Ўзбекистон | 12:20 / 26.01.2018
18375
2 дақиқада ўқилади

Иқтисодий процессуал кодекс тасдиқланди. Қандай ўзгаришлар бор? 

Фото: Fotolia

Ўзбекистонда Иқтисодий процессуал кодекс тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг ижтимоий тармоқдаги “Ҳуқуқий ахборот” каналида хабар берилган.

Кодекс замон талабларини ҳисобга олган ҳолда, шунингдек қонун ҳужжатларида мавжуд камчиликларни бартараф этиш мақсадида такомиллаштирилган амалдаги Хўжалик процессуал кодекси нормаларига асосланиб ишлаб чиқилган.

Кодекс билан қуйидагилар:

судга мурожаат қилиш шакллари (даъво аризаси,шикоят, (протест), тақдим) тартибга солинган;
суд мажлисида аудио ва видео қайд этиш имконияти назарда тутилган;
хорижий судлар ва арбитражлар қарорларини эътироф этиш ҳамда ижро этиш тўғрисидаги ишларни, шунингдек юридик аҳамиятга эга бўлган ҳолатларни белгилаш ҳақидаги ишларни кўриб чиқиш тартибини белгиловчи боблар киритилган;
фуқаролик судларида бўлганидек, айрим низоларни кўриб чиқиш вилоят даражасидаги  судларнинг судловига киритилган (чет эллик шахслар - норезидентлар иштирокидаги ишлар; хорижий судлар ва арбитражлар қарорларини эътироф этиш ҳамда ижро этиш тўғрисидаги ишлар);
низоларни тезликда кўриб чиқиш мақсадида судловнинг умумий қоидаси ўзгартирилган (юридик шахслар ва якка тартибдаги  тадбиркорларга даъволар улар рўйхатдан ўтказилган жой бўйича судга тақдим этилади);
давлат органларининг хусусий мулкчилик муносабатларига жалб этилишини чеклаш мақсадида прокурор устав жамғармасида давлат улуши бўлмаган  шахсларнинг ёзма розилиги бўлгандагина уларни ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилишга ҳақ эканлиги назарда тутилган;
Фуқаролик процессуал кодексида бўлганидек, шартлашилган (ихтиёрий) вакиллар рўйхати келтирилган, шунингдек судда вакил сифатида ишларни кўриб чиқиш бўйича профессионал фаолият билан фақат адвокатлар шуғулланишлари мумкинлиги белгиланган;
солиқ бўйича қарздорликни қарздорнинг мол-мулкига қаратишга доир суд тартиби чиқариб ташланган, чунки бундай ишлар одатда тортишувга ўрин қолдирмайди;
назорат инстанциясида суд ҳужжатини қайта кўриб чиқиш тартиби такомиллаштирилган.

Кодекс 10 апрелдан эътиборан кучга киради.

Мавзуга оид