Жамият | 17:24 / 24.01.2018
15334
3 дақиқада ўқилади

Раҳбарнинг талаби

Раҳбар лавозимида ишлаган инсондан доимо ҳалоллик ва фидойилик талаб қилинади. Бу бежиз эмас. Бу борада нотўғри қилинган иш давлат ва фуқаролар ўртасидаги муносабатларнинг бузилишига сабаб бўлиши мумкин.

Қолаверса, раҳбар нафақат ҳалол, балки масъулиятли ҳам бўлиши керак. “Қуйичирчиқтумангаз” филиали бошлиғи вазифасини вақтинчалик бажарувчи лавозимида ишлаган Фаррух Зарипов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ана шу тартиб-қоидаларни яхши биларди. Лекин у мансаб ваколатидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиб қолмоқчи бўлди, деб ёзмоқда “Ҳуқуқ” газетаси.

Фуқаро Жавоҳир Бўтаев яхши ният билан тегишли тартибда давлат рўйхатидан ўтиб, “Private Fire Service” МЧЖни ташкил қилади. Жамият асосий фуқаролар хонадонларининг иситиш тизимини таъмирлаб, куз-қиш мавсумига тайёрлаш билан шуғулланарди. Яъни Ж.Бўтаев раҳбарлигидаги жамият ишчилари уйларнинг иситиш тизимини давлат томонидан жорий қилинган қонун-қоидалар асосида ишлатилишига мослаштирар, унинг созлиги, табиий газ қувурларига уланиши мумкинлиги ҳақида далолатнома тузиб, тумангаз идорасидан рўйхатдан ўтказарди.

Аввалгидек, бу сафар ҳам бир неча хонадонда шу каби ишларни амалга оширган Ж.Бўтаев далолатномалар тузиб, тумангаз идорасига олиб келади. Бироқ бошлиқ вазифасини вақтинча бажараётган Ф.Зарипов далолатномаларни қабул қилмайди. Бунинг сабабини сўраганида 200 АҚШ доллари берса, бундан буён келишиб ишлаши ҳақида жавоб олади. Пулни келтириб бермаса, иши битмаслигини тушунган Жавоҳир бир неча кун ичида сўралган пулни келтириб беришини айтиб, хонадан чиқиб кетади.

Раҳбарнинг талаби ноқонуний ва жиноят эканлигини тушунган Ж.Бўтаев бу ҳақда тегишли жойга ариза билан мурожаат қилди.

СВОЖЖДЛҚК департаментининг Қуйичирчиқ туман бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Ф.Зарипов жабрланувчидан талаб қилинган пулларни олган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Жиноят ишлари бўйича Қуйичирчиқ туман суди томонидан Ф.Зариповга беш йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Мавзуга оид