Жамият | 00:30 / 10.01.2018
18536
3 дақиқада ўқилади

Фарзандига китобни она эмас, ота ўқиб бериши фойдали

Фото: flickr

Фарзандларига уйқудан аввал китобни она эмас, ота ўқиб берса, болалар яхшироқ ривожланади. Ижтимоий муҳандислик йўналишида тадқиқотлар олиб борган Ҳарвард университети вакиллари шундай хулосага келишди.

Маълум бўлишича, фарзандига китоб ўқиб бераётган ота боланинг дунё қараши кенгайишига ёрдам қилувчи саволларни бериб боради. Натижада, унинг луғат бойлиги ошиши кузатилган, чунки айтилган саволларга жавоб бериш ва суҳбатни давом эттириш учун бола янги сўзларни қидиришга ҳаракат қилади. Кузатишлар шунга далолат қилдики, оталарнинг китоб ўқиб беришидан, айниқса, қизлар кўпроқ ривожланиши маълум бўлди.

Тадқиқот устида ишлаган Элизабет Дуурсманинг айтишича, ота фарзандининг 2 ёшга тўлмасдан у билан китоб ўқишни бошласа, бундай ижобий таъсир кучлироқ бўлади.

«Эркак ва аёл бу вазифага турлича ёндашади. Агар аёллар кўпроқ фактлар билан боғлиқ саволлар берса (масалан, «Нечта олма кўряпсан?»), оталар мавҳумроқ саволлар беради (масалан, «О, қара! Олма! Эсингдами фермага олма тергани боргандик?​»)», дейди Дуурсма.

АҚШда истиқомат қилаётган ўзбекистонлик ҳуқуқшунос Нодир Закировнинг таъкидлашича, Америка мактабларида таълим олаётган бошланғич синф ўқувчиларининг ота-оналарига кундалик топшириқ келади: «Фарзандингизга кунига камида 20 минут китоб ўқиб беринг». Бора-бора, бола ўқишни ўрганиши билан кунига 20 минут ўқиш топшириғи болага ўтади. 

«Айни пайтда 2-синфда ўқиётган ўғлим Умарбек тахминан 100 бетлик болалар китобини 2 кунда ўқиб тугатади. ​Ўқишга шунчалик берилиб кетадики, ҳаттоки овқатланишга чақириқни ҳам сезмай қолади. Куни кеча ўғлимиз ўқийдиган мактабда кутубхона томонидан уюштирилган китоб ярмаркаси бўлди. Болалар ва ота-оналар камида 3-4 китобларни танлаб, уларга пул тўлаш учун кассага навбатда туришибди. Бўлмаса мактаб кутубхонасида ҳар ёшдаги ва турли қизиқишга эга болаларга бир олам китоблар бор ва уларни бепулга олиб, ўқиш мумкин», деб шахсий тажрибаси билан ўртоқлашган у.

Нодир Закировнинг фикрича, Ўзбекистонда бундай навбатларни, масалан, озиқ-овқат дўконида шакар ёки унгагина кўриш мумкин, лекин китоб дўконида эмас.

«Америкалик ота-оналар телевизор кўришдан вақтини тежаши мумкин, лекин ўз фарзандига китоб ўқиб беришдан вақтни аямайди. Буни улардан ўрганса бўлади», деб таъкидлайди ҳуқуқшунос.

Мавзуга оид