Жамият | 00:10 / 04.02.2018
185875
2 дақиқада ўқилади

1100дан ортиқ талабалар ўқув биносидан чиқарилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев имзолаган «Тошкент вилоятида саноат ишлаб чиқариш соҳаси учун муҳандис-техник кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорга мувофиқ 2018 йилда Россиянинг Федерал давлат автоном олий таълим муассасаси “Миллий технологик тадқиқотлар университети «МИСиС»нинг Олмалиқ филиали ташкил этилиши кутилмоқда. 

Шунингдек, қарор билан Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Олмалиқ филиали ҳам ташкил этилган бўлиб, филиал аллақачон фаолиятини бошлаган.

Шу кунларда ТДТУ Олмалиқ филиали раҳбарияти ва талабаларига ўз биносидан чиқиш айтилган. Шу муносабат билан 1100дан зиёд талаба ва устозлар шаҳардаги академик-лицей ҳамда касб-ҳунар коллежига чиқиб кетишга мажбур.

Аслида 580 ўринга эга, айни пайтда 940 нафар ўқувчи таҳсил олаётган Олмалиқ иқтисодиёт-сервис коллежи маъмурияти қийин вазиятдан қандай чиқишни ўйламоқда.

«Икки сменали ўқув тартибини жорий этиб, тез кунларда 11та гуруҳ талабаларини амалиётга чиқариб юборамиз. Икки ойдан сўнг, 3-курс талабалари ҳам амалиётга чиқади. Шу билан тирбандликка ечим қидирамиз», дейди коллеж ўқитувчиси.

Университет ўқитувчилари эса дарсларини ўз вақтида ўтиш учун икки бино орасида сарсон бўлади. Табиий савол: «МИСиС» очилиши шарофати билан шунча оворагарчиликни яратиш, қолаверса, давлат раҳбари имзолаган қарорни амалда салбий фонда қолдириш керакми?

Мавзуга оид