Спорт | 19:21 / 27.01.2018
37724
5 дақиқада ўқилади

Ғолиблар

Фото: The-afc.com

Қувончга шерик бўлиш ва ҳамдардлик ҳаётда жуда муҳим ва инсонларни бирлаштира оладиган куч, менимча.

Якка спорт турларида муваффақият қозониш имконияти кўпроқ, умуман, ўша спорт турларидаги муваффақиятларимиз салмоқлироқ бўлса-да, негадир эътибор барибир жамоавий спорт ўйинларига тортаверади ҳаммамизни. Бир ярим йил муқаддам бундан кам бўлмаган онларни тақдим этган боксчи укаларимизнинг хизматлари бош устига, аммо барибир, футбол бошқача.

Нега биласизми?

Мен ҳам бу ҳақида кўп ўйламасдим, аммо футболчиларимизнинг финалдан кейин ғалабани қандай нишонлаётганликларини кўриб, барчасини тушунгандек бўлдим. Футболда юқорида тилга олинган шериклик бор. Муваффақиятдаги шериклик. Тасаввур қилинг, сиз футболчисиз ва чемпион бўлдингиз – атрофингизда худди сиз каби футболчи ва чемпион бўлган шерикларингиз бўлади. Улар ҳам худди сиз ўйлаган нарсаларни ўйлаяпти, уларнинг шу тобдаги ҳис-туйғулари сизники билан айни – шундай инсонларнинг кўп бўлиши ва улар билан бирга бу туйғуларни баҳам кўриш – ажойиб. Ҳамма бир муваффақиятли инсон атрофида тўпланмайди, аксинча, бу муваффақиятларнинг барчаси биргаликдаги меҳнат натижасида юзага келганини ҳамма билиб туради.

Инсон ўз муваффақияти майдондаги шеригига ҳам боғлиқлигини ҳис қилади. Унинг самарали ҳаракати сенга ғалаба олиб келади, сенинг голинг туфайли, у ҳам медаль тақади, зўр-а?

Менга инвидиуаллик ғоясидан кўра, жамоавийлик кўпроқ ёқади. Қаҳрамонлик нима? Ҳолливуд фильмларини кўринг. Қаҳрамон қаршисида пайдо бўлган қийинчиликларни мардонавор енгиб ўтади ва маррага етиб келади. Китобларни ўқинг. Камбағаллар кварталида туғилиб, туфли тозалаб, майда-чуйда сотиб катта бўлган етимнинг ишбилармон миллиардерга айланиб қолиш ҳикояси. Эсладингиз-а? Инсон тақдир фақат ва фақат ўзига боғлиқ экани ҳақидаги сафсатани исботловчи юзлаб воқеа. Манови ёки анови ишларни амалга оширасиз ва сиз ғолибсиз. Лекин атрофда буни амалга ошира олмаган ёки ошириб-да, омадсизликка учраганлар ҳақида лом-мим йўқ. Омадсизми улар?

Бир неча йил олдин АҚШда югуриш бўйича мусобақа ўтказилди. Қандайдир хайрия тадбири эди. Турли мамлакатлардан ташриф буюрган ўн икки ҳаваскор яқин масофага пойгада иштирок этди.

Масофанинг ярмига келганда, пойгачилардан бири кутилмаганда қоқилиб тушади. Эхтиётсизликдир сабаби. Пойга давом этяпти. Қолган ўн бир қатнашчи бор-ку, тўғрими? Аммо сафнинг энг олдида бораётган бир қиз ортга қайтади, йиқилган йигитнинг қўлидан тутади.

Томошабин ҳайрон. Йигит оёғини ерга боса олмасди. Икки қадам қўйиб, яна ўтириб олади. Кейинги иштирокчи келиб, йигитнинг елкасидан тутади. Учинчиси олдинга етаклай бошлайди. Томошабин ҳайрон. Нима бўляпти? Қаҳрамонлик ғояси нима бўлади?

Ўн бир иштирокчи шикастланган ўн иккинчи шеригини (шерикмиди улар?) етаклаганча, манзил томон кетаётганди. Кимнинг ғолиб бўлиши ҳақидаги асосий савол ўртадан кўтарилди. Ҳар йили янгиланадиган турнир рекорди бу сафар собит қолиши ҳақида ҳеч ким ўйламай қўйди. Уларни манзилдан фақат вақт ажратиб турарди холос. Шуниси аниқки, ўша вақт, албатта, ўтади ва пойгачилар манзилга етиб келадилар. Биргаликда! Ҳаммаси!

Томошабинга қизиқми бу? Қизиқ экан. Негадир деярли ҳамма ўрнидан туриб олган, гуруҳнинг манзилга етиб келишини кутарди. Аслида нима мақсадда йиғилганликлари, аммо бутунлай бошқа манзаранинг гувоҳи бўлаётганликлари энди уларни мутлақо қизиқтирмас, жараённинг ўзи барчага завқ бағишларди.

Ёшлар бир амаллаб манзилга етиб келишди. Ҳеч ким секундомерга қарамади. Ҳеч ким қаҳрамон бўлмади. Омадсиз йўқ, Мағлуб ҳам йўқ. Қаҳрамон йўқ. Лекин барча уларни тўхтовсиз олқишларди. Ғолиблар бор эди. Ўша куни бу атама урфга кирди. Бутун умри давомида ўша қаҳрамонлик мафкурасида улғайган инсон ўзини ўзи кашф қилди. Аслида нима кераклигини тўлиқ англаб етди. Рақобат деганда ривожланишнинг олий тафаккурини тушунадиган халқ энди, муваффақият калити аслида бутунлай бошқа ғояда эканини тушунди.

Жамоавий спорт туридаги ғалабалар менга доим ўша воқеани эслатиб юборади. Айниқса, терма жамоа миқёсида бўлса... Бундай ғалабалар биз ҳам биргаликда бирор ишни муваффақиятли якунга етказа олишимизни, биз ҳам бирлаша олишимизни, қўлимиздан нимадир келишини исботлагандек бўлаверади доим.  Барчани табриклайман.

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид