Жаҳон | 21:55 / 31.01.2018
33938
2 дақиқада ўқилади

Бугун Супер Ойнинг тўлиқ тутилиш ҳодисаси кузатилди

Бугун Ой тақвимида уникал кун ҳисобланади, Бир вақтнинг ўзида Ойнинг тўлиқ тутилиши, Супер ой ҳодисаси кузатилди. Ўзбекистондан туриб бу сафар кузатилаётган мазкур табиат ҳодисаси Ой у чиқаётган вақтга тўғри келди.

Ер ва унинг табиий йўлдоши Ой ўртасидаги масофа Ойнинг эллиптик орбитаси сабаб 357 минг километрдан 406 минг километргача ўзгариб туради. Тўлин Ой томонидан перегийдан ўтилаётганида Супер Ой ҳодисаси кузатилади ва бунда Ой энг узоқ масофа — апогейда бўлганидан кўра диаметри 14 фоизга каттароқ, ёрқинлиги эса 30 фоизга кўпроқ кўринади.

Ойнинг тутилишида Ой ва Қуёш ўртасига Ер тушиб қолади. Бу ҳодиса албатта тўлин Ой шароитида юз беради. Ой тўлиқ ёки қисман тутилиши мумкин. Тўлиқ тутилишда Ернинг сояси Ой сиртини тўлиқ қоплайди ва у қизғиш тусга киради. Ойнинг кўздан йўқолиб қолмаслигига сабаб, Қуёш нурларининг Ер атмосферасидан синиб, Ой сиртини ёритишидир. Шу сабабли у шафақ тусини олади.

Сўнгги марта 2015 йилнинг 27 сентябридан 28 сентябрига ўтар кечаси Супер Ойнинг тўлиқ тутилиш ҳодисаси кузатилган. Лекин уни асосан Америка қитъаси томоша қилган.

Кейинги Ой тутилиши 2018 йил 27 июлга тўғри келади ва у Ўзбекистон ҳудудидан бемалол кузатилади. Қайд этиш жоизки, кейинги сафар ҳам Ой тўлиқ тутилади.

Мавзуга оид