Ўзбекистон | 16:54 / 16.01.2018
11656
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонликларнинг мамлакат бўйлаб кўпроқ саёҳат қилиши учун қатор қулайликлар яратилмоқда

Фото: KUN.UZ

"Наврўз" байрами ва Мустақиллик кунига беш кунлик таътил бериш режалаштирилмоқда. Рамазон ва Қурбон Ҳайитларида эса уч кунлик таътиллар берилиши кўзда тутилган. Бу нормалар ўзбекистонликларнинг саёҳат қилиши учун вақт ажратишига йўналтирилган. KUN.UZ мухбири Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси тақдим этган маълумотларга асосланиб, шу ҳақида хабар берди.

Шунингдек юқорида қайд этилган байрам кунлари авиа ва темир йўл чипталари, шунингдек меҳмонхоналар, кафе ва ресторанларда махсус чегирмалар йўлга қўйилади. 

Ички туризмни ривожлантиришга доир "Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!" дастурини амалга ошириш ишлари бошлаб юборилган. Дастур барча ёш тоифасидаги кишиларга мўлжалланган. 

Йирик ташкилотлар қошида экскурсиялар ва турларни ташкил қилиш бўйича тузилмавий бўлимлар ишга тушади. Масалан, Ёшлар иттифоқи "Ёшлар туризм агентлиги" турагентлигини ташкил қилиш ташаббуси билан чиқди, Касаба уюшмалар Федерацияси Кенгаши қошида "Касаба сайр" туркомпанияси фаолият юритади, Хотин-қизлар қўмитаси қошида "Нафис саёҳат" турагентлиги ишга тушади, "Нуроний" жамғармаси қошида - "Саёҳат Нуроний" ва "Маҳалла" фонди қошида "Маҳалла сайр" туркомпаниялари ва ҳ.к.

Ички туризмни ривожлантиришга халақит берувчи муаммолардан бири - туристик объектлар ҳақидаги маълумотларнинг йўқлиги. Самарқанд, Бухоро ва Хивадан ташқари зиёрат қилиш мумкин бўлган бир неча жойлар айтилмоқда. Шу боис барча сайёҳлик объектларининг паспортлари ишлаб чиқилади ҳамда "Ўзбекистоннинг сайёҳлик ресурслари" интернет-портали ишга туширилади. 

Дастурнинг аҳамиятга молик жиҳатларидан бири саёҳатни амалга ошираётган фуқаролар учун солиқ имтиёзлари комплекси жорий қилиниши бўлиб, бундан ташқари, ўз ходимларининг саёҳатга чиқишини ташкиллаштирган иш берувчиларни рағбатлантириш режалаштирилмоқда. 

Мавзуга оид