича «Олтин глобус»ни қўлга киритди.

Картинадаги воқеалар 1969 йилда Лос-Анжелесда Чарльз Мэнсон бандаси билан боғлиқ воқеалар фонида бўлиб ўтади. Асосий қаҳрамонлар - вестерн жанридаги фильмлар актёри Рик Далтон (Леонардо Ди Каприо) ва унинг дублёри Клифф Бут (Брэд Питт). Фильм биринчи марта Канн кинофестивалида тақдим этилганди. 

Тарантинонинг фильмидан ташқари бу номинация ғолиблиги учун режиссёр Крэйг Брюэрнинг «Менинг исмим Долемайт» (Dolemite Is My Name), режиссёр Тайк Вайтитининг «Қуён Жожо» (Jojo Rabbit), режиссёр Райан Жонсоннинг «Пичоқларни олинг» (Knives Out) ҳамда режиссёр Декстер Флетчернинг «Рокетмен» (Rocketman) фильмлари курашганди.

Хоакин Феникс «Жокер» фильмидаги роли учун энг яхши драматик актёр сифатида «Олтин глобус» билан тақдирланди.

Бу мукофотга ундан ташқари Кристиан Бэйл («Форд Феррарига қарши»/Ford v Ferrari), Антонио Бандерас («Азоб ва шараф»/Dolor y gloria), Адам Драйвер («Никоҳ тарихи»/Marriage Story) ва Жонатан Прайс («Икки папа»/The Two Popes) даъвогар бўлганди.

Рене Зеллвегер эса режиссёр Руперт Гулданинг «Жуди» (Judy) фильмидаги роли учун энг яхши драматик актриса сифатида «Олтин глобус» мукофотига эга чиқди.

Зеллвегердан ташқари бу номинация бўйича «Олтин глобус»га Скарлетт Йоханссон («Никоҳ тарихи»/Marriage Story), Шарлиз Терон («Можаро»/Bombshell), Синтия Эриво («Гарриет»/Harriet) ва Сирша Ронан («Кичик аёллар/Little Women) даъвогарлик қилишганди.

Кино бўйича лауреатлар

  • Энг яхши фильм (драма) — («1917»);
  • Энг яхши фильм (комедия ёки мюзикл) — («Бир куни...Ҳолливудда»/Once Upon a Time ...in Hollywood);
  • Энг яхши режиссёр — Сэм Мендес («1917»);
  • Драматик фильмда энг яхши актриса— Рене Зеллвегер («Жуди»/Judy);
  • Драматик фильмда энг яхши актёр — Хоакин Феникс («Жокер»/Joker);
  • Комедия ёки мюзиклда энг яхши актриса — Аквафина («Видолашув»/The Farewell);
  • Комедия ёки мюзиклда энг яхши актёр – Тэрон Эжертон («Рокетмен»/Rocketman);
  • Иккинчи пландаги энг яхши актриса — Лора Дерн («Никоҳ тарихи»//Marriage Story);
  • Иккинчи пландаги энг яхши актёр — Брэд Питт («Бир куни...Ҳолливудда»/Once Upon a Time ...in Hollywood);

  • Энг яхши сценарий — Квентин Тарантино («Бир куни...Ҳолливудда»/Once Upon a Time ...in Hollywood);
  • Энг яхши хориж фильми — («Паразитлар»/Parasite);
  • Энг яхши анимацион фильм — («Йўқолган ҳалқа»/Missing Link);
  • Фильмдаги энг яхши мусиқа — Хильдур Гуднадоттир («Жокер»/Joker);
  • Энг яхши оригинал қўшиқ — I'm Gonna Love Me Again («Рокетмен»/Rocketman).

Телевидение соҳасидаги лауреатлар

  • Энг яхши сериал (драма) — («Ворислар»/The heirs);
  • Энг яхши сериал (комедия) — («Fleabag»);
  • Драматик сериалдаги энг яхши актриса — Оливия Колман («Тож»/The Crown);
  • Драматик сериалдаги энг яхши актёр — Брайан Кокс («Ворислар»/The heirs);
  • Комедик сериалдаги энг яхши актриса — Фиби Уоллер-Бриж («Fleabag»);
  • Комедик сериалдаги энг яхши актёр — Рами Юссеф («Рами»/Ramy);
  • Энг яхши телефильм ёки мини-сериал — («Чернобиль»/Chernobyl);
  • Телефильм ёки мини-сериалдаги энг яхши актриса — Мишель Уильямс («Фосси/Вердон»/Fosse/Verdon);
  • Телефильм ёки мини-сериалдаги энг яхши актёр — Рассел Кроу («Энг баланд овоз»/The Loudest Voice);
  • Телефильм ёки мини-сериалда иккинчи пландаги энг яхши актриса — Патриша Аркетт («Муғомбирлик»/The Act);
  • Телефильм ёки мини-сериалда иккинчи пландаги энг яхши актёр — Стеллан Скарсгард («Чернобиль»/Chernobyl).

Фаолиятидаги ютуқлари учун Сесил Блаунт ДеМилл номидаги «Олтин глобус» — Том Ҳэнкс.

Номинантлар декабрь ойида эълон қилинган бўлиб, унда «Никоҳ ҳикояси» фильми 6та номинацияга киритилган эди. Ноа Баумбахнинг трагикомедияси якунда фақат битта йўналишда («Иккинчи пландаги энг яхши актриса») соврин соҳиби бўлди. «Ирландиялик» ва «Икки Папа» картиналари эса мос равишда 5 ва 4тадан йўналишда номинантлар қаторига киритилган бўлса-да, улардан ҳеч бирида эътироф этилгани йўқ. 

Энг кўп мукофот олган фильм – «Голливудда кунлардан бир кун» бўлди. Бешта йўналишда ғолибликка даъвогарлар сирасига кирган комедик драма улардан учтасида энг яхши деб топилди.

«Жокер», «1917» ва «Рокетмен» картиналари эса ўз ижодкорларига иккитадан номинацияда ғолиблик келтирди.

Маълумот учун, «Олтин глобус» мукофоти бу йил 77-марта топширилди. Уни февраль ойида топшириладиган «Оскар» мукофотининг репитицияси деб ҳам аташади. Январда ғолиб чиққан номзодларнинг аксари февралдаги маросимда ҳам тақдирланишади.

Мавзуга оид