Ўзбекистон | 09:24 / 15.01.2018
202534
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон доимий аҳолиси сони маълум қилинди

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси доимий аҳолиси сони 2018 йил 1 январь ҳолатига 32,65 млн кишини ташкил этиб, 2017 йилда 533,4 минг кишига ёки 1,7%га ўсган. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.

Жумладан, шаҳар аҳолиси сони 16,53 млн кишини (жами аҳоли сонидаги улуши 50,6%), қишлоқ аҳолиси сони 16,12 млн кишини (49,4%) ташкил этди.

Республика ҳудудлари кесимида таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, 2018 йил 1 январь ҳолатига энг кўп аҳоли сони Самарқанд вилоятида 3,71 млн кишини (республика аҳолиси сонидаги улуши 11,4%ни) ташкил этиб, кейинги ўринларда Фарғона вилоятида 3,62 млн кишини (11,1%), Қашқадарё вилоятида 3,14 млн кишини (9,6%), Андижон вилоятида 3,01 млн кишини (9,2%) ташкил этди.

2018 йил 1 январь ҳолатига аҳолиси сони 3 млн кишидан ошган ҳудудлар сони 4 тани ташкил этди.

2017 йилда 715,5 минг бола туғилганлиги қайд этилган бўлиб, мос равишда 1000 аҳолига нисбатан туғилиш коэффициенти 22,1 промиллени ташкил қилиб, 2016 йилга нисбатан 0,7 промиллега камайди (2016 йилда 22,8 промилле бўлган).

Туғилиш коэффициенти 2016 йилнинг мос даврига нисбатан Сурхондарё вилоятида ўсган (25,7 промилледан 25,9 промиллега) бўлиб, сезиларли даражада камайиш эса Қорақалпоғистон Республикасида (21,9 промилледан 20,7 промиллега), Фарғона (22,2 промилледан 21,0 промиллега), Тошкент (20,3 промилледан 19,2 промиллега), Хоразм (22,2 промилледан 21,0 промиллега), Бухоро (20,9 промилледан 20,0 промиллега) ва Жиззах (24,5 промилледан 23,6 промиллега) вилоятида кузатилди.

2017 йилда жами 715,5 минг нафар бола туғилганганлиги қайд этилган бўлиб, шундан онасининг ёши бўйича туғилганларнинг 280,8 минг нафари (жами туғилганларга нисбатан 39,2%) 20-24 ёшлардаги аёллар, 248,1 минг нафари (34,7%) 25-29 ёшдаги, 122,3 минг нафари (17,1%) 30-34 ёшлардаги аёллар ҳиссасига тўғри келган.

2017 йилда 161,5 минг ўлим қайд этилган бўлиб, мос равишда 1000 аҳолига нисбатан ўлим коэффициенти 5,0 промиллени ташкил этиб, 2016 йилнинг мос даврига нисбатан 0,1 промиллега ошди (2016 йилда 4,9 промилле бўлган). 

Ўлим коэффициенти 2016 йилнинг мос даврига нисбатан сезиларли даражада ўсиши Андижон (5,1 промилледан 5,4 промиллега), Жиззах (4,2 промилледан 4,4 промиллега), Қашқадарё (4,1 промилледан 4,3 промиллега), Наманган (4,7 промилледан 4,9 промиллега), Сурхондарё (4,3 промилледан 4,5 промиллега) ва Фарғона (4,8 промилледан 5,0 промиллега) вилоятларида кузатилди. 

Жами вафот этганларнинг 8,2%и меҳнатга лаёқатли ёшдан кичик ёшдагиларга (2016 йилда 8,0%), 27,6%и меҳнатга лаёқатли ёшдагиларга (2016 йилда 28,5%), 64,2%и меҳнатга лаёқатли ёшдан катта ёшдагилар (2016 йилда 63,5%) ҳиссасига тўғри келди. 

2017 йилда вафот этганлар сони 2016 йилга нисбатан 6,7 минг кишига ўсиб, уларнинг асосий қисми, яъни 74,6%ини 60 ёш ва ундан катта ёшдаги аҳоли ташкил этган.

2017 йилда қайд этилган вафот этганларнинг 59,9%и қон айланиш тизими касалликларидан, 9,3%и ўсимталардан, 6,5%и бахтсиз ҳодиса, заҳарланиш ва жароҳатланишлардан, 5,7%и овқат ҳазм қилиш аъзолари касалликларидан, 4,8%и нафас олиш аъзолари касалликларидан, 1,7%и юқумли ва паразитар касалликлардан ҳамда 12,1%и бошқа касалликлардан вафот этган.

Рўйхатга олинган 1 ёшгача вафот этган болаларнинг 56,4%и перинатал даврда юзага келадиган ҳолатлардан, 21,1%и нафас олиш аъзолари касалликларидан, 11,9%и туғма аномалиялардан, 3,5%и юқумли ва паразитар касалликлардан, 1,9%и бахтсиз ҳодиса, заҳарланиш ва жароҳатланишлардан, 0,5%и овқат ҳазм қилиш аъзолари касалликларидан ва 4,7%и бошқа касалликлардан вафот этган.

2017 йилда аҳолининг табиий ўсиши 554,0 минг кишини ташкил этиб, 2016 йилга нисбатан 17,4 минг кишига (2016 йилда 571,4 минг киши бўлган) камайган.

2017 йилда ФҲДЁ органлари томонидан 306,0 мингта никоҳ қайд этилди. Республика бўйича 1000 аҳолига нисбатан никоҳ тузиш коэффициенти 9,4 промиллени ташкил этмоқда.

Тузилган никоҳлар сони 2016 йилга нисбатан юқори ўсиш суръатлари Сурхондарё (126,6%), Жиззах ва Наманган (115,9%), Самарқанд (112,3%) ҳамда Қашқадарё (111,2%) вилоятига тўғри келмоқда.

2017 йилда жами никоҳ қурган аёлларнинг 21,6%и 20 ёшгача, 70,2%и 20-29 ёшлиларга, 8,2%и 30 ёшдан катта ёшдагиларга тўғри келган бўлса, эркакларнинг 0,9%и 20 ёшгача, 83,5%и 20-29 ёшлиларга ва 15,6%и 30 ёш ҳамда ундан катталарни ташкил этмоқда.

2017 йилда ФҲДЁ органлари томонидан 31,9 мингта никоҳдан ажралишлар қайд этилган бўлиб, 1000 аҳолига нисбатан никоҳдан ажралиш коэффициенти 1,0 промиллени ташкил этди.

Ажримлар сони 2016 йилга нисбатан юқори ўсиш суръатлари Сурхондарё (128,6%), Жиззах ва Сирдарё (122,2%) Самарқанд (121,2%), Наманган ( 119,0% ) вилоятларига ва Қорақалпоғистон Республикасига (118,2%) тўғри келмоқда.

2017 йилда республика бўйича кўчиб келганлар сони 157,1 минг кишини, кўчиб кетганлар сони эса 177,7 минг кишини ташкил этди. Миграция салдоси минус 20,6 минг киши бўлиб, 2016 йилга нисбатан 5,6 минг кишига камайган.

Миграция салдосининг юқори даражаси Тошкент (минус 6,2 минг киши), Самарқанд (минус 5,2 минг киши), Қашқадарё (минус 4,0 минг киши) вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида (минус 4,4 минг киши) қайд этилди.

Мавзуга оид