Ўзбекистон | 20:23 / 13.01.2018
38840
4 дақиқада ўқилади

Давлат дастури лойиҳасида энг кўп муҳокама этилган 5та банд

Айни кунларда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури лойиҳаси жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинмоқда. 

Хусусан, “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати аъзолари, масъул вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари иштирокида турли форматларда жамоатчилик муҳокамалари ўтказилмоқда.

Жумладан, “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш” Давлат дастури лойиҳаси билан аҳолининг кенг қатламини таништириш ва бевосита фикр ва таклифларни ўрганиш мақсадида 2018.strategy.uz сайтига ҳамда Ўзбекистон Республикаси норматив ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси www.regulation.gov.uz порталида жойлаштирилганди.

Марказ Ахборот хизмати тақдим этган маълумотга кўра, ўтган қисқа вақт давомида Давлат дастури лойиҳаси юзасидан фуқаролардан 2600дан зиёд фикр ва таклифлар билдирилган бўлиб, бу 2017 йил Давлат дастури лойиҳаси муҳокамасидан қарийб 2 баробарга кўп. 

"Бугунги кунда “Тараққиёт стратегияси” маркази аҳолидан келиб тушаётган таклифларни умумлаштириб, Ҳаракатлар стратегиясининг бешта устувор йўналиши бўйича таҳлил қилмоқда. Демак, жамоатчилик муҳокамалари натижаларига (бугунги кун ҳолатига) кўра 2018 йил Давлат дастури лойиҳасининг энг кўп муҳокамага сабаб бўлаётган бандлари рейтинги тузилди", дейилади хабарда.

Унга кўра, энг кўп таклиф ва фикр билдирилган мавзу Фуқароларни доимий ва вақтинча рўйхатга қўйиш (ҳисобга олиш) тартибини соддалаштириш, уларнинг мамлакат ҳудудида эркин ҳаракатланиш ҳамда меҳнат қилиш ҳуқуқларини таъминлаш бўлиб турибди. Ушбу банд юзасидан фуқаролардан 170 дан зиёд изоҳ қолдирилган. (Давлат дастури лойиҳасининг 28-банди).

Рейтингнинг кейинги ўринларида қуйидаги мавзулар жой олган:  

2-ўрин: Диний таълимот соҳасида тадқиқотлар ўтказиш тизимини ривожлантириш. 162 та изоҳ.

Бунда диний соҳада фундаментал тадқиқотлар ўтказиш, буюк аждодларимизнинг маънавий-интеллектуал меросини оммалаштириш ҳамда халқаро ва хорижий диний ташкилотлар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари назарда тутилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилади. (Давлат дастури лойиҳасининг 218-банди)

3-ўрин: Конфессиялараро ҳамжиҳатлик ва миллатлараро тотувликни янада  мустаҳкамлаш, давлат институтлари ва диний ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни ҳамда ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш. 152 та изоҳ.

Бунда диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш тартибини соддалаштириш, диний ташкилотлар томонидан тажвид, ҳадисшунослик, калом ва бошқа диний илмларни ўргатишни тартибга солиш, диний ташкилотларнинг фаолият юритиши ҳамда тугатиш асослари, давлат институтлари билан ҳамкорлиги ва фаолият механизмларини такомиллаштириш масалалари назарда тутилган. (Давлат дастури лойиҳасининг 216-банди)

4-ўрин: Конфессиялараро ҳамжиҳатлик ва миллатлараро тотувликни янада  мустаҳкамлаш, давлат институтлари ва диний ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни ҳамда ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш. 141 та изоҳ.

Бунда ислом динининг асл моҳиятини жаҳон ҳамжамиятида тарғибот қилиш, иқтидорли Қуръон тиловат қилувчиларни турли номинациялар бўйича рағбатлантириш, жамоатчилик ҳамда ёшларнинг маънавий-маърифий етукликка эришишига кўмаклашиш, Ўзбекистоннинг бой тарихий, диний мероси ва обидаларини хорижий сайёҳларга тарғиб этиш назарда тутилган. (Давлат дастури лойиҳасининг 219-банди)

5-ўрин: Фуқароларнинг хорижга чиқиш тартиб-таомилларини соддалаштириш. 61 та изоҳ.

Бунда Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони лойиҳаси. Лойиҳада 2018 йил 1 июлдан: миллий биометрик паспортни хорижга чиқиш паспорти сифатида эътироф этиш, Ўзбекистон ҳудудида яшаш, ҳаракатланиш учун фуқаролик паспорти ўрнига шахсни тасдиқловчи ID – идентификация  картасини жорий этиш назарда тутилган. (Давлат дастури лойиҳасининг 27-банди)

Давлат дастури лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси 15 январга қадар давом этади. Сиз ҳам муҳокамада шу ҳавола орқали фаол қатнашинг. 

Мавзуга оид