Жамият | 13:22 / 24.01.2018
30554
4 дақиқада ўқилади

Тошкент бозорларида саратон келтириб чиқарувчи болалар ўйинчоқлари сотилаётгани аниқланди 

”Ўзстандарт” агентлиги пойтахт бозорларида саратон касаллигини келтириб чиқарувчи болалар ўйинчоқлари сотилаётганлигини аниқлади. Бу ҳақда агентлик ахборот хизмати хабар бермоқда.

Қайд этилишича, “Ўзстандарт” агентлиги, “Ўзбекистон Истеъмолчилар Ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси” билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида жойлашган “Ўрикзор” бозорида сотилаётган болалар ўйинчоқларини белгиланган талабларга мувофиқлигини аниқлаш мақсадида, қуйидаги болалар ўйинчоқларининг хариди амалга оширилган.

Юқорида кўрсатилган маҳсулотлар Вазирлар Маҳкамасининг “Сертификатлаштириш тартиботлари ва сифат менежменти тизимларини жорий этишни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорининг 1-иловасида келтирилган мажбурий сертификтланадиган маҳсулотлар рўйхатига киритилган бўлсада, маҳсулотларнинг сифати ва хавфсизлигини тасдиқловчи мувофиқлик сертификати ва санитар-эпидемологик хулосаларисиз сотилаётганлиги аниқланди.

Афсуски, харид қилинган болалар учун ўйинчоқлар меъёрий ҳужжатлар талабига номувофиқ, деб топилди.

Меъёрий ҳужжат ГОСТ 25779-90 “Ўйинчоқлар. Умумий хавфсизлик талаблари ва синов усуллари”нинг талаби бўйича ўйинчоқларда бурмалар ва ёриқлар бўлмаслиги керак.

Республика ССМ ДК қошидаги синов мажмуасининг синов натижаларига кўра, барча ўйинчоқларда бурма ва ёриқлар мавжудлиги аниқланди.

Юқорида аниқланган бурма ва ёриқлар болаларнинг қўл териси ва тана қисмларининг шикастланишига олиб келади.

Меъёрий ҳужжат СанПиН 0287-10 “Болалар соғлиги учун ўйинчоқлар хавфсизлигига қўйиладиган санитария-гигиена талаблари.” бўйича формальдегид миқдори 0,003 mg/m3 бўлиши керак, аммо Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббиёт санитария бирлашмаси санитария-эпидемиология станцияси қошидаги аккредитатланган синов лабораториясининг синов натижаларига кўра юқоридаги ўйинчоқларда 0,031 mg/m3, яъни меъёрий ҳужжат кўрсаткичидан болалар ўйинчоқлари ўн баравар юқорилиги аниқланди.

Умумжаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилотига қарашли Саратон касаллигини ўрганиш агентлигининг хабарига кўра формальдегид инсон организмида саратон касаллигини келтириб чиқарувчи асосий омил ҳисобланади.

Айниқса болалар организми ҳар хил заҳарлар билан курашиш учун заиф бўлганлиги учун формальдегид бола танасида тўпланганда йўталиш, гижжалар, бронхиал астма каби касалликни жадал ривожланишига олиб келади. Бундан ташқари, ранг ўзгариши, толиқиш, нафас қисиш, бош оғриғи, уйқусизлик ва ҳаттоки онгининг заифлашишигача олиб келади. Буларнинг барчаси организмда формальдегид тўпланиши натижасида юзага келади.

Агентлик истеъмолчиларга тавсиялар ҳам берди.

Ота-оналар томонидан болаларга ўйинчоқ харид қилиш жараёнида огоҳ бўлишлари ва ўйинчоқни харид қилишдан олдин, фойдаланиш тавсияномасини ва ундаги огоҳлантирувчи ёзувларни ўрганиб чиқишлари тавсия этилади. Энг муҳим омиллардан бири бу боланинг ёшини инобатга олишдир, чунки майда қисмлардан ташкил топган ўйинчоқлар бола организмига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.

Шу йўсинда болалар ўйинчоқларини танлашда қуйидагиларга эътибор қаратиш лозим:

-Ўйинчоқни бузилмаган қадоқда бўлиши;
- Қадоқ ёрлиғидаги маълумотлар давлат тилида, фойдаланиш тавсиялари кўрсатилган ҳолда, қандай хом ашёлардан тайёрланганлиги (пластмасс, резина, ёғоч ва х.к) ва мажбурий тарзда ишлаб чиқарувчи тўғрисида маълумотлар бўлиши шарт.
- Ўйинчоқлардаги кучли ҳид ва бўёқларни қўлга юқиши ота-оналарни ҳушёрликка чақириши лозим. Бу ҳолатда ишлаб чиқарувчилар томонидан хавфсиз бўлмаган бўёқлар ишлатилган бўлиши ва технологик жараён бузилган бўлиши ҳам мумкинлигини англатади. Сифати шубҳали ўйинчоқлар болаларнинг соғлиғига жиддий зарар етказиши мумкин.
- Агар сиз сифатсиз ўйинчоқ маҳсулотларини харид қилган бўлсангиз (бўёғи қўлга юқадиган, кимёвий ҳидга эга, ёрлиғи бўлмаган ёки ёрлиғида тўлиқ маълумот берилмаган, мувофиқлик сертификатига эга бўлмаган ва х.к.) “Ўзстандарт” агентлигининг ишонч телефонига (1502300) ёки “Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Федерацияси”нинг ишонч телефонига (1091) мурожаат қилиш сўралган.

Мавзуга оид