Жаҳон банки бош ижрочи директори: "Бу йил ўзбеклар чемпионлар орасида!"
Куни кеча Жаҳон банки бош ижрочи директори Кристалина Георгиева билан эксклюзив интервью ўтказилди. У Ўзбекистондаги ислоҳотлар, хорижий инвестициялар, мамлакат имкониятлари, ёшлар шижоати каби мавзулар ҳақида сўзлаб, ушбу ташрифдан катта таассурот олганини таъкидлади. Интервью Ўзбекистон Президентининг Facebook'даги саҳифасида тақдим этилди.
"Ўзбекистонда бўлмаганимга 20 йилдан ошибди. Мамлакат жуда яхши томонга ўзгарган. Бугун бизнинг 2 миллиард долларлик лойиҳаларимиз бор, айниқса, қишлоқ хўжалиги ва сув таъминотига доир. Бироқ сўнгги йил жуда фаол бўлди. Ўзбекистоннинг уни яхши томонга ўзгартиришга сиёсий иродаси етарли давлат раҳбари бор. Учрашувимиз давомида у инсон менда жуда кучли таассурот қолдирди", - дейди Жаҳон банки ижрочи директори.
Кристалина Георгиева валюта курси либерализацияси унинг тўғри эканини исботлаётганини қайд этди.
"Биз бизнес вакиллари билан суҳбатлашдик ва улар иқтисодиётнинг очилаётгани ҳамда савдо-сотиқ ривожланиши имкониятлари ҳақида айтишди. Биз мамлакат иқтисодиётининг ўсиши 5,6-5,7 фоиз бўлишини кутяпмиз. Бу жаҳон иқтисодиёти фонида етарлича баланд кўрсаткичлар. Бироқ мамлакат ундан-да шиддатли ривожланиш, ишбилармонлар учун шарт-шароитлар яхшиланиши, кўпроқ хорижий инвестиция киритиш, мамлакат аҳолиси ўз истеъдодини кўпроқ намоён қилиш имкониятига эга бўлиши тарафдори", - қўшимча қилди у.
"Ўзбеклар - ишбилармон халқ. Уларга ўзларини намоён қилиш имконини бериш керак. Биз мамлакат ҳаётида иштирокимизни сезиларли даражада оширишга тайёрмиз", - дейди К.Георгиева.
Унинг сўзларига кўра, келгуси икки ҳафта директорлар кенгашига 800 миллион долларлик лойиҳа тақдим этилади.
"Биз ислоҳотларнинг жиддийлигига ишонамиз ва уларни қўллаб-қувватлашга тайёрмиз. Биз Президент билан ташкилотимиз фаолияти, унинг бутун дунё мамлакатларидаги иштироки, шароитларга қайта мослашган мамлакатлар иқтисодиётлари, инвестицион иқлимни яхшилаш, аёллар ва эркакларнинг ўзини намоён қилиши учун шароитлар яратиш, ҳақида суҳбатлашдик. Жуда қизиқ, келгусида Ўзбекистонда буларнинг бари қандай амалга ошишини кўриш учун яна кўп марта бажонидил келаман", - дейди Георгиева хоним.
Шунингдек, Жаҳон банки ижрочи директори Ўзбекистон - ёш мамлакат экани, улар учун эса мамлакат келажакка - рақамли иқтисодиёт, тезкор интернет, ўз истеъдодини намойиш қилишга кўпроқ имкониятга эга бўлиш ва бутун дунёда рақобатбардош бўлишга йўналтирилган бўлиши муҳимлигини таъкидлади.
"Бу осон иш эмас, лекин ишонч ва мобиллашув бор жойда, юқорида - сиёсий ирода, пастда эса - ижобий ёндашув бўлган жойда бунинг иложи бор. Одамларнинг мамлакат келажагига ишончини оширгани менда кучли таассурот қолдирди", - дейди у.
Ўзгаришлар осон бўлмаслиги, лекин уларга эришилишига ишончи кучли эканини қайд этган Георгиева хоним, ўзбеклар ишнинг кўзини билишини таъкидлади. Унинг айтишича, Жаҳон банки офисида фаолият юритадиганлар орасида ўзбеклар кўп, улар нафақат умидини узмай меҳнат қилади, балки уларнинг кўзларида ижобий ёндашув, шижоатни кўриш мумкин.
Шу ўринда ижрочи директор бутун умр ўқиб-ўрганиш кераклиги ва болаларга ҳам шуни ўргатиш кераклиги муҳим эканини таъкидлади.
"Ривожланган мамлакатларда нимани кўрамиз? Айнан мослашувчанлик, ҳар қандай шароитда ишлашга тайёрлик, ўзгаришларга ижобий ёндашув, уларнинг яхшилик томонга эканига ишониш - рақобатбардош дунёда ғолибларга хос хусусиятларни белгилаб беради. Ўзбекистонга чемпионлар орасида бўлишни тилайман.
Дарвоқе, бизда Doing Business таснифи бор - Ўзбекистон сўнгги йилда етакчи ўнталикка кирди, у шу йилнинг чемпионлари орасида! У юқорига кўтарилди ва бу ўзгаришлар учун жуда яхши индикатор", - деди Кристалина Георгиева ва Ўзбекистонга самимий тилакларини билдириб қолди.
Мавзуга оид
17:27 / 06.11.2024
Жаҳон банки иқлим ўзгаришининг қишлоқ хўжалигига таъсирини баҳолади
22:46 / 26.10.2024
Дунёдаги энг нуфузли бизнес-индекс тикланди
17:43 / 18.10.2024
“Қарз олинганига яраша, иқтисодий кўрсаткичлар барқарор бўлиши лозим” — Жаҳон банки катта иқтисодчиси
08:20 / 18.10.2024