Жаҳон | 07:58 / 20.01.2018
31585
2 дақиқада ўқилади

Довул вақтида самолётнинг моҳирона қўндирилиши интернет аҳлини лол қолдирди (видео)

Германияга ёпирилган “Фридерике” довули вақтида Дюссельдорф аэропортига йўловчи самолётининг қўндирилиши интернет фойдаланувчиларини ҳам бироз ташвишлантирди, ҳам лол қолдирди. Ушбу ҳолат видеоси YouTube’да жойлаштирилди.  

Видеога қолдирилган изоҳда таъкидланишича, Болоньядан келаётган Eurowings авиакомпанияси самолёти аэропортга кириб келаётганда шамол тезлиги 110 км/соатгача етган. Учувчи самолётни бундай экстремал шароитларда ҳаттоки иккинчи айланани бажармай, бир уринишда қўндира олган. Видеода самолёт кучли шамол сабабли чайқалаётганини кўриш мумкин.    

Видеога қолдирилган изоҳларда фойдаланувчилар учувчининг маҳоратини юқори баҳолашган.

“Учувчи олдида шляпамизни ечамиз”, деб ёзган бир фойдаланувчи.

Яна бир фойдаланувчи “Яхши иш. Умид қиламанки, уни тақдирлашади”, деб фикр билдирган.

Баъзи фойдаланувчилар эса роликни томоша қилиш вақтида қўрқувдан ўзларини ёмон ҳис қилганларини тан олишган.

“Биргина видеонинг ўзидан оёқларим қалтираб, баданимни муздек тер босди”, деб айтган бир фойдаланувчи.

“Жин урсин, йўқ! Мен турбулентликка тушганману, бироқ бунақасини кўрмаганман. Бу видео даҳшат”, деб изоҳ қолдирган яна бир фойдаланувчи.

18 январда Германияда “Фридерике” довули сабабли тревоганинг қизил даражаси эълон қилинганди. Тоғли ҳудудларда шамол тезлиги 200 км/соатдан кўпроққа етган. Довул 200дан кўпроқ темир йўл изларига шикаст етказган. Маълум қилинишича, ушбу довул Германияга 2007 йилда ёпирилган “Кирилл” довулидан кейин кучлилиги бўйича 2-рақамлиси бўлди.

Мавзуга оид