Спорт | 10:30 / 26.01.2018
16880
8 дақиқада ўқилади

«Эмирейтс»дан қочиш: Лондон шимолини пул ва соврин учун тарк этган юлдузлар

Ўтган ҳафтада Алексис Санчес ва Генрих Мхитарян рокировкаси расман эълон қилинди. Ҳар икки ўзгариш эътиборга молик бўлса-да, асосий урғу Санчесга қаратилаётганининг сабаби маълум. Чунки Мхитарян қайсидир маънода «Олд Траффорд»даги муваффақиятсизлик ва таркибга кира олмаганидан «Арсенал»га ўтаётган бўлса, Санчес Лондон жамоасининг етакчиси эди. У ўзининг қарорини совринлар ютиш орзуси билан изоҳлар экан, ўз вақтида «Арсенал»ни тарк этган футбол юлдузларини ҳам эслаб ўтди. Келинг, биз ҳам шундай қиламиз.

1999 йил. Николя Анелка. «Реал» Мадрид

Бугунги ёш мухлисларнинг ақлига сиғмаслиги мумкин, лекин 1997 йилда Анелка Арсен Венгер жамоасига «ПСЖ»дан қочиб келганди. Ўшанда Николя атиги 17 ёшда эди. Илк мавсумда франциялик ҳужумча майдонга кўп тушмади, аммо жуда юқори савияда ўтган иккинчи мавсум оқибатида мадридликлар уни кўз остига олиб қўйишди.

Анелка ўз ниятини яшириб ҳам ўтирмади ва ҳатто 22 миллион фунтлик трансфер амалга оширилгач, Лондонда жуда қийналганини, Англия футболи унга бутунлай тўғри келмаганини очиқ ойдин тан олганди.  

2006 йил. Эшли Коул. «Челси»

Анелканинг ҳолати ўша давр учун алоҳида бир воқеа эди, зеро «Арсенал» Англиянинг энг кучли икки жамоасидан бири, кейин ҳам ажойиб мавсумларни ўтказиб, мамлакат чемпиони бўлганди. Эшли Коул воқеаси кейинги трендни очиб беради - сўнгги ўн йилликда «Арсенал»ни кўпроқ яхши шароит ва совринлар ютиш илинжида тарк этмоқдалар.

Аксарият «Арсенал» мухлислари ҳалигача Коулни кечиришмайди. Ахир Коул жамоа таркибида уч кубок ва икки чемпионликни қўлга киритган, бунинг устига клуб тарбияланувчиси, ким билади, яқин келажакда жамоа сардори бўлиши мумкин эди. Аммо «Челси» томонидан қилинган ажойиб маошни рад қилолмади ва чамадонларини йиғиштириб, Лондоннинг нариги стадионига йўл олди. Шимолликлар эса, уни Кешли Коул деб атай бошлади. «Кэш» инглизчада «ҳамён», «пул» маъноларини беради.

Коул «Челси»да тўрт марта Англия кубогини, Премьер Лига ва Лига кубогини, Европа Лигаси ва Чемпионлар Лигасини ҳам ютиб олди. Бунинг учун эса ажойиб бонусларга эга бўлди.

2009 йил. Эмануэль Адебайор. «Манчестер Сити»

Адебайор «Эмирэйтс»да тўрт йил ўтказиб, бирорта ҳам соврин юта олмади. Аммо 2007/08 мавсумида 24 гол уриб, АПЛнинг энг яхши ҳужумчиларидан бири сифатида эътироф этилганди. Яна нима керак?

Йўқ. Адебайор «Манчестер Сити» таклифига рози бўлди ва ўзидан кейинги бир қатор футболчиларга ўрнак бўлди. Ҳатто «Арсенал» дарвозасига гол уриб, голни «Арсенал» мухлислари ёнига бориб нишонлади ҳам. Футболчининг кейинчалик, «Тоттенҳэм» сафида ҳам ўйнаганини эътиборга олсак, унга бўлган нафратни тасаввур қилиб олиш қийин эмас.

2009 йил. Хабиб Коло Туре. «Манчестер Сити»

2002 йилда ҳеч ким билмайдиган АСЕК Мимосас клубидан сотиб олинган Коло Туре «Арсенал»да юлдуз бўлганди. Африкалик футболчи жамоа сафида 300дан ортиқ ўйинда майдонга тушди ва ўша 2003-04 даги «енгилмас жамоа» таркибида ҳам ўз ўрнига эга эди.

Аммо «Арсенал» соврин ютишни тўхтатгач, «Манчестер Сити» сафига бориб қўшилди. Ҳимоячи у ерда ҳам йўқолиб қолмади ва 2011/12 йилда мамлакат чемпиони бўлди. Унинг укаси Яҳё Туре ўша таркибнинг етакчи футболчиси бўлганини ҳаммамиз биламиз.

2011 йил. Сеск Фабрегас. «Барселона»

Сеск Барселонада туғилган, «Ла Масия» тарбияланувчиси ҳисобланади. Айнан шунинг учун «Барселона» чақирганда Фабрегаснинг боши айланиб қолди ва кўзига ҳеч нарса кўринмади. Ахир, Сеск Месси, Бускетс каби футболчилар билан бирга катта бўлганди. Арсен Венгер уни олиб қолишни уддалай олмади. Ҳамма йиғлади.

Сеск «Барселона» билан бирга икки марта Испания суперкубогини, Копа дел Рей ва Испания чемпионатини ютиб олди. Кейинчалик у Англияга қайтди, аммо «Арсенал» унга мос таклиф бера олмагач, «Челси» ўйинчисига айланди. У ерда ҳам Фабрегас икки марта Англия чемпиони бўлди. «Арсенал»даги саккиз йилда у фақат бир марта Англия кубогини ютганди холос. 

2011 йил. Самир Насри. «Манчестер Сити»

«Эмирайтс»даги уч мавсумдан кейин мухлислар ёқимтойига айланган Насри инжиқликларни бошлади ва шуғулланишни камайтириб юборди. Футболчини даволаган воқеа эса, унинг «Манчестер Сити» таркибига бориб қўшилгани бўлди.

Яна ўша пуллар ҳақида гапира бошладилар, аммо Насри Манчестерда икки марта мамлакат чемпиони ва Лига кубогини ҳам ютиб олди. Насридан сўрасангиз, шу совринлар учун ўтгандим дейди албатта.

2011 йил. Гаэль Клиши. «Манчестер Сити»

2011 йилда «Манчестер Сити» Чемпионлар Лигаси йўлланмасини «Тоттенҳэм»га бой бергач, «Арсенал»нинг сўнгги қонлари Самир Насри ва Гаэль Клиши аввалги шериклари очиб қўйган йўлакдан юриб, «шаҳарлик»ка айланган эдилар.

Клиши Франциянинг «Кан» клубидан трансфер қилинган. У пайтларда жуда ёш бўлса-да ҳам 2003/04 йилги мавсумдаги Олтин таркибда эпизодик роллардан бирини ижро этган ҳам. Шунингдек, 2005 йилда Англия кубоги соҳиби бўлганди.

Манчестерда эса, Клиши илк мавсумдаёқ АПЛ чемпиони бўлди. Икки йил ўтиб натижа яна такрорланди. Орада бир марта суперкубок ва икки бор Лига кубоги ҳам ютиб олинди.

2012 йил. Робин ван Перси. «Манчестер Юнайтед»

Робин «Арсенал» сафида 277 ўйинда 132 гол урганди. «Ҳали сен қандай зўр футболчини сотиб олаётганингни билмаяпсан» деганди Венгер савдо пайтида Фергюсоннинг қўлини сиқиб қўяётиб.  

Ван Персининг кетиши «Арсенал» мухлислари учун кутилаётганди, чунки футболчи янги шартномани рад қилган, «Ювентус» у билан жиддий қизиқиб қолганди. Аммо сўнгги паллада «МЮ»нинг пайдо бўлиши ва Робиннинг истаги «Арсенал»га энг яхши футболчисини энг асосий рақибига бериб юборишга мажбур қилди.

20-рақамни олган голландиялик ҳужумчи 30 ўйинда 26 гол уриб, «Манчестер Юнайтед»ни 20-маротаба Англия чемпионига айлантирди. 

2018 йил. Алексис Санчес. «Манчестер Юнайтед»

Ўтган йилнинг ёзида Санчес жамоада қолиш нияти йўқлигини очиқ айтган ва ҳатто «Манчестер Сити» билан барча масалада келишиб ҳам бўлганди. Аммо трансфер амалга ошмай қолди, январнинг илк кунларида эса, жуда катта таклиф билан «Манчестер Юнайтед» пайдо бўлди. Маълум бўлишича, Алексис ёшлигидан «Юнайтед»да тўп суришни орзу қилган экан. Футболчиларнинг ёшлигида орзу қилган жамо сафига келиб қўшилишлари ҳолати дунёдаги муҳаббат тарихларидан ҳам кўп. Қизиғ-а?

Яқинда 29 ёшга кирган футболчи Чемпионлар Лигасида қатнашаётган жамоа сафига келиб қўшилди ва жамоаси билан бу турнирда ғалаба қозонмоқчи эканини айтди. Кўрамиз.

Мавзуга оид